Линклар

Швециянинг етакчи ТТ ахборот агентлиги эга бўлган маълумотлар TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги маҳаллий қонунчиликка зид иш юритганлиги борасидаги шубҳаларни янада кучайтирди.

ТТ мухбири Ола Вестербергга кўра, TeliaSonera раҳбари Ларс Нюбергнинг 2008 йил январ ойида Тошкентда ўтказган матбуот анжуманида айтган гаплари ширкатнинг йиллик ҳисоботида келтирилган маълумотларга мос келмаяпти.

Ўша матбуот анжуманида жаноб Нюберг: “Биз Ўзбекистонда 3G лицензиясини у ердаги бошқа ширкатлар олгани каби олишни режалаяпмиз”, деб айтган эди.

Аммо Teliasonera ширкатининг 2007 йил бўйича ҳисоботида ширкат 2007 йил декабр ойида, яъни жаноб Нюбергнинг Тошкентдаги матбуот анжуманидаги чиқишидан бир ой олдин 3G лицензияга эга бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

- TeliaSonera ҳисоботидан келиб чиқадиган бўлсак, ширкат 2007 йил декабр ойида Ўзбекистонда фаолият қилиш учун 3G лицензиясига эга бўлган. Агар бу рост бўлса, нега жаноб Нюберг 2008 йилнинг 7 январида Тошкентдаги муҳташам меҳмонхонада ўтказилган матбуот анжуманида: "Лицензияни энди оламиз", деб гапирган? Бу жуда шубҳали, дейди ТТ мухбири Вестерберг.

Учдан бир акциялари швед ҳукуматига тегишли бўлган TeliaSonera 2007 йилда Гибралтардаги Tаkilant ширкатидан 3G лицензияси сотиб олган пайтида Ўзбекистондаги маҳаллий қонунчиликка биноан иш юритганини таъкидлаган эди.

Лекин Teliasonera ширкатининг 2007 йилги ҳисоботида Tаkilant номи мутлақо тилга олинмаган.

- Афтидан, ширкат бошидан ниманидир яшириб келаяпти. Ширкатнинг 2007 йил бўйича ҳисоботида 3G лицензияси олингани ҳақида айтилган. Лекин лицензия айнан қайси ширкатдан олингани айтилмаган. Бундан ташқари, биз ширкатнинг пресс-релизларини, матбуот учун чиқарган баёнотларини ҳам кўздан кечириб чиқдик. Уларда ҳам Teliasonera Ўзбекистондаги шериги номини тилга олишни истамаганини сездик. Фақат маҳаллий ҳамкор, деб ўтиб кетилган. Ширкат Tаkilant номини тилга олишни истамагани жуда ғалати, дейди ТТ мухбири.

Teliasonera ширкатидан ҳозирча бу борада изоҳ бўлмади.

Ўтган ой швед канали Teliasonera Ўзбекистонда 3G мобил телефон алоқа хизматини йўлга қўйиш учун лицензия олиш эвазига Гибралтарда қайд қилинган Takilant Ltd ширкатига 320 миллион долларга тенг пул ўтказганини фош этувчи кўрсатувни намойиш қилган эди.

Филмда келтирилишича¸ Takilant Ltd нинг эгаси сифатида ўшанда 22 ëшда бўлган Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакян номи қайд этилган.

Авакяннинг Гулнора Каримова ҳомийлиги остида иш кўрадиган Тошкентдаги Модалар уйи директори ва президент тўнғичининг гумашталаридан бири экани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG