Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:55

Москвада Ҳайит намозига 150 минг одам йиғилди


26 октябр куни Москвада ёға бошлаган қор ва ёмғирга қарамасдан намозга йиғилган мусулмонлар 4 та масжид ва махсус ажратилган 3 та майдонда намоз ўқиди.


26 октябр куни ҳаво ҳароратининг 0 даража атрофида бўлгани ва қор аралаш ёмғир ёғаётганига қарамасдан, Москва масжидлари ҳамда байрам намози учун махсус ажратилган учта майдон намозхонлар билан тўлиб-тошди.

Ҳайит намози ўқиладиган пойтахт масжидлари ва майдонлар атрофидаги кўчаларда транспорт ҳаракати Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан чекланди.

Москва Жоме масжидига туташган кўчалар эса полиция томонидан вақтинчалик тўсиб қўйилди.

Москвада Қурбон Ҳайити намози ўқилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:12 0:00


Одатдагидек, диний ибодатга бош бўлган Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнуддин барча мусулмонларга табрик йўллаб, диндорларни ахлоқ-одоб ва атрофдагиларга ҳурматни сақлашга чақирди.

- Бу байрам бизни яхши бўлишга, бировни ҳурмат қилишга ва тинчликни қадрлашга ўргатади. Биз, диндорлар биродарлармиз. Бир-бирларимизни ҳурмат қилишимиз керак. Ахир қурбонлик келтирилаётган молнинг учдан икки қисми камбағал, ночор, муҳтож ва қўшниларга тарқатилиши бизни Оллоҳ ва яқинларимизга яхшилик қилиш йўлида тарбиялайди, деди муфтий Равил Ғайнуддин.



Ўз нутқида, Россия бош муфтийси, Москванинг деярли ҳар бир округида биттадан масжид қурилиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади.

- Мусулмонлар ўзларига бўлган бундан-да юқорироқ ҳурматга сазовор. Уларга пойтахтнинг ҳеч бўлмаганда, ҳар битта округида масжид қуришга ижозат берилиши керак. Ўнлаб видео камералар бунга гувоҳ: одамлар бугун трамвай йўлаклари, йўллар, тротуарларда ёмғир ва қор остида ибодат қилмоқдалар, дея Москва мусулмонлари истакларини билдирди муфтий Равил Ғайнуддин.

У, шунингдек, Москвани “2 миллиондан ортиқ мусулмон яшаётган улкан мегаполис”, деб таърифлади.

Эски биноси бузилиб, бир неча йилдан бери янгиси қурилаётган Москва Жоме масжиди ён-атрофидаги кўчаларга жамланган мусулмонларга муфтий Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Дмитрий Медведев, Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко, Москва мэри Сергей Собянин ҳмда бошқа давлат ва жамоатчилик арбоблари номидан юборилган табрикларни ўқиб эшиттирди.

Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, пойтахтдаги байрам маросимлари иштирокчилари тинчлигини 3 мингдан зиёд полиция ва ҳарбий сақлаётгани, мусулмонлар йиғиладиган барча йирик масканларда металл детектори мосламалари ўрнатилган.



Тинчлик ва тартибни сақлашга кўп сонли полиция ва ҳарбийлар қисмлари ташланганига қарамасдан, айрим хабарларга кўра ҳайит намозидан қайтаётган мусулмонлар орасида тиқин юзага келган ва диндорларнинг Тинчлик проспектига чиқиб кетиши натижасида трасса бироз муддатга тўсиб қўйилган. Айрим оммавий ахборот воситаларида бу воқеанинг ҳатто видеотасвири узатилди.

Лекин бу хабар Москва Ички ишлар мутассадилари томонидан тасдиқланмади: видео шу йил ёзда Рамазон ҳайити вақтида олингани аниқланди.

Москвадан ташқари, Подмоскове ва Москва вилоятининг 18 шаҳри, 2 қўрғони, жумладан, Балашиха, Коломна, Митишчи, Нарофоминск, Подолск, Сергиев Посад, Солнечногорск, Пушкино ва бошқалар ҳудудларда ҳам мусулмонларнинг намоз ўқиши учун махсус жойлар тайёрлангани хабар қилинди.

Қурбон ҳайити арафасида Россия Муфтийлар кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин Озодликка берган эксклюзив интервюсида масжидлар қўрилиши масаласи билан биргаликда, шаҳарда қурбонлик келтиришнинг янги қоидалари жорий қилинганини маълум қилди.

- Агар, Қурбон ҳайит кунида, ҳайит намози ўқилганидан сўнг мусулмонлар ўзлари топган қурбонликларини шаҳар ўртасига келтириб, масжиднинг ён-атрофларида, очиқдан очиқ жойларда қон тўкишга киришсалар, бу ҳол албатта бизнинг қўшниларимиз бўлган рус халқини нафратлантиради.

Бундай ҳоллар лекин кузатилди... Шунинг учун “Ислом дини вахшийлар, қонхўрлар дини!”, деб мусулмонларга, юртдошларга шундай муносабат пайдо бўлишига мусулмонларнинг ўзлари сабабчи бўлмоқда. Шунинг учун, бундай ҳолларни тугатиш учун биз мол сўйиш учун махсус жойларни ташкиллаштирдик, деди муфтий Равил Ғайнуддин Озодлик билан суҳбатда.

Шайхнинг сўзларига кўра, бу йил Россия пойтахти ҳокимияти ва Диний бошқарма қарори билан қурбонлик келтирилаётган молларни сўйиш учун Москва атрофида 20 га яқин махсус кушхоналар ташкил қилинган.

Кушхоналардан энг йириги Москва вилояти Подолск тумани Сатино-Татарское қишлоғида ташкил этилган.

Шунингдек, “Ҳалол” маркаси остида гўшт маҳсулотлари кўплаб йирик савдо дўконларида сотилиши йўлга қўйилди.

Москванинг Марказий округи маъмурияти хабарига кўра, пойтахт марказидаги масжидлар атрофида Қурбон байрам куни алкогол махсулотларни сотиш ҳам тақиқланди.

Россия Федерациясининг Бошқирдистон, Татаристонда 25 октябр куни, Қабардин-Болқор, Қорачой-Черкес, Чеченистон, Доғистон, Адигея ва Ингушетия республикаларида 26 октябр куни Қурбон ҳайити дам олиш куни, деб эълон қилинган.

2011 йилда Москвада нишонланган Қурбон ҳайитига, Россия Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, жами 170 минг одам йиғилган.
XS
SM
MD
LG