Линклар

logo-print

“Zara” ҳам ўзбек пахтасини бойкот қилмоқчи

  • Ҳурмат Бобожон

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари пахта теряпти

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари пахта теряпти


Жамоат ташкилотлари “Zara” кийим-кечак дўконлари тармоғини назорат қилувчи Испаниянинг “Inditex” ширкати, ва ниҳоят, уларнинг чақириғини инобатга олишга мажбур бўлган, деб ҳисобламоқда.


Болалар меҳнатига қарши курашувчи Walk Free ташкилоти минглаб фаолларининг мурожаатлари ортидан “Inditex” ширкати мажбурий меҳнат эвазига етиштирилаётган ўзбек пахтасини бойкот қилажаги ҳақида билдирди.

- Бутун дунё бўйлаб Walk Free гуруҳининг минглаб фаоллари Facebook ва Twitter тармоқлари орқали “Zara”ни ҳам ўзбек пахтасини бойкот қилган тўқсондан ортиқ ширкат сафига қўшилишга чақирди. Мурожаатларимиз ортидан ширкат Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга чек қўйишга қаратилган амалимизга қўшилишга ваъда берди, деди Сиднейдаги Walk Free ташкилоти матбуот вакили Раня Алкадамани.

Маркази Испанияда жойлашган “Inditex” ширкати бу борада Озодлик радиосига юборган ёзма баёнотида ширкатнинг Ўзбекистондан пахтани хом ашё сифатида тўғридан-тўғри сотиб олмаслиги ва шу боис, ўзбек пахта саноатига алоқаси йўқлиги ёзилган.



Айни пайтда, “Бангладешдаги ҳамкорларимиз билан Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиётини тўхтатишини таъминлаш чоралари устида ишламоқдамиз”, дейилади яна баёнотда.

Бу йил Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини далага олиб чиққанлар жазоланиши эълон қилинган эса-да, айрим вилоятларда 5 ва 9-синф орасидаги мактаб ўқувчилари далага олиб чиқилгани кузатилди.

Шунингдек, давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотлар, тиббиёт муассасалари ходимлари, доктор ва ҳамширалар, ўқитувчилар, аскарлар, масжид имомлари, вазирлик ва банк ходимлари пахта теришга мажбурланди.

- Ўзбекистондаги ҳукумат бу йил юз минглаб фуқарони пахта теришга жалб этди. Теримга чиқмаганлар ишдан ҳайдалиши ҳақида огоҳлантирилди. Ўн ёшгача бўлган болалар ҳам пахтага олиб чиқилди. Вазиятни ўрганмоқчи бўлган ҳуқуқ фаолларига таҳдидлар қилинди. Ҳукумат ҳали ҳам Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистонда болалар меҳнати билан боғлиқ муаммони ўрганишига рухсат бермаяпти, дейди Раня Алкадамани.

Вашингтондаги Cotton Campaign ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, бу йил Ўзбекистонда давлат ишчиларининг 16 фоизи пахта теримига жалб этилган.

Бу йилги пахта мавсумида Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларида бўлиб қайтган Cotton Campaign фаоли Мэттю Фишер-Дали далаларда болалар пахта тераётганини кўрганини айтган.

Айни пайтда Walk Free ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини пахта теримида мажбурий меҳнатдан буткул воз кечтиришга қаратилган кампаниясини давом эттираётганини айтмоқда.

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати балоғатга етмаганларни пахтага олиб чиқмаслик ҳақида фармон чиқарган, мактаб ўқувчиларини ёппасига пахтага сафарбар этмаган ва мактаблар ёпилмаган, мана шуни етарли эмасми, деб сўрадик Walk Free ташкилоти вакилидан.

- Албатта етарли эмас. Биринчидан, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонга қўйилмаётган экан бу мамлакатда болалар меҳнатига чек қўйилганига ишонч ҳосил қилолмаймиз. Иккинчидан, шифокорлар, давлат корхонлари ишчилари, катталар пахта теришга мажбурланмоқда. Бу ҳам мажбурий меҳнат, - дейди Сиднейдаги Walk Free ташкилоти матбуот вакили Раня Алкадамани.

Ўзбекистонда пахта хом ашёси етиштирилишидан тортиб, унинг товар шаклида бозорга олиб чиқилишигача бўлган жараёнда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари кузатилади.

Пахта даласида болалар мажбуран эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг ўнлаб ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG