Линклар

logo-print

Швециялик журналист TeliaSonera га 3 G лицензиясини сотган Takilant ва Россия ширкати билан шартнома имзолаган Swisdorn Limited нинг Гибралтардаги адреси бир хил эканини аниқлади.

TeliaSonera рақобатчи ширкат президент қизи Гулнора Каримованинг йигити деб айтиладиган поп қўшиқчиси билан тил бириктирган.

TeliaSonera ширкати эса, Ўзбекистонда 3G лицензиясини мода соҳасида фаолият юритган 24 ёшли шахсдан сотиб олгани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

Янгилик: 24 ёшдаги шахс билан тилга олинган йигитга қарашли ширкатларнинг Гибралтардаги адреси - почта қутиси бир хил бўлган.

Швеция матбуотида пайдо бўлган янги маълумотларга кўра, мазкур келишувлар битта режанинг қисмлари бўлган.

Бу ҳақда Озодликка TeliaSonera ширкати билан боғлиқ можарони яқиндан кузатиб келаётган швециялик журналист маълум қилди.

Исмини айтмай туришимизни сўраган журналистга кўра, TeliaSonera ширкатининг “рақобатчиси (МТС ширкати) президент қизи Гулнора Каримованинг йигити деб гумон қилинадиган поп-хонанда билан тил бириктирган”.

Бу TeliaSonera нинг Ўзбекистондаги бир-бирига ўхшаш учинчи келишуви бўлиб, бу келишувлар Каримовага яқин одамларнинг халқаро телеком ширкатларидан улкан даромад қозонишини таъминлаган.

Коррупция масалалари бўйича собиқ терговчи Ларс Ҳаммар TeliaSonera келишувлари шубҳа уйғотиши тўғрисида гапирар экан, жумладан бундай деган:

- Улар шубҳаланганига қарамай, қиморни давом эттиришга қарор қилган деган тасаввур пайдо қилади. Улар айтганидек: “Бу икки марта иш берган. Келинг яна бир марта уриниб кўрамиз, дейишган”, дейди у.

Янги маълумотлар қандай қилиб келишувга эришилганини аниқ кўрсатади.
Журналистга кўра, TeliaSonera билан боғлиқ сўнгги воқеалар бундайдир. 2007-2008 йилларда ширкат Takilant билан ҳамкор бўлган.

Бу ширкат 30 миллион доллар ва Швеция-Финляндия компаниясига сотиш ҳуқуқи билан TeliaSonera нинг Ўзбекистондаги мобил операторига тегишли акцияларнинг 26 фоизини олган.

Солиқ тўланмайдиган Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ни Каримованинг ёш ишончли вакили Гаянэ Авакиян бошқарган. Ҳозирда швециялик прокурорлар мода соҳасида фаолият юритиб келаётган Авакиянни коррупцияга алоқадорликда гумон қилмоқда.

Vimpelcom ширкати ва Норвегиянинг Telenor ширкатлари 2007 йил март ойида Takilant билан ҳамкор бўлиб асосий акциядорлар бўлган. Журналистга кўра, бу ҳам яна бир янгиликдир. Унинг айтишича, бу маълумот Vimpelcom нинг йиллик ҳисоботида қайд этилган.

Журналистнинг Озодликка айтишича, Швециянинг ТТ ахборот агентлиги шу каби яна бир (учинчи) келишув мавжуд бўлганини ҳам аниқлаган. Бу воқеадаги хорижий телеком гуруҳи Россиянинг МТС телеком ширкатидир. У 2004 йилда Ўзбекистондаги оператор (Ўздунробита)ни сотиб олган.

Маҳаллий ҳамкор, Swisdorn Limited ширкати МТСга сотиш ҳуқуқи билан 26 фоиз акцияларни қўлга киритган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Swisdorn ҳам Гибралтарда Takilant билан бир хил почта қутисига эга бўлган.

Швециянинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш лойиҳаси расмийлари ТТ ахборот агентлиги номидан Гибралтарда рўйхатга олинган ширкатдан маълумот олди.

Ўша маълумотларга кўра, Swisdorn нинг соҳиби, Каримованинг йигити экани айтиб келинадиган, Ўзбекистондаги “Дадо” гуруҳининг поп қўшиқчиси Рустам Мадумаровдир. Авакиян ва Мадумаров Британиядаги Каримовага алоқадор ширкатнинг ҳам ходимлари бўлган.

Ҳозирга қадар TeliaSonera тилга олинган шахслар билан шартнома имзолаган учинчи ширкатдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG