Линклар

logo-print
Асли жалолободлик, бир неча йилдан бери эса Россия фуқароси бўлган 31 ёшли Шамсиддин Ниёзалиев устидан Жалолобод вилояти Сузоқ туман суди чиқарган ҳукм 2010 йил июн воқеаларига алоқадорликда айбланиб, биргина шу вилоятда бир умрга қамалган ўзбеклар сонини яна бир нафарга оширди. Ниёзалиев устидан суд ҳукми ўқилган куни Ўш вилоят суди 33 ёшли Муҳаммад Бузруковни бир умрга озодликдан маҳрум қилди.

Шамсиддин Ниёзалиев устидан ҳукм 25 октябр куни ўқилди.

Ниёзалиев Жалолобод вилоятидаги “Санпа” пахта тозалаш заводи яқинида 2010 йил июн ойида рўй берган воқеаларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, бир умрга озодликдан маҳрум қилинди.

Оммавий ахборот воситаларининг бу ҳақдаги хабарларини жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдумалик Шарипов тасдиқлади ва унинг шахси тўғрисида қуйидаларни айтиб берди:

- Шамсиддин Ниëзалиев 31 га кирган бола экан. Сузоқлик тадбиркорлардан экан. Кўп йиллардан бери, адашмасам, 2006 йилдан бери Россия фуқароси ҳисобланган. Ўша йиллардан бери ўша ерда ишлаган, дейди Абдумалик Шарипов.

Суд ҳукмида айтилишича, Ниёзалиев оммавий тартибсизликларда, қотилликларда, талончиликда, ноқонуний қурол сақлаганликда ва яна бошқа бир қатор жиноятларни содир этганликда, “Санпа” воқеасида қатнашганликда айбдор, деб топилган.

2010 йилнинг 12-13 июн кунлари Сузоқ туманидаги “Санпа” пахта заводи яқинида маҳаллий ўзбеклар Бишкек-Ўш йўлини тўсиб, йўлга мазут тўккан ва уларнинг назарида Бишкекдан Ўшга ўзбекларга қарши уруш қилиш учун келаётган қирғизлар машиналарини тўхтатиб, уларни ўлдирган.

Натижада 16 киши ўлдирилган, 2 киши бедарак йўқолган, 9 машина ёқиб юборилган.

Бироқ Шамсиддин Ниёзалиевнинг адвокатлари йиққан маълумотларга қараганда, у ўша кунлари нафақат “Санпа” яқинида, балки умуман Қирғизистонда бўлган эмас, дейди Абдумалик Шарипов:

- Ўзингиз биласиз, Россия фуқаролигини қирғиз оладими, ўзбек оладими - барибир доим ватанига қайтиб, бу ерда ҳам озгина туриб, бу ëқда ишлаб, шундай қилиб юришади. Бу бола июн воқеаларида қатнашганликда гумон қилинган. Лекин ўша пайтда бу бола Сузоқда бўлган, шу атрофларда бўлган. Лекин худди шу кунларда айбланаëтган кунларда, у 20 майда чиқиб кетиб, 27 июнларда қайтиб келган. У бола Фарғонага бориб, Фарғонага селитра олиб келиш мақсадида борган экан. Адвокатлар Фарғонага запрос бериб, у ердан справкани олишган, лекин буни ҳам инобатга олишмаган. Адвокатлар бориб ҳаттоки Ўзбекистонда қаерда тўхтаган бўлса, ўша маҳалла комитетидан, домовой книгадан кўчирма олиб келишган. Справкалар ҳаммаси тақдим қилинган. Лекин инобатга олинмади, дейди Абдумалик Шарипов.

Ўзбекистондан олиб келинган маълумотномаларга ишонмаслик мумкин эмаслиги тўғрисида фикр юритар экан, Абдумалик Шарипов бундай деди.

- Ҳаммага маълум, Ўзбекистонда қалбаки справка олишнинг умуман иложи йўқ. У ерда, эшитишимизга қараганда, маҳаллага кирган одамни нафақат участка инспектори, ҳаттоки бутун маҳалла билар экан-да. Ҳазиллашиб бўлмайди экан. Албатта рўйхатга туриш керак экан. Ëши улуғ бўладими, аëл бўладими, эркак бўладими, ëш бола бўладими - қатъий назар, албатта рўйхатга туриши керак экан. Шу ерда рўйхатга турилган. Лекин ўшани ҳам инобатга олмаган. Судя айтиши мумкин, "мен ишонмайман, пулга сотиб олган" деб. Биз Ўзбекистондаги аҳволдан хабардормиз. Шу ерда бўлганлиги аниқ-да, дейди жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Хабарларга қараганда, бир умрга озодликдан маҳрум қилинган Шамсиддин Ниёзалиев 2010 йилнинг 29 сентябрида қидирувга берилган.

2012 йилнинг 19 январида Қозоғистонда қўлга олинган ва 5 июнда Қирғизистонга экстрадиция қилинган.

Шамсиддин Ниёзалиевнинг қамалиши билан 2010 йил июн воқеалари билан боғлиқ равишда бир умрга қамалганлар сони яна бир кишига кўпайди.

- 24 та ўша пайтда қамалган, бу 25-умрбодга кесилганлар, дейди Абдумалик Шарипов.

Бу фақат Жалолобод вилояти бўйича рақамдир.

Жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдумалик Шариповга яна бир савол бердик.

Озодлик: Июн воқеалари "миллатлараро жанжал" дейилади-да. Демак, у томон ҳам, бу томон ҳам иштирок этган. Қирғизлардан қанча одам умрбодга қамалди?

- Қирғизлардан бирорта одам умрбодга қамалгани йўқ. нафақат умрбод, умуман Жалолобод вилоятида бирорта одам оддий қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилингани йўқ, дейди Абдумалик Шарипов.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутасаддиси Ҳю Уилямсон қирғизистонлик ўзбеклар устидан чиқарилаётган ҳукмлар юзасидан фикр билдирар экан, уларни "суд хатоси" ва "бу ҳукмлардан қасоснинг ҳиди келмоқда", деган.

Ҳюман Райтс Уотч Қирғизистон расмийларидан ўзбеклар устидан чиқарилган ҳукмларни зудлик билан қайта кўриб чиқишни талаб қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG