Линклар

Украинада ўтказилган парламент сайловида президент етакчилигидаги партия номзодлари парламентда кўпчилик ўринларни эгаллаши кутилмоқда.

Якшанба куни Украинада парламентидаги 450 та ўрин учун сайлов ўтказилди.

Фуқаролар ҳукуматнинг солиқ ва пенсия сиёсати ҳамда коррупцияга қарши кураш натижасидан норози бўлишига қарамай, таҳлилчилар президент Виктор Янукович етакчилигидаги "Регионлар” партияси парламентда аксар ўринларни сақлаб қолади, деган фикрда.

Президент Янукович фуқароларни “мамлакатнинг келгуси беш йилдаги тақдирини танлаш учун овоз бериш”га чақирди.

- Украина халқи овоз бериш орқали мамлакатнинг келгуси беш йилдаги тақдирини танлайди. Шу боис ҳар бир сайловчи фаоллик кўрсатиб, сайлов участкасига бориши ва овоз бериши керак, деди Украина президенти.

“Регионлар” партияси номзодларининг парламент сайловида яхши натижага эришиши 2015 йилда ўтказиладиган президентлик сайловида Виктор Януковичнинг қайта президент этиб сайланиши имкониятини ошириши айтилмоқда.

Айни пайтда озодликдан маҳрум қилинган мухолифат лидери Юлия Тимошенко сайловчиларни Янукович партиясини рад этишга чақириб, агар бу партия сайловда ғолиб чиқса, “диктатура” ўрнатилиши муқаррар эканидан огоҳлантирди.

Юлия Тимошенконинг сайловчиларга мурожаатини унинг қизи Евгения Тимошенко ўтган ҳафтада ўқиб эшиттирди.

- Бу сайловда ҳар бирингиз ўз ҳаётингиз учун овоз берасиз. Бу сайлов Украина ҳаёт-мамоти ва украин ғоялари учун курашдир. Ниҳоят, бу сайлов натижаси мамлакат, унинг ҳудуди, давлат монополиялари, табиий бойликлари, бюджети ва бошқа ресурсларининг эгаси ким эканини, яъни уларнинг эгаси сизми ёки мамлакатни бошқараётган бешта кланми эканини кўрсатади, дея баёнот берди Тимошенко.

Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланган Юлия Тимошенко ҳозирда олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Тимошенконинг қамоққа ташланганини қоралаб, буни Янукович томонидан олинган сиёсий қасос, дея баҳолаган.

46 миллион аҳолига эга бўлган Украинада ўтказилаётган парламент сайловида Юлия Тимошенконинг “Баткившина”, яъни “Ота юрт” партияси, коррупцияни таг-томири билан йўқотишни ваъда қилган бокс бўйича жаҳон чемпиони Витали Кличко тузган “Удар”, яъни “Зарба” номли янги партия ва собиқ Ташқи ишлар вазири Арсений Яценюк етакчилигидаги партиялар номзодлари мухолифатга хайрихоҳ бўлган фуқаролар овози учун курашмоқда.

Украинадаги парламент сайловларини қарийб 4 минг халқаро кузатувчи кузатмоқда. Уларнинг 700 нафардан кўпроғи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакилларидир.

Украина келаси йил январ ойида ЕХҲТ раислигини қабул қилиб олиши кутилаётгани сабабли ЕХҲТ матбуот котиби Нейл Саймон Украинадаги сайловга қизиқиш катта эканини таъкидлади.

- Украина 2013 йилда ЕХҲТ раислигини қабул қилиб олади. Шу боис бу мамлакат демократия бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини қандай бажараётганига эътибор кучаймоқда, деди ЕХҲТ расмийси.

Верховная Радага сайловлар аралаш тизим бўйича ўтказилмоқда, яъни 450 ўринли парламент депутатларининг ярми партия рўйхатлари бўйича, қолган қисми мажоритар округлардан сайланади.

Украинада сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 20:00 да ёпилди. Дастлабки натижалар бир оз ўтиб эълон қилиниши кутилмоқда.

Таҳлилчилар сайлов ҳақидаги ижобий хулосалар президент Виктор Януковичнинг халқаро миқёсдаги обрўсини яхшилашга хизмат қилади, дея фикр билдирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG