Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:48

Самарқандда боғчалар ёпилмоқда


Бугунги кунда қишлоқлардаги аксар болалар боғчалари ҳувуллаб ётибди.
Бугунги кунда қишлоқлардаги аксар болалар боғчалари ҳувуллаб ётибди.

Жорий йилда Самарқанд вилоятида болалар боғчаларини қисқартириш жараёнида еттита боғча ёпилди.

Самарқанд вилоятида болалар боғчалари қисқараётгани ҳақида Озодликка самарқандлик Рустам Набиев маълум қилди.

- Тойлоқ, Ургут туманларидаги болалар боғчаларида текшириш кетаяпти. Тарбияланувчилар сони кам бўлган боғчалар ёпилаяпти. Ҳозир боғча раҳбарлари уйма-уй юриб, болаларни 1 ноябргача текинга боғчага олаяпти. Текшириш ўтгунча боғчада тарбияланувчилар сонини кўп қилиб кўрсатиш учун. Бу бошқа туманларда ҳам бўлаяпти, деди Рустам Набиев.

Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз муттасадди ходими вилоятда боғчалар қисқараётганини тасдиқлади.

- 2012 йилда 7 та боғча оптимизация бўлди. Асосан, қишлоқ жойларида. Шаҳарда барча боғчалар сақланди. Барча туман марказларидаги боғчаларга тегилмади. Фақат қишлоқ жойларидаги боғчаларда шунақа бўлди, деди мутасадди.



Унинг айтишича, қишлоқ жойларидаги айрим боғчаларни бутунлай ёпмасдан, уларни шу ҳудудда яхши ишлаётган бошқа боғчаларнинг бўлими сифатида расмийлаштирилаяпти.

- Биз уларни нима учун қисқартирмасдан сақладик? Мақсад нима? Эртага ким билади, болалар сони кўпайиши мумкин, боғча етишмаслиги мумкин. Шу мақсадда бизлар оптимизация қилдик ва уларни филиалларга айлантирдик. Мана, ёнида 3 километр атрофида боғча бор. Фаолият юритаяпти. Шуларга филиал қилиб бириктирилган. Бу ҳақда туман ҳокимларининг қарори бор. Ҳозир баъзи боғчалар ёпиқ турибди, баъзи боғчалар ишлаяпти филиал сифатида. 7 та боғча филиал бўлди. Лекин улар ҳозир фаолият юритмаяпти ҳозирча, болалар сони кам бўлганлиги учун, деди мутасадди.

Суҳбатдошга кўра, қишлоқ жойларидаги боғчаларининг қисқаришига ота-оналарнинг қўли қисқалиги сабаб бўлаяпти.

- Ойликлари етишмагани учун болаларини боғчага бермаяпти, деди Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармаси мутасаддиси.

Самарқанднинг Пайариқ туманида яшовчи Азимжон аканинг уч фарзанди боғча ёшида. Лекин, Азимжон акага кўра, боғчага тўлашга пули етмагани боис фарзандларини боғчага бера олмаяпти.

- Катта ўғлим мактаб ёшига етиб қолди. Уч ёшга кирганида боғчага бердик. Олти ойча борди. Лекин кейин олиб қолдик. Кичкиналарим иккаласи ҳам қиз. Уларни ҳеч ҳам боғчага бермаганман. Энди бу ёғи маблағ масаласида. Ўғлимни боғчага берганимда, ҳар ойига 80 минг сўмдан тўлагандим. Бир йилда бир миллион сўм бўлади. Бу бизнинг оила учун жуда катта пул, дейди Азимжон ака.

Самарқанд вилоят Халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоятдаги боғчаларнинг нархи бир ойига 72 минг 355 сўмдан 102 минг сўмгача.

Ҳозирда Самарқанд вилояти бўйича жами 553 та боғча бўлиб, уларда 50 мингга яқин бола тарбияланмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:45 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG