Линклар

Тожикистонда олиб борилаётган суд ислоҳотига кўра, энди судялар муддатсиз ёки бир умрга тайинланади. Бу янгилик мамлакат президенти Имомали Раҳмон томонидан таклиф қилинди.

Тожикистон Адлия кенгаши раиси Зафар Азизовнинг Озодлик тожик хизматига айтишича, судяларнинг муддатсиз ёки бир умрга тайинланиши мамлакатда олиб борилаётган суд ислоҳотларининг сўнгги босқичидир.

Шу пайтгача Тожикистонда судяларнинг ваколат муддати 10 йил бўлиб, судяликка тайинланадиган шахслар 65 ёшдан ошмаган бўлишлари шарт эди.

Тожик жамиятида судяларнинг мустақил эмаслиги, ҳокимиятнинг хоҳиш-иродаси билан ишлаши ва бу тизимда коррупциянинг авж олганлигини айтиб келинади.

Аммо Тожикистон Адлия кенгаши раиси Зафар Азизов судялар аксарият ҳолатларда ҳокимият тазйиқи остида қарорлар қабул қилиши ва ҳукмлар чиқаришига оид иддаоларни рад этади:

- Судялар қарори маслаҳат хонасида қабул қилинади ва уларнинг ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сўнгги 20 йил орасида судялар ишига дахл қилишга оид бирорта ҳодиса қайд этилгани йўқ. Юқори судлар қуйи судларнинг қарорларини кўриб чиқади ва баҳо беради. Агар қуйи судларнинг қарорлари асоссиз бўлса, у бекор қилинади. Судлар мустақил ва дахлсиздир, улар фақат конституцияга ва қонунларга таянади, - дейди Зафар Азизов.

Адлия кенгаши раиси суд тизимидаги порахўрлик муаммоси ташвишланарли ҳолат эканини эътироф этаркан, судялар маошларининг пастлиги бунга асос бўлмаслиги лозимлигини айтди:

- Маошнинг озлиги жиноятга қўл уриш учун асос бўла олмайди. Ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, пора олган шахсларга бунда жой йўқ. 2011 йили икки судя порахўрлиги учун қамалди. Бироқ бу йил бундай ҳодиса рўй бергани йўқ. Биз бу масалани доим назорат қилиб борамиз, - дейди Зафар Азизов.

Адлия кенгаши раиси Азизовга кўра, ҳозир Тожикистонда судяларнинг ўртача маоши 1500 сомонийни (тақрибан 300 АҚШ доллари) ташкил қилади. Судялар айни пайтда вазифаси ва тажрибасига қараб 700 сомонийдан 1700 сомонийгача маош олади.

Тожикистонлик жамиятшунос Жўра Каримов фикрича, судяларнинг бир умрга тайинланиши бу тизимдаги коррупцияни янада кучайтиради:

- Судяларнинг бир умрга тайинланиши ҳозир гуркираб авж олаётган порахўрлик, таъмагирлик шароитида судяларга кенг йўл очиб берди. "Энди сен умрингнинг охиригача порахўрлик қилишинг мумкин", деган бир фотиҳа берилди. Чунки бусиз ҳам ҳозир судларнинг эшигини очишингиз билан таъма ва порахўрлик бошланади, - дейди Жўра Каримов.
XS
SM
MD
LG