Линклар

logo-print

Қурбон ҳайити муносабати билан Озодликка сўзлаган суҳбатдошларга кўра, янги келини бор баъзи хонадонлардан "келин салом" тадбирини ўтказмаслик тўғрисида тилхат ҳам олинган.


Қурбон Ҳайити куни Ўзбекистонда дам олиш куни, деб эълон қилинган. Жума куни тонг саҳардан барча масжидларда ҳайит намозлари ўқилди.

Одатдагидек, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда байрам муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги жоме масжидларига минглаб намозхон йиғилди. Хусусан, Тошкентдаги “Имом Бухорий” — халқ орасида “Чиғатой”, деб юритиладиган масжидга ҳам минглаб одам йиғилди.

Тунда ёққан ёмғир ҳаво ҳароратини анча туширганига қарамай, мусулмонлар вожиб амал саналган байрам намозини адо этиш учун ошиқдилар.

Тошкентдаги "Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имоми Раҳматуллоҳ хожи бугунги ҳайит номози байрамона шукуҳда ўтганини айтди.

- Жуда чиройли бўлди. Масжидимизга тўрт минг атрофида одам келди. Ёмғир ёққани учунми, бу сафар озроқ бўлди. Рамазон ҳайитидаги каби бўлмади. Ўтган ҳайитда ўн минг одам мажидимизда байрам номозини адо этган эди. Энди рамазонда ўттиз кун рўза тутиб ҳайитни кутади, бошқача бўлади-да, дейди Раҳматуллоҳ хожи.



Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига кўра, бу йил Ҳаж зиёратига 5000 дан зиёд ўзбекистонлик жўнатилган.

Кўп асрлик анъанага мувофиқ бу кунда мусулмонлар яқинларини йўқлайди, қабристонларни зиёрат қилади.


Бу йил Қурбон ҳайит ҳам “Келин саломлар”сиз бўлади

Тошкент шаҳри ва вилоятида йиллар давомида урф бўлиб келган келинларнинг “ҳайит саломи” эса 2012 йилдан тақиқланган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, пойтахтнинг айрим маҳаллаларида янги келин туширган оилалардан ҳайитни ўтказмаслик борасида тилхат ҳам олинган.

– Бу сафар аввалги ҳайитдан ҳам қаттиқ бўляпти. Жуда қаттиқ огоҳлантиришяпти, деб билдирди тошкентлик Адҳам ака.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги” қарори қабул қилинган эди.

Лекин, қатъий чекловларга қарамасдан, Озодлик манбалари Тошкентнинг айрим маҳаллаларида ўтган Рамазон ҳайити куни “келин салом”лари яширинча ўтказилганини айтишганди.

- Бу сафар ҳам айримлар кичкина қилиб келин саломларини ўтказворишса керак. Лекин, энг муҳими, келин саломларда аввалгидай ҳашамлар йўқолди, дейди Адҳам ака.

Россияда Қурбон ҳайити

Россия пойтахтида ҳаво ҳарорати пасайиб кетганига қарамай, юз мингдан зиёд мусулмон Қурбон ҳайити намозини адо этганлар, айрим жойларда автомобил йўлларида тўсиқ пайдо бўлган.

Масжидларда кўпчиликка жой етмаган, улар кўчанинг ўзида номозларини адо этганлар.

- Номозни кўчада ўқивордик. Москвада мусулмон кўп, масжид етишмайди, дейди Москвада ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир ишчи Очилбой.

Москва шаҳридаги мусулмонларнинг сони 2 миллион билан 5 миллион нафар, дея тахмин қилинади. Бироқ шаҳардаги масжидлар сони бунга монанд эмас.

Олдинги йилларда Москвада катта кўчанинг ўзида жонлиқ сўйиш ҳоллари бўлган, бу маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган.

Москвада кўп асрлар давомида мусулмонлар жамоаси бўлиб келган, уларнинг сони охирги йилларда Россия жануби, Марказий Осиё ва Кавказдан борган муҳожирлар ҳисобига кўпайган.

Мусулмонларнинг сони кўпайгани эса шаҳар аҳолиси орасида норозиликларга ҳам сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Қурбон ҳайити муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин ва Бош вазири Дмитрий Медведев мусулмонларга табрик йўллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG