Линклар

Бу Россиянинг Калининград шаҳридан Озодлик радиосига қўнғироқ қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Шуҳрат Боймирзаевнинг қалб фарёдидир.


Россиянинг Калининград шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Шуҳрат Боймирзаев етти ой аввал банкдан кредит олиб, ҳали ҳам қарзидан қутила олмай, сарсон бўлаётганини айтади.

- Калининград шаҳрида ўзбек, қирғиз, тожик мигрантларига фоизга пул қарз берадиган “Мўл булақ” деган бир банк очилган экан. Ўша ердан кредит олувдик. Бизга 7 фоиздан дейишганди. Кейин билсак ойига 7 фоиз, йилига 72 фоиз экан. Қарзимизни тўласак ҳам фоизини тўлашни ҳеч иложи бўлмаяпти-да. Уч киши бўлиб 100 минг рубл олган эдик, бир йил муддатлик фоизи учун устига яна 100 минг рубл тўлашимиз керак бўляпти, - дейди Шуҳрат.

Санкт-Петербургда қурилишда ишлайдиган ўзбекистонлик Бобур ҳам “Мўл булақ”дан кредит олган.

– Жуда айёр қилиб қўйишган. Бир қарашда ўзи етти фоиз, бир пастда тўлаб ташлайман, деб ўйлайсиз. Лекин бу ойига етти фоиз. Яхшилаб ҳисоблаб чиқсангиз, ҳақиқатан бир йил ичида қарзни икки баравар қилиб қайтариб беришингизга тўғри келади. Мен бир марта олдим, бошқа олмайман, - дейди Бобур.



Икки йил аввал Россия кредит бозорида Қирғизистоннинг “Мўл булақ” банки Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирларига фоизли кредит беришни йўлга қўйган эди.

Ҳозирда “Мўл булақ” марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари фоизга қарз олишлари мумкин бўлган Россиядаги ягона банк ҳисобланади.

Кредит олиш учун муҳожир Россияда рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжат ва миграция карточкасини кўрсатиши кифоя.

Банкнинг Москвадаги шўъбаси ходими Вячеслав Дяков кредит олувчиларга қарз олишдан олдин банк билан имзоланадиган шартномани яхшилаб ўқиб чиқишни тавсия қилади.

- Ҳар қандай банк кредит берар экан, фоиз олади. Бизда ҳозир бу фоиз ойига олти фоизни ташкил қиляпти. Мижоз қанча узоқ муддатга қарз олса, шунча кўп фоиз тўлайди. Бизда қарз олиш муддати уч ойдан бир йилгача. Масалан, сиз банкимиздан 20 минг рубл кредитни 6 ой муддатга олсангиз, ойига 1200 рубл устига фоиз минади ва қарз учун ҳар ой тўрт минг рублдан тўлайсиз. Агар ойига тўланадиган шу 5200 рублни вақтида тўлаб бормасангиз, жарима ҳам қўшилади, - дейди “Мўл булақ” ходими.

Банкдан кредит олган Шуҳрат Боймирзаевнинг айтишича, муаммо фақат кредит фоизининг юқорилигида эмас.

- "Устига қўйилган фоизини ҳам тўлайман, қарзимни ёпинг, қутилмоқчиман" деб банкга борсам, "ёпмаймиз, уч киши бўлиб олгансизлар", дейди. "Мен ўзимникини ёпаяпман-ку" десам, "йўқ, шерикларинг ҳам узиши керак", дейди. Кейин билсак, бир-биримизни залог қилиб қўйган экан. Кредитни уч киши бўлиб, ҳар биримиз 35 мингдан олгандик-да. Шуни улар саккиз ойга берган-да. Ҳар ойда банкка 6400 рублдан тўлаб боришимиз керак. Лекин шартномада унақа нарса йўқ. Орадан бир икки ой ўтказвориб борсак, кунлик жаримаси ҳам бор экан. Кунига 123 рублдан уришибди. "Яна қўшимча тўлайсизлар", деяпти. Шу билан қарзимиз яна ошиб кетди, қандай бундан қутилишни билмаяпмиз, - дейди ўзбекистонлик муҳожир.

Россия банк тизимини яхши биладиган Москвада яшовчи Баҳодир Расуловнинг айтишича, бу ерда муаммо энг аввало қарз олувчиларнинг масъулиятсизлиги билан боғлиқ.

- Банк қарз берар экан, фоиз белгилайди ва шартлар қўяди. Шу шартлардан асосийси - ҳар ой тўланадиган тўловни вақтида тўлаш. Бир кун кечикса, фоиз минади. Албатта фоизлар юқори. Кимдир банкдан кредит олмоқчи бўлса, шартномани яхшилаб ўқиб чиқиши керак. Ўзи тушунмаса, юристга бирров кўрсатиши керак. Акс ҳолда, катта пулга тушиб қолиши ҳеч гап эмас, - дейди Баҳодир ака.

Калининградда ишловчи Шуҳрат эса банкдан олган қарзини тўлаб қутилганидан сўнг бошқа ҳеч қачон кредит олмаслигини айтади ва Россияда ишлаётган ҳамюртларига ҳам шуни тавсия қилади.

- Ҳозир тўрт ойдан бери ишлаб топаётган пулим қарзни тўлашга кетяпти. Уйга пул жўната олмаяпман. Бу ерда ишлаётган ҳамюртларга маслаҳатим: зарурат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам кредит олманг, - дейди Шуҳрат Боймирзаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG