Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:26

Бизнес юритиш эркинлиги яхшиланди деб топилди



Жаҳон банки ва Халқаро Молия корпорацияси эълон қилган “Бизнес юритиш - 2013” номли янги ҳисоботда Ўзбекистон 185 давлат ичида ўз позициясини яхшилаб¸ ўтган йилги 168-ўриндан 154-ўринга кўтарилди.

Жаҳон Банки ва Халқаро Молия корпорациясининг “Бизнес юритиш - 2013: Кичик ва ўрта корхоналар бошқарувига оқилона ёндошув” номли янги ҳисоботида Полша дунё давлатлари ичида бизнес юритиш имкониятларини яхшилашда катта муваффақиятга эришга давлат сифатида эътироф этилди.

Ҳисоботда яна тўққиз давлат, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Бурунди, Греция, Коста Рика, Мўғилистон, Сербия, Украина ва Шири Ланка бизнес юритиш эркинлиги сезиларли яхшиланган давлатлар сифатида қайд қилинди.

Жаҳон Банки ва Халқаро Молия корпорациясининг мазкур рейтинги корхоналар тузиш, қурилишга рухсат олиш, электр ўтказиш, кредит олиш, шахсий мулкни рўйхатдан ўтказиш, инвесторлар ҳимояси, солиқ тўлаш, халқаро савдони йўлга қўйиш, шартномалар ижросини таъминлаш, корхоналарни тугатиш каби 11 мезон асосида тузилган.

Ўзбекистон халқаро молия ташкилотлари ҳисоботида бизнес юритиш эркинлигини яхшилаш бўйича сўнгги бир йил давомида 168-ўриндан 154-ўринга кўтарилганига қарамай, ўзбек тадбиркорлари майда ва ўрта бизнес ривожланиш учун қатор тўсиқлар мавжуд эканидан нолимоқда.

Ўз исмини айтмасликни сўраган тошкентлик тадбиркор Озодлик билан суҳбатда сўнгги йилларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар учун қулайликлар яратилганига қарамай, бюрократик тўсиқлар ривожланишга халал бераётганини таъкидлади.

- 2009 йилдан 2012 йилгача бизнес юритиш шароити ҳақиқаттан анча яхшиланди. Олдин фирмаларни рўйхатга олиш бир ҳафтадан бир ойгача чўзилган бўлса, ҳозир шуни тўрт кун¸хатто икки кунда ҳам тайёрласа бўлади. Бу муаммо бўлмай қолди. Бизнес юритишда қулайликлар яратилгани тўғри.

Аммо маҳсулотни экспорт-импорт қилиш масаласида ноқулайликлар бор. Масалан, божхонадаги бюрократия эркин муомаладаги валюта конвертацияси. Фирмалар валюта сотиб оламан деб¸ уч ойдан олти ойгача, баъзан ундан ҳам кўп кутган вақтлар бўлган. Асосий тўсиқлардан яна бири банклардан кредит олишда қийинчиликлар бор. Кредит олиш жараёни ниҳоятда секин. Кредит олишга ҳам анча-мунча тўсиқлар бор, дейди тошкентлик тадбиркор.

Бухоролик фермер хўжалиги раҳбари Бобомурод Раззоқов кўп йиллардан бери пахта ва буғдой етиштириш билан шуғулланади. Унинг хўжалиги етиштирган маҳсулотни давлат шартнома асосида сотиб олади.

Бобомурод ака сўнгги йилда Ўзбекистонда фермерларга шароитлар анча яхшиланганини эътироф қилиш баробарида фермерлари олдида қатор муаммолар борлигини таъкидлади.

- Фермер учун йилдан йилга шароит яхшиланиб боряпти. Чунки биз аграр давлатмиз. Шундай қилмаса бўлмайди. Буни ҳамма яхши тушунади. Янги фермер хўжалиги тузишнинг имкониятлари жуда катта. Ким истаса, фермер хўжалиги тузиши мумкин. Ташкиллаштиришда ёрдам бериш учун ҳокимият барча воситалардан фойдаланади. Зудлик билан бу масала ҳал қилинади. Фермер хўжаликлари учун кредит олишда ҳозирча қийинчилик йўқ. Маҳсулотни экспорт қилиш имконияти фермер хўжаликларида йўқ. Бу нарса чекланган.

Масалан, биз ҳукумат томонидан белгиланган шартнома асосида ҳаракат қиламиз. Етиштирадиган икки хил маҳсулотимиз ҳам (пахта ва буғдой) давлат монополиясига киритилган. Фермерларнинг четга ўз маҳсулотларини сотишига ҳозирча шароит яратиб берилмаган. Мен шуни таъкидлайман, бу ёмон томони. Валюта керак бўладиган бўлса, валюта олиш чекланган, дейди бухоролик фермер хўжалиги раҳбари.

Жаҳон банки ва Халқаро Молия корпорациясининг янги ҳисоботи рўйхатига киритилган 185 давлат ичида Қозоғистон 49, Қирғизистон 70 ва Тожикистон 141-ўринни эгаллаган.

Туркманистонга оид маълумотлар бўлмагани сабабли бу мамлакат ҳисоботга киритилмаган.

Халқаро молия ташкилотлари рўйхатида бизнес юритиш эркинлиги бўйича Сингапур биринчи, Ҳонконг иккинчи, Янги Зеландия учинчи, АҚШ тўртинчи ва Дания бешинчи ўринни эгаллаган.

Рўйхат охиридаги учта ўринни Конго Республикаси, Чад ва Марказий Африка Республикаси эгаллаган.
XS
SM
MD
LG