Линклар

Россия муҳолифатининг таниқли етакчиси Сергей Удалцов президент Владимир Путинга қарши оммавий исённи уюштиришга уринишда айбланди.

Россия Тергов қўмитаси матбуот вакили Удалцов жума куни ўтказилган сўроқ чоғида айбловни тан олмаганини айтди.

Қўмита сўровига биноан жума куни сўроққа борган Удалцов микрофон тутган журналистларга ўзини айбсиз, деб билишини қайта таъкидлади.

- Мен бегуноҳман. Бошимни тик тутган ҳолда ичкарига кираяпман. Агар улар мени ҳибсга олишса, жамоатчилик сукут сақлаб турмас ва бунга оммавий норозилик бўлар, деб умид қиламан, деди Удалцов.

Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркинга кўра, Удалцов ҳибсга олинмаган, аммо унга Москвани тарк этиш тақиқланган.

Ўтган ҳафтада Россия терговчилари Сергей Удалцов, унинг ёрдамчиси Константин Лебедев ва Леонид Развозжаевлар устидан жиноят иши очган эди.

Ҳозир Константин Лебедев ва Леонид Развозжаев ҳибсда сақланмоқда.

Жиноят иши эса Россия расмий телевидениесида бу уччовлоннинг исёнга ҳозирлик кўраётгани айтилган репортаж берилганидан сўнг очилган.
XS
SM
MD
LG