Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:43

Газ ва электр қаҳат Ўзбекистонда қишлашга тайëрмисиз?


Душанба¸ 29 октябр куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли¸ интерактив мулоқотда кучайиб бораëтган энергетик инқироз сабаб ва оқибатларини муҳокама қилдик.

Фавқулодда совуқ келган 2011-2012 йилги қиш мавсумида Ўзбекистон яқин тарихида мисли кўрилмаган газ ва электр тақчиллиги юзага чиқди.

Айни қиш мавсумида пойтахт Тошкентдан бошлаб вилоят марказларию туманлардаги хусусий ҳовлиларда мунтазам газ ва электр таъминотида узилишлар кузатилди¸ кўп маҳаллалар ҳатто газ қувурларидан узиб қўйилди.

Бутун мамлакат бўйлаб аксар кўп қаватли уйларга ҳам қаҳратон изғиринида исинишга етар-етмас газ¸ зимистонни ëритишга етар-етмас электр қуввати узатилди. Ўзбекистон бўйлаб хусусий ишлаб чиқариш корхоналари¸ хусусан новвойхона ва тегирмонлар газ ва светдан маҳрум қилинди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:25:52 0:00
Бевосита линк


Мактаб ва коллежларда талабалар ҳаво ҳарорати кўчадаги қаҳратондан фарқ қилмайдиган ўқув хоналарида ўқишга мажбур қилинди. Касалхоналар¸ хусусан туғруқхоналар ҳам қиш совуғи ва қоронғулигига ташлаб қўйилди.

Миллионлаб аҳолининг асос ташвиши қишдан қандай омон чиқиш бўлиб қолган узун қиш ойларида ҳукумат раҳбарларидан бирортаси халқ олдига чиқиб¸ на Ўзбекистонда энергетик инқироз мавжудлигини тан олди ва на унинг нима сабабдан юзага чиққани ҳақида изоҳ берди.

Мамлакатда йилдан-йилга кучайиб бораëтган газ ва электр тақчиллиги оқибатида ўтин ва ғўзапоя ҳам ноëб матоҳга¸ кўмир ва солярка эса¸ бойларнинггина қурби етадиган қимматбаҳо ëқилғига айланди.



Мустақилликнинг илк йилларида ниҳоясига етган Ўзбекистонни газлаштириш жараëнида уйларга ўрнатилган газ иситгичлари кесиб ташланиб¸ ўрнини ота-боболардан қолган қора печкалар эгаллади. Аксар қишлоқ аҳолисининг куни яна тезак¸ танча ва ëнмайдиган кукундан иборат “Каримовнинг қўмири”га қолди.

Амаллаб 2012 йил баҳорига чиқиб олган миллионлаб ўзбекистонликлар шу кунларда яна қўрқув ичида қишни қарши олмоқда. Ҳозирча расмийлардан бу қўрқувга тасалли бўлувчи бирор баëнот чиққанича йўқ.

Аксинча¸ 2012 йилнинг 1 октябридан газ нархини 14 фоизга оширган республика расмийлари аҳоли ва кичик бизнес эгаларини 2012-2013 йилги куз-қиш мавсумида яна газ таъминотидан узилишларидан огоҳлантирмоқда. Айни пайтда¸ ҳукумат томонидан “ижтимоий аҳамиятга эга эмас” деб топилган объектларнинг ҳаммаси 1 октябрдан бошлаб газ таъминотидан узиб қўйилди.

Ўзбекистон газ қазиб чиқариш бўйича дунëдаги энг йирик ўнлик сафига киради ва постсовет ҳудудида Россия ва Туркманистондан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Россия йилига Ўзбекистондан қарийб 15 миллиард куб метр газ сотиб олади ва 2012 йилда Газпром ҳар минг куб метр газ учун 220 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаганини эълон қилди.

Жорий йилдан Хитой ҳам ўзбек газининг яна бир йирик импортëрига айланди ва расмий матбуотнинг ëзишича¸ 2012 йил баҳоридан бошлаб Ўзбекистон Хитойга йилига 10 миллиард куб метр газ узатишга доир 2010 йилда имзоланган келишувни ҳалоллашга бошлади. Расмий манбаларга кўра¸ йил охирига қадар Хитойга 4-5 миллиард куб метр газ экспорт қилиш белгиланган.

Айни пайтда¸ Россия ва Хитойга аҳолидан сир тутиладиган нархда газ сотиш суръати ошиб борар экан¸ Ўзбекистонда янги газ конлари ишга туширилганига оид маълумот йўқ.

Хориж экспертлари тахминича¸ 1¸6 триллион куб метрдан кўпроқ табиий газ заҳирасига эга Ўзбекистонда¸ аксинча¸ газ қазиб чиқариш ҳажми йилдан йилга камаймоқда. Масалан¸ 2010 йилда мамлакатда 59¸1 миллиард куб метр газ ўзлаштирилган ва бу 2009 йилгига нисбатан 1¸5 фоизга камдир.

“Ўзбекнефтегаз” расмий хабарига кўра¸ мамлакатда йилига 70 миллиард куб метр газ қазиб олиш қуввати бор. 2008 йилда Ўзбекистон ички эҳтиëжи учун 52 миллиард куб метр газ ишлатилган ва кузатувчилар кейинги уч йил ичида бу кўрсаткичнинг кескин қисқариб кетганини таъкидламоқдалар.

Тахминларга кўра¸ хорижга газ экспорт қилиш ҳажми айнан ана шу қисқариш эвазига оширилмоқда.

Сиз билан биргаликда жавоб излайдиганимиз саволлар:

Ўзбекистоннинг йиллик газ ўзлаштириш потенциали “Ўзбекнефтегаз” айтган рақамга яқинми¸ ëки 70 миллиард куб метр газ газнинг ўзи каби ҳавойи рақамми?

Ўзбекистондаги табиий газ заҳиралари¸ айтилаëтган каби каттами?

Шунча катта (1¸6 триллион куб метр) газ устида яшаëтган мамлакат ва унинг халқи нега унда қишда совуқда ўтиришга мажбур?

Ҳукумат ва газ ширкатларининг Ўзбекистон эҳтиëжига етгулик газни қазиб олишига нималар монеълик қилмоқда?

Ҳар бир мамлакатда қиш мавсумида юзага чиқиш эҳтимоли бор фавқулодда ҳолатлар учун ажратилган давлат газ заҳиралари бор. Ўзбекистонда ҳам бундай заҳира борми? Бўлса¸ нега ўтган йилларда бу заҳира ишга солинмади?

Ҳукумат ва давлат аҳолини қишдан чиқиш учун лозим энергетик воситалардан маҳрум қилаëтган бир пайтда¸ Сиз қишга қандай кирмоқдасиз?

“Қишлаш”га ажратилган молиявий ва ëқилғи заҳиралари борми оилангизда?

Йилдан-йилга қиш аҳоли ҳолини танг қилаëтган қиш мавсумида "газ ва электр бер!" деган талаб билан ҳокимият тизимларига бирор марта мурожаат қилдингизми? Мурожаатингизга бирор жавоб бўлдими?

Ўзбекистонни энергетик инқироздан олиб чиқиш йўли¸ Сизнингча¸ қаерда?


OzodlikOnline жонли¸ интерактив мулоқотимизнинг 29 октябр¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган навбатдаги сонида ана шу саволлар атрофида фикрлашамиз.






Ozodlik Online” дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг “Facebook” саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг “Facebook” ва “Twitter” даги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG