Линклар

logo-print

Европанинг аксар давлатларида бир шаҳарда яшаётган мусулмонлар Қурбон ҳайити намозини бошқа кунларда ўқигани боис, Ислом дунёсидаги "ички ихтилоф" янада кучлироқ сезила бошлади.


25 октябр куни Саудия Арабистонида Ҳаж зиёратининг сўнгги кунидаги рукнлар адо этилди ва 26 октябр куни Каъбада Қурбон ҳайити намози ўқилди.

Аммо, Ҳайит намози баъзи давлатларда, жумладан, Туркия, Татаристон ва Бошқирдистонда 25 октябр куни ўқилди.

Натижада, дунё мусулмонлари йиғилган Каъбада ҳали Ҳаж зиёрати якунламаган ва бундан дунё воқиф бўлиб турган кезда: "Мусулмонлар Ҳайит намозини бир кунда ўқишга иттифоқ қилсалар бўлмасмиди?" деган савол яна кун тартибига чиқди.


"Туркия ҳам ҳисоб, ҳам ҳилолга қараб иш тутди"

Бу йилги Қурбон ҳайити кунининг белгиланишидаги тавофут Туркия, Татаристон ва Бошқирдистон мусулмонлари диний бошқармалари берган қарор ортидан юзага чиқди.

Бу давлатлар тақвимларида Қурбон ҳайити куни аввалдан тайин қилинди ва шу тақвим асосида байрам нишонланди.

Аммо, байрам арафасида эҳтимолий тафовут бобида баҳс-мунозара кучайгани ортидан Туркия Дин ишлари вазирлиги октябр ойининг 16 кунида дунёнинг уч нуқтаси – Антарктика, Жанубий Америка қитъалари ва Эквадор ҳамда Перуда ҳилол ой кўринганини асос қилиб, 25 октябрнинг Қурбон Ҳайити биринчи куни, дея аввалдан эълон қилганини оқлади.

Шу тариқа, Туркиянинг дунёнинг барча қитъаларида жойлашган маданий марказлари, Россиянинг Татаристон ва Бошқирдистон республикаларида 25 октябр куни Ҳайит намози ўқилди, қурбонликлар сўйилди.

Аммо, Россиянинг бошқа барча ҳудудида Ҳайит намози 26 октябрда ўқилди.

Бу ҳол илк бор учраётгани йўқ, аммо шу гал тавофутнинг янада чуқурлашгани, яъни, Европанинг қатор давлатларида, жумладан, Прагада ҳам бир шаҳар, бир уйда яшаб турган мусулмонларнинг бошқа-бошқа кунларда намоз ўқигани кузатилди.

Яъни, Туркия Ислом-маданий марказларига қатнаган мусулмонлар 25 октябр, араб маданий марказлари ва масжидларига қатнаган мусулмонлар эса 26 октябр куни Ҳайит намозини ўқидилар.


Тафовут ҳилол ва ҳисоб оралиғида

Мусулмонлар ўртасида айнан ой тақвими бобидаги ихтилофларга бир йил давомида ечим излаган туркиялик тақводор журналист Форуқ Кўса бунда муаммо кимнингдир ҳилол ойнинг кўриниши, яна кимнингдир астрономик ҳисобларга қараб иш тутишида эмас, балки мусулмон дунёсидаги сиёсий режимлар орасидаги тафовутларда, деган хулосани тилга олди.

Ҳақиқатда ҳам ой тақвимидаги кунларнинг ҳисобини олдиндан аниқ олиш имконсиз экани, баъзан бир ой қуёш тақвими ҳисобидаги 29 ярим кун, баъзан 30 кун, баъзан эса 29 яримга кунга етар-етмас бўлиши мумкинлигини таъкидлаган Форуқ Кўса бу масалага Туркия ҳукумати ёндошувини оқламаслигини айтди.

- Туркия Дин ишлари вазирлиги бунда ойнинг кўриниши билан эмас, балки астрономик кузатувлар асосидаги ҳисоб-китоб билан иш кўриш йўлини танлаган ва бу қарор Туркиянинг Саудия Арабистони ёки унга эргашган давлатлар билан айни масаладаги ихтилофига сабаб бўляпти, дейди Форуқ Кўса.

Туркия диндорлари қарорини маъқуллаган Татаристон пойтахти бош қозиси Маҳмут ҳазрат Шарофутдинов эса янги технологиялар эмас, кўпроқ эски услубларга таянган араб диёри диний раҳнамолари янги ой кўринишини аниқлаш борасида баъзан камчиликларга йўл қўяди, деган хулоса билан Туркия диндорлари қарорини маъқуллади.

- Ҳозир Оллоҳга шукр, техника ривожланган замондамиз ва ҳаммасининг тахминий ҳисобини олдиндан олиш мумкин. Яъни, биз 25 октябр куни Қурбон ҳайити намозини ўқидик ва шариатга зид иш қилмадик, бунга менинг иймоним комил.
Ҳозир ақлли мусулмонлар Маккага қараб эмас, балки шариатга қараб иш юритадилар. Саудия Арабистонида баъзан янги ой ҳисобини олишда камчиликка йўл қўйиш ҳоллари кузатилган, деди Маҳмут ҳазрат.

У киши айтгани каби, ҳозир сонияларни минглаб улушларга бўлиб ҳисоб юритувчи техник ускуналарнинг мислсиз тараққий этган замонида: "Наҳот дунё мусулмонлари ҳилолнинг ҳисобини олиш ва бу борада бир иттифоққа келиш имконини қилолмаса?" деган саволимизга ҳам икки тақводор икки хил жавоб берди.


Маҳмут ҳазрат Шарофутдинов: Бу масалада иттифоққа ҳожат йўқ

Қозон шаҳри бош қозиси Маҳмут ҳазрат Шарофутдиновга кўра, мусулмонлар орасида ой тақвими устида иттифоқ аввал ҳам бўлмаган ва бундан кейин бўлишига ҳам эҳтиёж йўқ.

- Гап бир неча соатлардаги тафовут ҳақида бораётган бўлса, бунақа ваҳимага тушиб мулоҳаза юритишга ҳожат йўқ. Муҳими, амалингиз шариатга зид бўлмаслиги керак ва Оллоҳнинг ҳузурида қабул бўладиган даражада мукаммал бўлиши керак.

Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳали рўза тутишни бошламаган вақтларида рўзани бошлаб юборган яманликларнинг : “Энди биз нима қилайлик?” деган саволига: “Ҳилолни қачон кўрган бўлсангиз, унга кўра иш тутинг”, мазмунида жавоб берганлар, деди 25 октябр куни ҳайит намозини адо этган Қозон шаҳри қозиси Маҳмут ҳазрат Шарофутдинов.


Форуқ Кўса: Иттифоққа зарурат бор, аммо бунга истак йўқ

25 октябр куни Ҳайит намозини ўқиган юртдошларига қўшилмаган ва намозни 26 октябр куни ўқиган туркиялик тақводор журналист Форуқ Кўса ислом давлатлари ўртасида Қурбон ҳайитини нишонлаш бобида ихтилофнинг юзага чиққани сабабларини режимлар билан боғлади.

- Аслида бу ерда қилиниши керак бўлган иш шуки, ҳисобга таянган ислом ўлкалари ҳам, янги ойнинг кўрнишига қарайдиган илом ўлкалари ҳам биттадан ёки иккитадан вакилини дунёнинг ҳилол илк кўриниши мумкин бўлган нуқталарига юборади.

Вакиллар боради, кўради ва ҳисобчилар билан иттифоқликда гувоҳлик беради. Яъни, ҳисобга асосан ҳам, ҳилолга асосан ҳам шу қадар жўн ҳал қилиш мумкин бўлган масалани Ислом ўлкалари нега бу қадар ихтилофга айлантирган – шахсан мен ҳайронман, биласизми?

Бунинг сабаби, менимча, баъзи ислом ўлкаларининг қироллик, баъзиларининг диктаторлик, яна баъзиларининг яна алламбало тизимлар остида қолаётганидадир. Яъни, бунинг сабаби ҳеч бир ислом давлатининг Ислом дини қоидалари асосида юритилмаётганидадир, дейди Форуқ Кўса.


Ҳайит намозини икки кун ўқишга мажбур қолганлар ҳукми

Ислом оламидаги ихтилофлар боис қайси жамоага эргашишини билолмай қолган Европадаги ўзбек намозхонларидан бири шундай саволни ўртага ташлади:

“Мен 25 октябр куни туркиялик мусулмонлар билан Қурбон ҳайити намозини ўқидим. Кейин эса эртаси куни қолган мусулмонлар билан бирга яна бир марта Ҳайит намозини ўқишга қарор қилдим. Иншаоллоҳ, икки намозимдан бири Оллоҳнинг ҳузурида қабул бўлар, деган фикрдаман. Шу тутган йўлим тўғрими?”

Бундай савол жуда кўплаб мусулмоннинг хаёлидан ўтган бўлса ажаб эмас.

Гарчи бу саволнинг жавоби, охир-оқибат, яна ихтилофларга тақалиб қолиши эҳтимоли бўлсада, тингловчининг илтимосига биноан аҳли илмлардан бу саволга жавоб олишга уриндик.

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги Марказий масжиднинг Фарғонада водийсида танилган имом-хатиби Рашод қори Камолов бу саволга жавоб берар экан, мусулмон одамнинг танлови унинг эътиқодидан келиб чиқиши ва бунда "ё униси, ёки буниси" қабилида иш тутиш тўғри эмаслигини айтди.

Қуйида Рашод қори Камолов билан ҳамда бу йил Ҳаж зиёратига борган мусулмонлар билан суҳбат ўрин олган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG