Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:23

БМТ Бош котибининг муовини Тошкентда


БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори Бабатунде Осотимеҳин.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори Бабатунде Осотимеҳин.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижроия котиби ва бош котиб ўринбосари Бабатунде Осотимеҳин 30-31 октябр кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келмоқда.

Бу ҳақда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган матбуот варақчасида айтилади.

Маълумотларга кўра, БМТнинг юқори лавозимли мулозими ўз ташрифи чоғида Ўзбекистон ҳукуматининг қатор амалдолари билан музокаралар олиб боради.

Хусусан, ташрифнинг дастлабки куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов билан учрашиб, у билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда. Бироқ мазкур учрашувда Ўзбекистондаги аёлларнинг мажбуран бичилаётгани билан боғлиқ муаммо кўтарилиш-кўтарилмаслиги маълум эмас. Ўзбекистонлик кўплаб гувоҳлар сўзларига таянган ҳолда аввал хабар қилганимиздек, мамлакатда бола кўриш салоҳиятига эга аёллар мажбурий равишда стерилизация қилинаётганди.

Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашганидан кейин жаноб Осотимеҳиннинг Тошкент четидаги Миллий перинатал марказга бориши режаланган.

Ташрифнинг иккинчи куни эса БМТ Бош котибининг ўринбосари Бабатунде Осотимеҳин Ўзбекистон бош вазирининг маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари учун масъул муовини Адҳам Икромов билан ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисаси (Бош вазир ўринбосари) Элмира Боситхонова билан учрашади. Муовинлар мулоқоти чоғида БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Жаноб Осотимеҳин Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти фаоллари ва фаол ёшлар билан ҳам учрашиши айтилмоқда.

БМТ Бош котибининг ўринбосари Ўзбекистонга келишдан олдин Остонада бўлиб, Қозоғистон расмийлари билан музокаралар олиб борган.

Асл касби шифокорлик бўлган Бабатунде Осотимеҳин БМТ Бош котибининг ўринбосари ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори лавозимларида 2011 йилнинг 1 январидан бери ишлаб келмоқда. Бунгача у Нигерия Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда ОИТСга қарши кураш бўйича Нигерия Миллий агентлигининг бош директори вазифаларида ишлаган.
XS
SM
MD
LG