Линклар

logo-print
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция коллегияси МТС компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Ўздунробита" ширкатининг тўрт менежери устидан чиқарилган аввалги суд қарорини кўриб чиқишни 13 ноябрга қолдирди.

Ҳозирча суд қолдирилиши сабаблари эълон қилинмади.

Бундан аввал суд 16 октябр куни айни ишни кўриб чиқишни икки ҳафтага қолдирган эди. Суд ўз қарорини ишни батафсил ўрганиб чиқиш кераклиги билан изоҳлаган эди.

2012 йил 17 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди "Ўздунробита"нинг тўрт менежерини уч йиллик шартли жазога ҳукм қилиб, уларга жарима солган ва ширкатга тегишли мулкни давлат фойдасига мусодара қилган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Олий хўжалик суди ҳам 30 октябр куни “Ўздунробита” лицензиясининг қайтариб олингани бўйича ширкат касация тартибида тақдим қилган шикоятини учинчи марта кўриб чиқиши режаланган.

9 ва 16 октябр кунги маҳкамада ҳакамлар бу масала пухта ўрганиб чиқилиши кераклигини айтиб, судни 30 октябрга қолдирган эди.

Ахборот агентликлари ва мустақил таҳлилчилар фикрича, суд қарорлари "Ўздунробита"га тегишли активлар тақдирини ҳал қилиш бўйича парда ортида музокараларни давом эттиришга имконият яратиш мақсадида кечиктирилмоқда.

2004 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритиб келган МТС 2006 йилда "Ўздунробита"ни сотиб олган пайтдан 2012 йил июн ойига қадар мамлакат бўйлаб 250 та подстанциядан ноқонуний фойдаланиб келганликда айбланган.
XS
SM
MD
LG