Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:28

Ўзбекистонда пахта териш машиналари ишлаб чиқарилади


Тошкент трактор заводида йиғилаётган янги МХ-1,8 пахта териш машинаси.
Тошкент трактор заводида йиғилаётган янги МХ-1,8 пахта териш машинаси.
Тошкент трактор заводида ишлаб чиқарилаётган янги терим машиналари ўтмишдошларидан фарқ қилади. Бу машиналар тракторнинг орқасига тиркама сифатида уланади ва терим мавсумидан сўнг уни ечиб олиб қўйиш мумкин.


Мутахассисларнинг айтишларича, янги терим машиналари тўғри қўлланилса, мамлакатда пахта теримидаги қўл меҳнатига барҳам бериш мумкин.

Янги терим машинаси эскисидан фарқ қилади

Тошкент трактор заводининг конструкторлик бюроси раҳбари Исроил Усмоновнинг Озодликка айтишича, бу янги машинанинг ўтмишдошларидан анча фарқи бор:

- Бу машинанинг олдингиларидан фарқи шундаки, уни тракторга тез қўйиб, тез ечиб олиш мумкин. Бунда асосий мазмун нима? Масалан, махсус комбайнлар жуда қиммат бўлади ва икки ойлик терим мавсумидан бошқа пайт ишламайди. Буни эса икки ой тракторга улаб ишлатиб, кейин ечиб қўйса бўлади. Бу анча олдин лойиҳалаштирилган эди. Биз йиғишни бошладик ва биринчи намуналарни чиқардик, - дейди бош конструктор.



Исроил Усмоновга кўра, бу терим машинасининг бункери олдингилари билан бир хил, яъни 800 килограмм пахта тера олади:

- Мутахассислар бу йил Чиноз ва Сайхунобод туманларида синов ўтказишди. Техник кўрсатмасига кўра очилган пахтанинг 86 фоизи териб олинди. Яъни стандарт талабларга тўла жавоб берди, - дейди мутахассис.


Машина унумли ишлаши учун "шароит" керак

Мутахассис фикрича, бу машинанинг унумли ишлаши учун фермерлар унга яхши “шароит”ни яратиб беришлари керак:

- Биринчидан, фермер қатор орасини 90 сантиметр қилиб олиб, кейин чигит экиши керак. Иккинчидан, майдон яхши дефиолация қилинган бўлиши керак. Учинчидан, ғўза чеканкаси вақтида ўтказилиши керак, пахта ўсиб кетса, уни тоза териб бўлмайди. Механизациянинг бу талаблари бажарилмаса, ҳеч қандай машина ҳам яхши теролмайди,- дейди Исроил Усмонов.

"Битта машина 100 теримчини ишини бажаради"

Ўзбекистонда ҳозир пахтанинг ҳаммаси қўл билан терилади. Бу йил пахта теримига шифокору ўқитувчилардан тортиб, ишчи, хизматчи, талабалар, олимлар ҳам жалб қилинди.

Исроил Усмонов фикрича, агар фермер хўжаликлари шундай машиналар билан таъминланса, пахта теримидаги қўл меҳнатидан ва ортиқча харажатдан фориғ бўларди:

- Тажрибадан маълум бўлдики, бу машина бир соатда ярим гектар ер пахтасини теради. Гектари 30 центнер ҳосил берадиган ер бўлса, икки соатда 3 тонна пахта териши мумкин. Бир кунда 8-12 тоннагача териши мумкин. Мен ўзим Чинозда кузатдим. Ярим кун давомида теримчилар икки прицепни тўлдиришди, энди у икки тоннадан 4 тонна бўлиши мумкин. Теримчилар 50-80 та бор эди, шекилли. Лекин иккита терим машинаси бир ярим соат ичида худди шундай 2 та прицепни тўлдириб ташлади. Бунда икки одам ишлади, вақт кам кетди ва ўшанча одамни ишини қилди. Бу фермерга ҳар томондан қулай бўлади, - дейди Тошкент трактор заводининг конструкторлик бюроси раҳбари Исроил Усмонов.


"Ниятлар яхши, гап пулда"

Конструкторлик бюроси раҳбарининг айтишича, ҳозирча биринчи тажриба машиналари ишлаб чиқарилди ва бу машиналарни кўплаб чиқариш учун маблағ лозим:

- 2013 йил учун тайёргарлик ишлари бошланди ва энди аниқланади. Ҳозирча қанча ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Бу ерда молиялаштириш вазифалари ҳам борда. Заводни территорияси катта, бир неча минг дона ишлаб чиқариш имкони бор, фақат молияга боғлиқ, - дейди Исроил Усмонов.

Тошкент трактор заводи экспедиторларидан бирининг айтишича, терим агрегатининг нархи 62 миллион 100 минг сўм, трактори билан эса 110 миллион сўм.


"Бу нархни фермер кўтара олмайди"

Бироқ янги терим машиналарининг нархи фермерларни чўчитмоқда. Бухоро вилоятининг Жондор туманида фермерлик қилаётган Бобомурод Раззоқовга кўра, терим машиналарининг нархи жуда юқори ва аксарият фермерларнинг чўнтагига тўғри келмайди:

- Бу жуда юқори нарх. Бу нархда олиб уни қоплаш жуда қийин. Биз мана лизингга техникалар олганмиз, ҳозир шуларни қоплаш муаммо бўлиб турибди. Балки республикада бордир зўр фермерлар, лекин фермерларнинг асосий қисми кунини зўрға кўраяпти, - дейди фермер.

Бобомурод Раззоқов фикрича, қишлоқ хўжалигини механизациялаш бўйича ҳукумат даражасида махсус бир дастур ишлаб чиқилмас экан, бундай қиммат техникаларни аксарият фермерлар харид қила олмайди:

- Менимча, ҳукумат фермерларга хизмат кўрсатадиган сервис хўжаликлари очиши керак. Худди ҳозирги МТПлар сингари, фақат хизмат нархлари фермерларни қақшатадиган бўлмаслиги лозим. Мен ҳозирча шу йўлни кўраяпман, фермернинг ўзи бундай қиммат пахта териш машинасини сотиб олиб ишлатишига кўзим етмаяпти, - дейди фермер Бобомурод Раззоқов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:42 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG