Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:40

Саудия: Ҳаж ибодати давом этмоқда


Макка шаҳри яқинидаги Арафот тоғи, 2012 йил 25 октябр.
Макка шаҳри яқинидаги Арафот тоғи, 2012 йил 25 октябр.

Саудия Арабистонида миллионлаб мусулмон ҳаж ибодатини адо этмоқда. Пайшанба куни ҳожилар Макка шаҳри яқинидаги Арафот тоғига чиқдилар. Қуёш ботганидан кейин ҳожилар Мино ва Арафот тоғи ўртасида жойлашган Муздалифа томон йўл олдилар.

Муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига борган ҳожилар пайшанба куни Макка шаҳридан 19 километр нарида жойлашган Арафот тоғига чиқдилар.

Ҳаж амалларини бажараётган ўзбек зиёратчиларидан Нуриллоҳ ака Озодлик билан суҳбатда ҳожилар Арафотда ибодат билан машғул эканларини айтди.

- Суннатга мувофиқ кечани Минода ўтказдик. Кейин саҳардан соат ўнларга қадар ҳожиларимизни автобусларда Арофатга олиб келдик. Ҳозир ҳожилар ҳаммаси Арафотда жамланиб зикр, дуолар билан машғул, деди Нуриллоҳ ака.

Қорасувлик Мурод ака Арафотда зиёратчилар барча ибодатни жуда яхши бажараётганларини, улар учун қийинчилик йўқлигини қўшимча қилди.

- Алҳамдулиллаҳ, яхши, ибодатлар бўляпти. Мадинада бўлдик 3-4 кун. Маккага келдик. Мана ҳозир Арафотдамиз. Худога шукур ҳамма нарса етарли. Ибодатлар ҳам яхши бўляпти, деди Мурод ака.

Ҳожилар Арафотга борди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00


Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбек ҳожиларидан яна бири Шуҳрат ака Қурбон хайити намози жума куни Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамда ўқилишини айтди.

- Бугун Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни. Мана Арафот тоғига келиб зиёратда бўлиб турибмиз. Эртага Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамда, Каъбатуллоҳда хайит намози ўқилади деб эълон қилинди, деди Шуҳрат ака.

Кун давомида ибодат билан машғул бўлган ҳожилар қуёш ботганидан сўнг Мино ва Арафот тоғи ўртасида жойлашган Муздалифа томон йўл оладилар. Жума куни шайтонга тош отиш амалини бажарадилар.

Яқин Шарқ минтақасининг айрим давлатларида кескинлик кучайгани боис Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж диний ибодат эканиин таъкидлаб, зиёратчиларни ҳаж пайтида сиёсий провокациялар уюштирмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Саудия ҳукумати ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш ишларига 100 мингдан ортиқ полиция, хавфсизлик, мудофаа ва бошқа хизматлар ходимларини жалб қилган.

Айни пайтда, ҳаж амаллари бажариладиган жойларга қарийб уч мингта кузатув камералари ўрнатилган.

Саудиянинг Паспорт департаментига кўра, Макка ва Мадина шаҳарларига киришда ҳаж зиёратини бажаришга рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлмаган 60 минг одам тўхтатилиб ортга қайтариб юборилган.

Макка ҳокими Шахзода Ҳолид ал-Файсалга кўра, бу йилги ҳаж ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига хориждан 1,7 миллион мусулмон келган. Улар орасида беш минг нафар ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам бор.

Бу йилги ҳаж ибодатини 3 миллиондан ортиқ мусулмон бажармоқда.

Ҳаж Ислом динининг беш асосий рукнидан бири бўлиб ҳам жисмоний, ҳам моддий, ҳам руҳий ибодат ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG