Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:47

Афғонистон шимолида катта нефт кони топилди


Афғонистоннинг Фарёб вилоятида катта нефт кони топилди. Айни пайтда қўшни вилоятда Афғонистонда илк бор нефт қазиб чиқарила бошланди.


Канаданинг “Terraseis” ширкати Афғонистоннинг шимоли-ғарбий минтақасида катта нефт кони борлигини аниқлади.

Буни Озодликка Афғонистон Конлар вазирлиги матбуот котиби Жавод Умар чоршанба куни маълум қилди.

- Техник тадқиқотлар ўтказилган минтақа Хон Чорбоғ ва Ақийна тумани чегарасида жойлашган, деди Конлар вазирлиги расмийси.

Жавод Умарга кўра, Фарёб вилоятидаги нефт заҳираси борлиги аниқланган минтақа Туркманистон чегарасига яқин жойлашган.

Умар конда қанча нефт борлигини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотлар ўтказилиши кераклигини қўшимча қилди.

22 октябр куни Хитойнинг Миллий Нефт Корпорацияси (CNPC) Фарёбга қўшни бўлган Сари Пул вилоятида илк бор нефт қазиб чиқара бошлади.

Афғонистон Конлар вазири Воҳидулла Шаҳроний буни мамлакат учун “тарихий кун”, деб атади.

- Бугун жуда қувончли кун. Афғонистонда биринчи марта тижорат мақсадларида нефт қазиб чиқарила бошлангани Афғонистон халқи учун тарихий кун, - деди Конлар вазири.

Хитой ширкати Сари Пул вилоятининг Амударё участкасидан кунига 2000 баррел нефт қазиб чиқаришни мўлжаллаган.

Минтақада бошқа нефт манбалари борлиги аниқланганидан кейин CNPC нефт қазиб чиқаришни кескин кўпайтиришни режаламоқда.

Ўтган йил декабр ойида CNPC Афғонистон ҳукумати билан мамлакат шимолида нефт ва газ қазиб чиқариш ҳақида шартнома имзолаган.

Ҳужжатда Афғонистоннинг биринчи нефтни қайта ишловчи заводини қуриш ҳам назарда тутилган.

CNPC Туркманистондаги газ ҳавзаларини аллақачон ўзлаштира бошлаган.

Республика жанубидаги улкан Жанубий Йолотан-Усмон газ ҳавзасини ўзлаштириш учун Хитой Ашхобод ҳукуматига кредит ажратган.

Баъзи манбаларда мазкур конда тўрт триллион, бошқа манбаларда, 14 триллион куб метр газ борлиги айтилади.

Жанубий Йолотан-Усмон газ ҳавзаси Афғонистон ҳудудига ҳам чўзилгани тўғрисида одамлар орасида миш-мишлар тарқалган.

Жорий йил июн ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай Туркманистондан Афғонистон ва Тожикистон орқали Хитойга газ қувури қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини айтган.

Фарёб вилоятида нефт кони топилгани ва Сари Пул вилоятида нефт қазиб чиқариш йўлга қўйилганидан кейин Афғонистон расмийлари мамлакат ўзини энергия билан таъминлай олиши тўғрисида гапира бошлади.

Шимолий Афғонистонда улкан нефт ва газ заҳиралари борлиги анча вақтдан бери тахмин қилиб келинаётган эди.
XS
SM
MD
LG