Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик опера қўшиқчиси гран-при совринини олди


Нукуслик опера қўшиқчиси Женисбек Пиязов Муслим Магомаев номидаги Иккинчи халқаро вокалчилар мусобақасида.

Нукуслик опера қўшиқчиси Женисбек Пиязов Муслим Магомаев номидаги Иккинчи халқаро вокалчилар мусобақасида.

Ўзбекистонлик бас-баритон Женисбек Пиязов Москвада бўлиб ўтган Муслим Магомаев номидаги II Халқаро вокалчилар танловида гран-при совринини қўлга киритди. Ўзбек ижрочиси финалда 10 мамлакатдан келган 17 нафар қўшиқчи орасида ғолиб, деб топилди.

Москвадаги Крокус-Сити холлда 20 ва 21 октябр кунлари Муслим Магомаев номидаги II Халқаро вокалистлар танлови бўлиб ўтди.

Турли мамлакатлардан келган 200 нафар ижрочидан жаҳондаги мумтоз ва эстрада мусиқасининг таниқли намояндалари томонидан мусобақа финалига 17 қўшиқчи танлаб олинди.

Танлов ҳакамлари ҳайъатига бу йил СССР халқ артисти, Катта театр солисти Тамара Синявская бошчилик қилди. Ҳайъатга СССР халқ артисти Елена Образцова, таниқли эстрада қўшиқчиси Лайма Вайкуле, СССР ва Озарбайжон халқ артисти Фарҳод Бадалбейли, Россия халқ артисти, “Геликон-Опера” театри бадиий раҳбари Дмитрий Бертман ва Италиянинг Опера санъати академияси раҳбари Винченцо Де Вивалар кирган.



"Вокалчилар ҳам мумтоз қўшиқ, ҳам эстрада қўшиқларини ижро этишда ўз маҳоратларини намойиш қилдилар", дейди Озодликка Муслим Магомаев номидаги II Халқаро вокалистлар танлови ташкилотчиларидан бири Камилла Аҳрорбекова.

- Биринчи ўринни ўзбекистонлик Женисбек Пиязов эгаллади. У сўзсиз азамат йигит: барчада ажойиб таассурот қолдирди. Қолганлардан анча илгарилаб кетди, яъни танлов бошидаёқ жюри уни аллақачон ажратиб бўлган эди, дейди танлов ташкилотчиларидан Камилла Аҳрорбекова.



Женисбек иқтидорли ўзбекистонлик санъаткорлардан бўлиб, ўзининг бетакрор овози билан Крокус-Ситига йиғилган кўпчиликнинг кўнглидан жой олди.
Унинг ашаддий мухлисларидан бирига айланган СССР халқ артисти Елена Образцова Женисбекни танловнинг бошқа иштирокчиларидан бир поғона устунлигини гапиради.

- Бу ўзбекистонлик қотмадан келган ажойиб бола бизни танлов бошидаёқ ўзининг кучли овози билан лол қолдирди. У мусиқани ҳайратда қолдирадиган даражада нозик ҳис қилиш ва саҳнани сезишга оид туғма қобилиятга эга. У ҳеч кимга ўхшамайди ва ҳеч кимга тақлид қилишга интилмайди. Бу жуда кам учрайдиган ҳол ва менинг баҳоларимга бошқалар бир овоздан қўшилди, - деди одатан мақтовларга хасис бўлган Елена Образцова.

Шундай қилиб, таниқли совет қўшиқчиси Муслим Магомаев хотирасига бағишлаб иккинчи маротаба ўтказилаётган бу танловнинг гран-приси ва 25 минг АҚШ доллари миқдоридаги соврин мусобақа жюриси томонидан бир овозда қорақалпоқ йигити Женисбек Пиязовга топширилди.

Шунингдек, 1-ўрин россиялик Сергей Плюсинга, 2-ўрин – белоруссиялик Анатолий Сивкога, 3-ўрин россиялик Ирина Костина ва германиялик Владимир Больдтга берилди.

Журналистларга берган интервьюсида Женисбек Пиязов эстрада қўшиқларини ижро этишга истеъдоди борлигини ўзи учун ҳам шу танловда кашф қилганини айтди.

Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ўз фаолиятини энди бошлаётган иқтидорли санъаткор, бас-баритон Женисбек Пиязов 1988 йилниг 9 майида Нукус шаҳрида туғилган. 2004 йилда Нукусдаги Ж.Шомуротов номидаги Мусиқа билим юртининг вокал факултетига ўқишга кирган.

Женисбек 2007 йилда Ўзбекистон Давлат консерваториясига қабул қилинган. Республика миқёсида вокал ижроси бўйича қатор соврин ва юқори ўринларни эгаллаган. У 2008-2010 йилларда Франция, Португалия, Малайзия, Испания ва бошқа мамлакатларда ўтказилган фолклор фестиваллари ва қўшиқ танловларининг иштирокчиси ва совриндоридир.

Женисбек Пиязов 2010 йилда Ўзбекистон Президенти буйруғи билан “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG