Линклар

Андижонда газ портлади


Андижоннинг 2-микрорайони 16-уйида жорий йилнинг 13 февралида газ портлаган эди.

Андижоннинг 2-микрорайони 16-уйида жорий йилнинг 13 февралида газ портлаган эди.

24 октябр куни Андижон шаҳрининг 2-микрорайонидаги 17- уйида газ портлади. Портлаш натижасида иккита хонадон шикастланди.

Андижондаги газ портлаши ҳақида Озодликнинг мобил мухбири хабар қилди.

Унинг айтишича, “Портлаш тўрт қаватли бинонинг тўртинчи қаватида содир бўлган. Портлаш кучидан қўшни уйларнинг балконлари “учиб” кетган. Портлаш натижасида ёнғин келиб чиққан”.

Андижон шаҳар ёнғин хавфсизлик бўлимининг навбатчи ходимига кўра, газ портлаши 17- уйнинг 10-хонадонида содир бўлган.

“Ўт ўчирувчилар воқеа жойига кетишди. Портлаш ва унинг натижасида келиб чиққан ёнғин туфайли 17-уйдаги иккита хонадон шикастланган” деди навбатчи ходим.

Унинг айтишича, ёнғин натижасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

Мобил мухбирнинг ўрганишича, портлашга табиий газ узатишдаги узилишлар сабаб бўлган.

“Қурбон ҳайити арафасида 2-микрорайонга газ берилган. Шу пайтгача газ йўқлигидан газ аппаратлари қаровсиз ётган. Газнинг кучли келишидан портлаш бўлган” дейди мобил мухбир.

Андижоннинг айнан шу микрорайонида кейинги бир йил мобайнида учинчи бор газ портлаши содир бўлди.

Учала портлаш ёнма-ён жойлашган кўп қаватли уйлар яъни 15, 16 ва 17- уйларда содир этилди.

Жорий йилнинг 13 февралида 16-уйда бўлган портлаш натижасида бир киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган эди.

Шунингдек, ўт ўчирувчи ходимлар — 39 ёшли Хайрулло Бобохўжаев ва 32 ёшли Акмал Содиқовлар ҳам енгил тан жароҳати олган эди.

Ўтган йилнинг 12 ноябр кунги 15-уйдаги портлашда эса бир киши жароҳатланган эди.

Бу микрорайондаги аввалги портлашларга газ узатилишидаги узилишлар ва газ тармоғидаги носозликлар сабаб бўлгани айтилган эди.

Darakchi.uz сайти ёзишича, бугунги кунда Андижонда 11 766 та носоз газ ва электр мосламалари аниқланган.
XS
SM
MD
LG