Линклар

Украина парламент сайловида иқтидордаги партия олдинда бормоқда


Украинада 28 октябр куни ўтказилган парламент сайловида берилган овозларни санаш давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча президент бошчилигидаги ҳукмрон партия номзодлари ҳам партия рўйхати бўйича, ҳам бир мандатли сайлов округларида пешқадамлик қилмоқда.

Украина Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган парламент сайловида берилган овозларнинг 90 фоиздан кўпи санаб бўлинганини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, партия рўйхати бўйича президент Виктор Януковичнинг Регионлар партияси 31,51 фоиз овоз билан пешқадамлик қилмоқда.

Қамоқда қолаëтган мухолифат лидери Юлия Тимошенконинг Баткившина партияси 24,5 фоиз овоз билан иккинчи ўринда бормоқда.

Украина Коммунистик партияси 13,7 фоиз¸ бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко янги тузган Удар партияси 13,52 фоиз овоз билан учинчи ва тўртинчи ўринда бормоқда.

Свобода миллатчилар партияси эса 9,7 фоиз овоз билан бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

Айни пайтда, ҳукмрон Регионлар партияси номзодлари бир мандатли сайлов округларида ҳам олдинда бормоқда. Бир мандатли сайлов участкаларида энг кўп овоз олган номзод парламент аъзоси бўлади.

Украина парламентидаги 450 та ўриннинг 225 тасини партия рўйхати бўйича, қолган 225 тасини бир мандатли сайловда ғолиб чиққан номзодлар эгаллайди.

РБК-Украина ахборот агентлиги хабарига кўра, Украина Марказий сайлов комиссияси раиси Михаил Охендовский сайлов якуний натижаси 11-12 ноябр кунлари маълум бўлишини билдирган.

Украинадаги сайловини қарийб 4000 нафар маҳаллий ва халқаро кузатувчи кузатди. Уларнинг 700 нафардан кўпи Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакилларидир.

Халқаро кузатувчилар Украинада ўтказилган парламент сайловларини салбий баҳолади.

Киев шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилар гуруҳи раҳбари Валбурга Ҳабсбург Дуглас мазкур сайловлар Украинанинг демократия бўйича эришган муваффақиятини ортга бурганини айтди.

- Хизмат салоҳиятлари суиистеъмол қилингани ва сайловда пул катта рол ўйнагани ҳисобга олинса, Украинада демократия бўйича эришилган муваффақиятда ортга кетиш юз берди¸ дейиш мумкин, деди ЕХҲТ расмийси.

Айни пайтда МДҲ давлатларидаги сайловларни кузатувчи CIS-EMO ташкилоти Украинадаги овоз бериш жараёни “шаффоф ва демократик бўлгани”ни айтди.

30 октябр куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги сайлов халқаро андозаларга мос ўтганини билдирди.

Вазирлик баёнотига кўра, Украинадаги овоз бериш жараёнида сайлов натижасига таъсир этиши мумкин бўлган аҳамиятга молик қонунбузарликлар қайд этилмаган.
XS
SM
MD
LG