Линклар

logo-print

Тошкентда солиқчилар озодликдан маҳрум қилинди


Тошкент шаҳар судида солиқчилар устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнидан лавҳа ("Ёшлар" телеканалидан олинган ТВ-скриншот).

Тошкент шаҳар судида солиқчилар устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнидан лавҳа ("Ёшлар" телеканалидан олинган ТВ-скриншот).

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судяси Улуғбек Муҳаммадиев раислигидаги маҳкама Миробод тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Абдуваҳоб Хўжабоев, унинг ўринбосари Сирожиддин Холиёров, шўъба бошлиқлари Бахтиёр Шомаҳмудов, Хайрулла Исмоилов ва Орифжон Алтиевларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) асосида 7 йилдан 9 йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда тайёрланиб, "Ёшлар" телеканали орқали эфирга узатилган “Жиноят ва жазо” кўрсатувида айтилишича, Миробод туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари 2010-12 йиллар давомида пойтахтдаги “Баққоллик”, “Азия Интер”, “Шаффоф”, “Ёғмойсаноат”, “Технокафолат”, “Елимполимер” сингари бир қанча корхоналарнинг жиноий фаолиятини яшириш мақсадида улардан 20 000 АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда пора олиб келишган.

Тошкент шаҳар прокуратурасига кўра, Юнусобод тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Даврон Хўжаев ҳамда унинг ўринбосари Саидолим Султонов тумандаги “Азия Фуд Сед” корхонаси раҳбари Фурқат Исломовдан 16 500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддасига асосан 7 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судяси Равшан Ҳайдаров раислигида ўтган маҳкамада мазкур шахслар бир неча йилга раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.

Шунингдек, кўрсатувда берилган қўшимча маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Рустам Турсунбоев ҳамда унинг ўринбосари Бахтиёр Мирюсуповлар ҳам Тошкентдаги Чинни бозори иши бўйича 13-14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

МХХ маълумотларига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитасининг икки мулозими олган пора миқдори 66 000 АҚШ долларидан зиёдроқдир.

“Озодлик” радиоси аввалроқ Тошкент шаҳар Миробод тумани ДСИ бошлиғи Абдуваҳоб Хўжабоевнинг ҳибсга олиниши ҳамда Давлат солиқ қўмитаси мулозимларининг судланишига оид маълумотларни эълон қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG