Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:34

Бухорода ҳашарчи талаба фожиали ҳалок бўлди


Бухородаги Юқори технологиялар инженер-техник институтининг 3 курсида ўқиётган қашқадарёлик Умид исмли талаба 22 октябр куни кечқурун фожиали ҳалок бўлди.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган нефт-газ муҳандислик факултети талабасининг айтишича, бу воқеа талабалар пахтадан қайтаётган пайтда содир бўлган:

- 22 октябр куни талабалар пахтадан қайтишаётган бўлган. Терим кечгача давом этгани учун қайтишда қоронғи бўлган. Умид йўл четида қулоғига наушник тақиб, қўшиқ эшитиб келаётган бўлган. Орқадан фаралари йўқ трактор келиб босиб кетган. Тракторчи қоронғида уни кўрмай қолганда. Бола ўша ерни ўзида жон берган. 23 октябр куни Қашқадарёдан ота-оналари келиб Умидни олиб кетишди,- дейди исми сир қолишини сўраган талаба йигит.

Бухородаги Юқори технологиялар инженер-техник институти ректоратининг ўзини таништирмаган ўқитувчиси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади, бироқ у воқеа тафсилотларини очиқламасликни маъқул кўрди.



8 октябр куни 1994 йилда туғилган ва Шаҳрисабз туманининг Тарахли кўчасида истиқомат қилган Наврўз исмли йигит пахатдан касал бўлиб қайтганда, туман милиционерлари уни пахтадан қайтгани учун калтаклаб ўлдиришган эди.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинган эди.

17 сентябр куни эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтгани, унинг ҳам юрак хуружидан вафот этгани айтилган эди.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитовлар пахтадан қочаëтган пайтда поезд тагида қолиб ўлган эди.

30 сентябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани касалхонасига олиб келинган тошкентлик ҳашарчи ҳам вафот этган эди.

"Пахта-2012" кампаниясининг расман тасдиқланган қурбонлари сони¸ Озодлик ҳисобича¸ етти нафарга етди.

Бу йилги пахта теримига мактаб ўқувчиларини чиқаришни тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини оммавий равишда пахтага сафарбар қилган.

Пахта терими мавсумини кузатаётган баъзи ўзбекистонликлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари бераётган хабарларга кўра, баъзи ҳудудларда расмийлар хаста талабалар ҳамда ишчи-хизматчиларни ҳам йиғим-теримга мажбуран сафарбар қилган.

Гарчи мамлакат президенти пахта режаси бажарилганини 20 октябр куни эълон қилган ва пахтакорларни бу муваффақият билан табриклаган бўлсада, бироқ вилоятлардаги олий ўқув юртлари, коллеж-лицейлар талабалари ҳануз пахта далаларида қолмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:25 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG