Линклар

logo-print

Жиззахда сув жиҳозлари ўрнатиш баҳонаси билан 68 миллион сўм ўзлаштирган мансабдор ушланди. Сурхондарёда газдан асоссиз қарздор бўлиб қолган фуқарога ҳаққи қайтарилди. Маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Валютафурушлар жаримага тортилди

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди ноқонуний валюта олди-сотдисида айбланган Фарҳодхўжа Усмонхўжаевга энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баравари миқдорида (3 миллион 730 минг сўм) жарима жазоси тайинлади (“Адолат кўзгуси”, 25 октябр). Ноқонуний олди-cотди қилинган 7000 доллар давлат фойдасига мусодара қилинган.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Шайхонтоҳур филиалига қарашли валюта айирбошлаш шахобчаси олдида фуқаролар Севинч Ҳамидова ва Дилором Азимова ҳам доллар сотаётганда ушлаган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти вакили Шавкат Усмоновга кўра, “уюшган гуруҳ аъзолари валюта айирбошлаш шахобчасидан ўз фуқаролик паспортига АҚШ долларини банк курси бўйича сотиб олиш учун фуқароларни топиб, уларни пул маблағлари билан рағбатлантириш эвазига ўз жиноий ҳаракатларига шерик қилишган. Ушбу долларфурушлар валюта айирбошлаш шахобчаси олдида сунъий равишда навбат ташкил қилиш, бегоналарни шахобчага қандай йўл билан бўлмасин яқинлаштирмаслик учун сунъий жанжал уюштиришдан ҳам тап тортмаганлар”.

Экологик ҳаракат вакили ҳайвонот оламини ҳимоя қилиб чиқди

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Холбоев “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш ва халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади (“Экоҳаёт” 24 октябр). 2006 йилда нашр этилган

Ўзбекистон “Қизил китоби”га 184 турдаги ҳайвон киритилган. “Кейинги йилларда аҳоли сонининг ўсиши, унинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг ортиб бориши оқибатида табиий ресурсларга нисбатан эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. Бу ҳолат ҳайвонларни ноқонуний овлашга, уларнинг яшаш муҳитларининг вайрон бўлишига, ареалларининг қисқаришига, айрим турларнинг эса қирилиб кетишига сабаб бўлмоқда” деб ёзади Фахриддин Холбоев.

Қонунчилик палатаси депутати юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонот дунёси объектларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб кириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш кераклигини қайд этади.

Жиззахда қонунбузар мансабдорлар ушланди

“Жиззахтумангаз” филиали раҳбари А.Насриддинов давлат маблағини талон-тарож қилишда айбланди. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раиси Собиржон Матибрагимовнинг “Куч адолатда” газетасига маълум қилишича, Насриддинов банк тўлов топшириқномаларини қалбакилаштириш орқали ходимлар иш ҳақидан 2 миллион 250 минг сўм ўзлаштирган. Тергов даврида зарарни қоплаган мансабдорга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

Жиззах вилояти “Сувоқава” ишлаб чиқариш бошқармаси бўлим бошлиқлари Ф.Ўралов ва С.Маматов ҳам айни шундай жиноятда айбланган. Қайд этилишича, “Сувоқава” идораси хонадонларга сув ҳисоблаш асбоби ўрнатиш учун “Ипотекабанк”дан 396 миллион сўм кредит олган. Ўралов ва Маматов ушбу лойиҳа доирасида ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали 68 миллион сўм ўзлаштирган.

Тергов даврида “Сувоқава” бошқармаси расмийлари 61 миллион сўм зарарни қайтарган. Уларга энг ойлик иш ҳақининг 310 баравари миқдорида жарима ва ойлик маошидан 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан икки йил ахлоқ тузатиш жазоси берилган.

Солиқ юки бир фоизга камайтирилади

Вазирлар Маҳкамасининг 25 октябр кунги йиғилишида мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари истиқболи ва 2013 йилги давлат бюжети лойиҳаси муҳокама қилинди (“Халқ сўзи”, 26 октябр). Мажлисда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг биринчи шкаласи бўйича энг кам ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга пасайтирилиши маълум қилинди.

“Бу эса ўз навбатида жисмоний шахслар ихтиёрида қарийб 186 миллиард сўм, шу жумладан, энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бароваридан кам ҳақ олувчи 2,7 миллион кишига қўшимча 120 миллиард сўм даромад қилиш имконини беради” деб ёзади Вазирлар Маҳкамаси нашри.

“Ўқувчи нега мактабга бормади?”

Тошкентдаги жамоат транспортида чиптачилик билан шуғулланаётган мактаб ёшидаги ўсмирларни кўриш мумкин (“Новый век”, 25 октябр). Журналист мактаб ёшидаги бола нега ўқишга бормасдан ишлаб юрганини суриштиради. Чиптачи бола жавоб беришни истамайди, ҳайдовчи ва атрофдаги йўловчилар ҳам “сенинг нима ишинг бор” дегандек муносабатда бўлади.

Мақолада боланинг тарбиясида меҳнатнинг ўрни катта экани, аммо бу мактабдан қолиш эвазига бўлмаслиги кераклиги қайд этилади. “Болаларнинг дарсга бормагани учун ким жавоб беради? Ишлаётган ўқувчиларнинг билими пировардида қандай баҳоланади?” деб савол қўяди Ольга Шакирова. Муаллиф, шунингдек, болаларнинг ўқишини назорат қилиш борасида жамоатчилик ва маҳаллани фаол бўлишга ундайди.

Асоссиз 1,3 миллион қарз қайтарилди

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри газ идораси шу ерлик Анвар Ботировни асоссиз равишда 1 миллион 361 минг сўм қарздор қилиб қўйган (“Адолат”, 26 октябр). Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси масъул ходими Умида Мансуровага кўра, фуқаронинг мурожаати асосида вазият ўрганилган. Маълум бўлишича, газ назоратчиси хонадонда яшовчилар сонини кўпайтириб кўрсатган ва натижада катта миқдорда асоссиз қарз юзага келган.

“Девордаги арабий ёзув жинларнинг иши бўлиши мумкин”

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Арабхона маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жўрақул Аннақулов фарзанди учун уй қуришга киришади. Пахса девор урилганидан икки кун ўтиб деворда арабий ёзувлар пайдо бўлади (“Даракчи”, 25 октябр). Аннақулов арабча ҳарфлар тагига етиш учун маҳаллий имомга мурожаат қилади. Маҳаллий дин пешвоси пахса девордаги ёзувларни Қуръон оятларидан парча деб баҳолайди.

Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бу “жинларнинг иши” бўлиши мумкинлигини айтади: “Самарқанд вилоятидаги пахса деворга ёзилган “ёзувлар” асло араб алифбосига ўхшамайди. Демак, ҳеч қандай оят ва сура эмас. Агар шундай бўлганида бирор жумласини ўқиган бўлардим. Назаримда, бу жинларнинг иши. Маълумки, айрим жинлар инсонларни ана шундай йўллар билан чалғитишга, ҳайратга солишга уринади”. Шайх Абдулазиз Мансур мусулмонларни хурофотга эргашиш ва асоссиз нарсаларни кўр-кўрона тасдиқлашдан қайтаради.
XS
SM
MD
LG