Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:28

Украинадаги сайловда президент Янукович партияси олдинда бормоқда


Украина парламентига якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда президент Виктор Янукович етакчилигидаги “Регионлар” партияси пешқадамлик қилаяпти.

Бу ҳақда Украина Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

Ҳозирча сайлов бюллетенларнинг 25 фоизи ишлаб бўлинган ва айни пайтдаги натижаларга кўра, “Регионлар” партияси 37 фоиз овоз билан олдинда бораяпти.

Собиқ бош вазир Юлия Тимошенко раҳбарлигидаги бирлашган мухолифатнинг “Баткившчина” партияси эса 21 фоиз билан иккинчи ўринда бораяпти.

Бу орада мухолифат ҳам ўз ҳисоб-китобини юритмоқда ва унинг натижалари экзит-полл натижаларига яқиндир.

Экзит-полл натижаларига мувофиқ, “Регионлар” партияси тақрибан 30 фоиз, Тимошенконинг “Баткившчина” партияси 24 фоиз, таниқли боксчи Виталий Кличконинг “Удар” партияси 14-15 фоиз, “Свобода” радикал миллатчилар партияси ва Коммунистик партия 12 фоиздан овоз олган.

Сайлов натижаларига кўра, 5 фоизлик тўсиқдан ўта олган партиялар вакилларига Верховная Рададаги 450 ўриндан 225 та ўрин ажратилади.

Қолган 225 ўринга эса депутатлар мажоритар округлар бўйича сайланади. Мазкур округларда ҳам “Регионлар” партияси пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда эса мустақил номзодлар бораяпти. Мажоритар округларда мухолифат вакиллари партия рўйхатлари бўйича олганидан кўра анча кам овоз олган.

Кузатувчилар Украинадаги сайловларнинг боришини умуман олганда ижобий баҳолаяптилар. Бироқ мухолифат овоз бериш чоғида қатор қонунбузарликлар содир этилганини даъво қилмоқда. Хусусан, "Баткившчина" Донецкнинг икки участкасидаги сайлов натижаларини бекор қилдиришга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG