Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:00

Россияда муҳожирлар портали ишга тушди


Янги портал бош саҳифаси
Янги портал бош саҳифаси

“Новости” ахборот агентлиги мамлакатга келган хорижликларга мўлжалланган “Россия ҳамма учун” Интернет порталини ишга туширди. Ҳозирча тожик, озарбайжон ва чечен тилларида олиб борилаётган бу лойиҳанинг яқин келажакда ўзбек тилида ҳам ишга туширилиши кутилмоқда.

“Новости” ахборот агентлиги қошида ишга тушган бу лойиҳа мустақил Интернет портал бўлиб, Россияга келаётган муҳожирларга энг зарур маълумотлар¸ Россия тарихи, маданияти, иқтисодиёти ва сиёсатига оид янгиликларни бериб боришни кўзда тутган.

Агентликнинг Махсус лойиҳалар ва дастурлар дирекцияси раҳбари Елена Давидова Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ушбу портал қандай иш топиш, қаерда рус тилини ўрганиш мумкин, тиббий ёки юридик ёрдам олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак, деган саволларга ҳам жавоб бериб боради, дейди.

“Бизнинг асосий мақсадимиз – Россияда миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш”, дейди лойиҳа раҳбари Елена Давидова:

- Сайтимизда келтирилаётган барча маълумотларни тўрт асосий блокка ажратиш мумкин. Буларга “Муҳожир учун маълумотнома”, бу ерда яшаётганлар учун юртдан, Москвадан, Россиядан ва жаҳондан келаётган хабарлар бўлими, таҳлилий материаллар ва маданий-маърифий ҳам кўнгилочар бўлимлар киради. Бирор-бир тилда келтирилаётган маълумотларнинг барчаси рус тилида ҳам бериб борилади. Меҳнат қилгани, сайёҳликка ёки бошқа юмушлар билан Россияга келган муҳожирларга зарурий бўлган барча материалларни бериб борамиз, дейди Озодликка Елена Давидова.

Мисол тариқасида, у порталдаги “Иш”, деб номланган бўлим тўғрисида қўшимча маълумот берди. Аниқланишича, “Новости” ахборот агентлиги бу лойиҳасига Россияда энг йирик иш вакансиялари тақдимоти билан шуғулланувчи “HeadHunter” компаниясини жалб қилган.

Давидованинг айтишича, Россия иш берувчилари томонидан таклиф этилаётган ва айнан меҳнат муҳожирларига мўлжалланган иш ўринлари “HeadHunter” мутахассислари томонидан ажратиб берилаяпти ва порталнинг “Вакансиялар” қисмида эълон қилинмоқда:

- Бизнинг порталимизда ишга жойлашиш, тиббий масалалар билан боғлиқ вазиятларни бартараф этишдан ташқари, юридик маслаҳатлар ҳам берилмоқда. Аллақачон “Долзарб саволларга жавоблар” деган бўлимимиз ишга тушди, шунингдек яқин келажакда махсус ёлланган адвокатимиз Россияга иш излаб келганларнинг саволларига онлайн жавоб бериб боради. Уларнинг қандай ҳуқуқлари мавжудлиги, у ёки бу вазиятда нима қилиш керак... Хуллас шу каби кўплаб саволларга жавоб беради, дейди Елена Давидова.

Лоийҳа раҳбари “Россия ҳамма учун” порталида берилаётган консуллик, диний марказ ёки фавқулодда хизматлар телефон рақамлари доимий равишда текширилиб борилиши ва фақат ишлаётган телефонлар эълон қилинишини ҳам билдирди.

Мустақил фаолият юритаётган бу лойиҳа ҳозирда тожик, озарбайжон ва чечен тилларида ўз аксини топган. Аммо лойиҳа муаллифлари “Россия ҳамма учун” яна қайси тилларида олиб борилиши керак”, деган сўровни олиб бормоқда.

“Новости” Махсус лойиҳалар ва дастурлар дирекцияси директори Елена Давидова Озодлик мухбирига яқин келажакда бу портал ўзбек тилида ҳам иш бошлашини маълум қилди:

- Бу тилга талабнинг катта эканини биз тушанамиз. Яқин келажакда қирғиз тили билан биргаликда ўзбек тилида иш бошлашимиз аниқ. Ўзбек тили навбатда биринчи бўлиб турибди. Ҳозирда лойиҳага ўзбек ва рус тилини мукаммал биладиган мутахассисларни излаяпмиз. Биз МДҲ давлатлари тиллари ҳамда Россиянинг йирик халқлари тилларида “Новости” ишини такомиллаштириш ниятидамиз. Шунинг учун, ўзбек тилидан хавотир олмасангиз бўлади, дея таъкидлади “Новости” Махсус лойиҳалар ва дастурлар дирекцияси бошлиғи Елена Давидова Озодлик билан суҳбатда.

Елена Давидованинг таъкидлашича¸ халқаро портал яратиш ғояси Россия Давлат Кенгаши томонидан таклиф этилган ва Россия Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
XS
SM
MD
LG