Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:45

Қирғизистон АҚШ базаси юзасидан музокара бошланганини рад этди


Қирғизистон ҳукумати АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Сюзан Эллиотнинг Вашингтон Бишкек билан Америка ҳарбий транзит маркази ҳозирлиги юзасидан музокаралар бошлагани ҳақидаги баёнотини рад этди.

АҚШнинг Тожикистонга янги тайинланган элчиси Сюзан Эллиот 23 октябр куни Душанбеда ўтган матбуот анжуманида Вашингтон расмийлари Қирғизистон ҳукумати билан Америка базасининг бу мамлакатдаги ҳозирлик муддатини узайтириш борасида музокаралар бошлаганини маълум қилган эди.

- Бишкекдаги “Манас” ҳарбий транзит базасининг ҳозирлик муддати 2014 йилда якунланади. Биз Қирғизистон ҳукумати билан бу борадаги шартнома муддатини узайтириш масаласида музокараларни бошладик, -деган эди Эллиот хоним.

24 октябрда Қирғизистон ҳукумати элчининг баёноти асоссиз экани ҳақида маълумот тарқатди. Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлғи Сапар Исақов ҳозирча АҚШ томони бу борада Бишкек расмийларига мурожаат қилмаганини айтди.

Қирғизғистон парламентининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Тўқўн Мамитов эса АҚШ транзит маркази юзасидан музокаралар яқин кунларда бошланиб қолиши мумкинлигини билдирди:

- База юзасидан бизнинг нуқтаи назаримиз америкаликларга еткизилган. Ҳозирча расман музокаралар бошлангани йўқ. Бироқ менинг таҳлилимга кўра, яқин кунларда Вашингтон бу масалада расмий Бишкекка мурожаат қилади, -деди Тўқўн Мамитов.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 2010 йилдан бери Бишкекдаги АҚШ транзит маркази ҳозирлиги муддати 2014 йилдан сўнг узайтирилмаслиги ҳақида бир неча маротаба баёнот берган. 2012 йилнинг 20 сентябрида Бишкекка келган Россия президенти Владимир Путин билан музокаралардан сўнг журналистлар билан учрашган Атамбаев бу фикрида қатъий эканини яна бир бор таъкидлаган эди.

Бироқ айрим сиёсатшунослар Қирғизистон сиёсий манфаатлардан келиб чиқиб, АҚШга ён бериши мумкин, деган таҳминларни ҳами айтмоқдалар. Бу ўринда гап АҚШ талаби билан Лондонда қўлга олиниб, бир муддат ҳибс қилинган собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим ҳақида бормоқда. АҚШ томони ҳам, қирғиз томони ҳам Максим Бакиевни катта иқтисодий жиноятларда айблаб келади. Бироқ Қирғизистон билан Британия ўртасида жиноятда гумонланганларни экстрадиция қилиш юзасидан шартноманинг йўқлиги боис, Лондон Максим Бакиевни Вашингтонгга топшириш масаласини ўрганаётгани хабар қилинган.

- Агар АҚШ 2014 йилгача "Манас" ҳарбий транзит марказига Марказий Осиёдаги бошқа давлатлардан жой топа олмаса, унда Максим Бакиевни Қирғизистонга топшириш масаласи музокараларнинг кузир картасига айланади, -деди халқаро алоқалар бўйича эксперт Чинара Эсенгул.

АҚШ Афғонистондаги қўшинларга зарурий юкларни етказиб беришда Манас базасидан 2001 йилдан бери фойдаланиб келмоқда. 2009 йилда база номи транзит маркази деб ўзгартирилган эди.
XS
SM
MD
LG