Линклар

Ўзбекистон президенти ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ хизматчиларни мардлик, фидойилик ва жасорати учун мукофотлади. Мукофотланганлар орасида оддий профилактика инспекторидан тортиб Ички ишлар вазирлиги амалдорларигача бор.

Президентга "содиқ хизмат" қилаëтган "мардлар" тақдирланди

Ислом Каримовнинг ички ишлар идоралари ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги фармони 23 октябр куни матбуотда эълон қилинди.

Фармонда айтилишича, мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги кўп йиллик шавкатли меҳнати, шунингдек, хизмат бурчини адо этишда кўрсатган мардлик ва фидойилиги, миллий манфаатларни ҳимоя қилишдаги жасорати учун 35 киши “Меҳнат шуҳрати”, II даражали “Шон-шараф”, “Дўстлик” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун”, “Шуҳрат” медаллари билан мукофотланган.

25 октябр куни касбий байрамларини нишонлайдиган милиция ходимларининг аниқ сони Ўзбекистонда қанча эканлиги ҳақида расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, норасмий маълумотларга кўра¸ мамлакатда ҳар 120 кишига бир милиция ходими тўғри келади:

- Ўзбекистонда милиция ходимларининг сони, менимча Мудофаа вазирлиги ходимларидан кўпроқ бўлса керак. Ҳарбий контингентнинг сони 165 минг нафар дейилган. Мен олган маълумотлардан тахмин қилишимча, милиция ходимларининг сони 250 минг нафарга яқин бўлса керак. Тахминан 120 кишига биттадан милиционер тўғри келади. Бу нафақат формадагилар, балки формасиз наёмний ишчилари ҳам бор, Жазони ижро этиш бош бошқармаси, ИИВ поликлиникаси, касалхоналари ходимлари сони ҳам бунга киради, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистон - полиция давлати

Суръат Икромовга кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонни “полиция давлати” деб аташади:

- Мен Германияда бўлганимда, мамлакат Ички ишлар вазирлигига бордим. Биласизми, биноси икки қаватли, кичкина бино. Мен ҳайрон бўлганман ўшанда. Бизни вазирликни қаранг қандай баҳайбат, яқинига йўлаб бўлмайди. Ҳатто, бизни Олмазор тумани Ички ишлар бўлими биносини солиштирганда, йўқ деганда бизники беш баравар каттада. Биласизми, бизда кабинет системасиривожланган, кабинетларда ўтириб ишлайдиган ходимлар жуда кўп, дейди Суръат Икромов.

Ҳақсиз жамиятнинг ҳақсиз қўриқчилари

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, милиция тўғрисидаги қонуннинг шу пайтгача йўқлиги боис, ўзбекистонлик милиция ходимлари ҳам мамлакатнинг қолган аҳолиси каби ҳақсизлик шароитида ишламоқда:

- Европа давлатларида бўлганимда шу нарсани гувоҳи бўлдимки полиция ходимлари белгиланган 8 соатни ишлайди. Бизникиларга эса норма йўқ, хоҳлашса кечаю кундуз ишлатишади. Сал норози бўлса¸ аризангни ёз дейишади. Диктатура режимидаги давлатларда шундай бўлади. Мен яқинда бир майор билан гаплашдим. У хос суҳбатда айтдики, сизлар ҳаракат қилинглар, милиция тўғрисидаги қонунни қабул қилишсин, чунки бизда тиним йўқ, пенсияга чиққанда инвалид бўлиб чиқаяпмиз, қонун бўлса, кейин бизнинг ҳуқуқимизни кафолатловчи ҳужжат бўлади, дейди. Ҳозир милиция ходимлари ҳам тезроқ 20 йиллик муддатини ўтаб, пенсияга кетиш истагида ишлаяпти, дейди Суръат Икромов.

Коррупцияга ботган милиция

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида профилакатика инспектори бўлиб ишлаган собиқ катта лейтенант Шуҳрат Акромов ҳам инсон ҳуқуқи фаолининг бу фикрига ҳамоҳанг гапни айтар экан, айни пайтда бу тизимдаги коррупция ва ошна-оғайнигарчилик милициянинг халқ орасидаги обрўсига катта путур етказаяпти, деган фикрда:

- Ҳалол ва содиқлик билан ишлаш қийин бу соҳада. Чунки, ноқонуний ишларни раҳбарларнинг ўзлари хаспўшлайди. Масалан, бир жиноятчини ушласанг, унга тегма, у мени ҳимоямда, деб айтади. Агар бошлиқнинг буйруғи қандай бўлишидан қатъий назар, бажариб юрсанг ходим пенсиягача ишлайсан. Ҳалол ишлайман деган одам, узоққа бормайди, бир баҳона топиб менга ўхшаб ишдан четлатишади. Бу тизим коррупциялашиб бўлган. Менимча, бир адолатли ва одил вазир келса, бу системани тозаласа, ишни яхши йўлга қўйса бўлади. Масалан, профилактика инспекторларининг ойлиги ҳозир бир миллион сўмдан ортиқ. Бу билан ҳозир бемалол ҳалол ишлаб, ҳалол яшаш мумкин, дейди Шуҳрат Акромов.

Собиқ катта лейтенант Шуҳрат Акромов билан суҳбатни тўлиқ шаклини қуйида тингланг:


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG