Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:25

Фермерлар уюшмаси кенгашга айлантирилади


Бу қарор натижасида фермерлар ишини назорат қилувчи ва улардан ойлик бадални ундирувчи уюшма яна 486 ходимга кенгайиб, унинг ҳар бир туманда 20 тадан вакили пайдо бўлади.


"Сафимиз кенгаймоқда"

Ўзбекистон Фермерлар уюшмасидан олинган маълумотга кўра, президент Ислом Каримовнинг 22 октябр куни матбуотда эълон қилинган қарори асосида уюшма сафи яна 486 ходимга кенгаядиган бўлди.

Айни пайтда уюшманинг республика барча вилоятлари ва йирик қишлоқ хўжалиги туманларида филиаллари мавжуд.

Президент қарори асосида уюшма кенгаш мақомини олгач¸ ўзбекистонлик фермерларни бирлаштириши кўзда тутилган бу тузилманинг ҳар битта туманда ўз вакиллари пайдо бўлади.

Республика Фермерлар уюшмасининг исмини ошкор қилмасликни сўраган расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда бундан буён фермер хўжаликлари фаолияти кузатуви қуйидан юқорига қараб шаклланишини айтди:

- Аввал ҳамма туманларда ҳам вакилларимиз йўқ эди. Энди эса ҳар битта туманда фаол фермерлардан иборат 20 кишилик кенгашларимиз бўлади. Бу кенгаш аъзолари жойларда фермерларнинг фаолияти, муаммолари, ютуқлари ва камчиликларини кузатиб боради ва жойида ёрдам бериш ҳаракатини қилади, деди Фермерлар уюшмаси расмийси.

Ундан олинган маълумотга кўра, туман даражасидаги кенгаш ўз навбатида кўпи билан 15 аъзодан иборат бўлган вилоят кенгашига ҳисоб беради. Вилоят кенгаши эса 13 аъзоси бўлган республика кенгашига ҳисоб беради.

- Ҳозир кенгашнинг молиявий xаражатларини таъминлаш бўйича вариантларни ишлаб чиқиш масаласи Молия вазирлигига юклатилган. Вазирлар икки ҳафта ичида ўз таклифини айтиши керак. Шу кунгача уюшма фермерларнинг аъзолик бадали ҳисобига ишлаб келаётган эди, деди Ўзбекистон Фермерлар уюшмасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган расмийси.


"Уюшманинг кенгашга айлантирилиши бежиз эмас"

Бухоронинг Жондор туманида истиқомат қилувчи исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган фермер Ўзбекистон Фермерлар уюшмасини тугатиш ва унинг ўрнига самаралироқ тузилма ташкил қилиш масаласи анчадан буён муҳокама этиб келинганини айтади.

Унга кўра, Ўзбекистондаги аграр тузилмани яхши тушунадиган фермерлардан бу борада фикрлар ҳам олинган.

- Лекин бизнинг фикримизча, уюшманинг ўрнига тузиладиган тузилма бундан бошқача бўлиши керак эди. Чунки, ҳозир энг илғор фермерлар маҳаллий ҳокимиятлар чизиғидан чиқмайдиган фермерлардир. Улардан тузилган кенгаш шу ҳукуматнинг буйруғини сўзсиз бажарадиган кенгаш бўлади ва натижада фермер хўжаликлари устидан назорат кучаяди, холос, дейди жондорлик фермер.

Ҳокимларнинг фермер хўжаликлар устидан назоратни кучайтириш эҳтиёжи эса, бу фермерга кўра, сўнгги бир неча йилдан буён фақат ошиб бормоқда.

- Чунки, фермер хўжаликларининг сони қисқариб бормоқда. Бошқача айтилса, шу давлат буйруғи билан пахтани экадиган ва ундан яхши ҳосил олишни биладиган асл фермерлар ишини ташлашга мажбур бўлаяпти. Натижада, минглаб гектар ерларга пахта экилмай, экин майдонлари заҳирага ўтиб кетяпти, дейди бу фермер.


"Ўзбекистонда жами 66 минг 134 та фермер хўжалиги бор"

Буни таъкидлаган Ўзбекистон Фермерлар уюшмаси масъулига кўра, бунча фермер хўжалиги ҳисобига 5 миллион 295 минг гектар ер ажратилган.

Жондорлик фермер ўзи истиқомат қилиб турган туманда жами 17 минг гектар ер пахта, 6¸5 минг гектар ер эса ғала учун ажратилганини айтади.

- Аммо ҳозир 13 минг гектар ерга пахта экиляпти. Қолган 4000 гектар ер эса давлат заҳирасига ўтиб кетган, бўм-бўш ётибди, дейди жондорлик фермер.

Худди шундай ҳолат бутун республика бўйлаб йиллардан буён кузатилмоқда ва бир неча йил кетма-кет бўш қолган ерни яна ҳосилдор ерга айлантириш ҳам ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқараётгани айтилмоқда.


"Босим йилдан-йилга кучаймоқда"

Давлат томонидан, асосан, пахта ва ғалла етиштиришга мўлжалланган фермер хўжаликлари раҳбарларининг сўнгги йилларда муттасил кучайиб бораётган босим оқибатида ишини топширишга мажбур бўлаётгани айтилади.

Бунга ўз тажрибасида гувоҳ бўлаётган жондорлик фермер айрим муаммоларни санаб ўтди.

- Масалан, 20 центнер пахта олиш мумкин бўлган ердан 30-35 центнер пахта оласан, деган топшириқ бўлади. Фермер ҳам, раҳбар ҳам билади - бунча ҳосил олишнинг иложи йўқ. Кейин йил охирида босим бошланади, жанжал, уриш-сўкишлар бошланади. Фермер сўкиш эшитади, калтак ейди, охири иложсиз қўшиб ёзади ва ҳоказо, дейди жондорлик фермер.

Унинг фикрича, айниқса, фермернинг ўз ҳисоб рақамидаги маблағига ўзи хўжайин эмаслиги, йил давомида давлат кўмаги сифатида унга кўрсатилган хизматларнинг хирмон йиғилганидан сўнг бир неча юз минг ва бир неча миллионлик қарзга айланиши ҳам фермерларни бездириб юборган.

Бунинг оқибатида, республикада пахта экиладиган майдонларнинг қисқариб бораётгани, пахта экилган майдонларда эса ҳосилдорликнинг пасайётгани ва йилдан-йилга ҳосил чўғининг камаяëтгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қарорида бу муаммолар очиқ тилга олинмаган бўлсада, асосий эътибор, фермер хўжаликларини мустаҳкамлаш ва хўжаликлар билан юқори турувчи ташкилотлар ўртасида алоқани кучайтириш, энг муҳими, хўжаликлар молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Аммо бу қарорга муносабат билдирган жондорлик фермер Озодлик билан суҳбат якунида уюшмани кенгашга айлантириш ва фермернинг ишини назоарт қиладиган "фаол фермерлар" сонини ошириш муаммога ечим бўлолмайди, деган хулосани тилга олди.
XS
SM
MD
LG