Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:22

Райҳоннинг ошиқларига ҳамдардлик


Девонаошиқлар оғир йўқотишга учради. “Ана, холос... Яна ким вафот этди!” деб эсхонангиз чиқмасин - йўқотиш деганимиз хурсандчиликка.


Ўн минглаб, балки юз минглаб азаматларнинг кўнглига гуриллатиб олов ёққан
соҳибжамол хонанда Райҳон турмушга чиқяпти.

Ҳали эшитмадингизми? Шоу бизнесдан нон ейдиган газетаю сайтлар шу ҳақда бонг уриб ётибди-ку.

Ҳофиз Озодбек Назарбеков “Райҳон, сенга уйланаман, гўшангамиз боғ бўлади” деб, хунибийрон қўшиқ куйлади. Оҳ-воҳлардан фойда чиқмади.

Афтидан, Райҳон хотин устига хотин бўлишга рози бўлмаган. Ё, чимилдиқнинг очиқ осмон остида бўлишига унга маъқул келмаган. “Европейский” тарбия кўргани, ўзбекчани унча билмагани билан, барибир ўзбек-да!

Бу ёқимтой қизгинага кимлар оғиз солмади! Буюрганники эмас, югурганники экан-да.

"Мақолни хато ёзворди" деб тусмолламанг, асли актёр бўлган куёв бўлмиш Йигитали Райҳоннинг клипларида беармон югуриб рол ўйнаган.

Таърифларга ишонсак, Йигитали йигитмисан-йигит! Ўмбалоқ ошишми, чапдастлик билан чопишми, хонаки қуроллардан отишми, маъшуқасини тараллабедодчи кўчабезорилардан ҳимоя қилишми, ишқилиб, киройи актёр нима қилиши керак бўлса, барини уддаларкан.

Оғзига кучи етмаганлар "куёв қайлиғидан 12 ёш кичик экани чатоқ бўпти-да", деб гап тарқатиб юрганмиш. Ҳасадчи бўл, инсоф билан бўл-да!

“Муҳаббат ёш танламайди” деган экан Наполеон (мабодо буни айнан Наполеон айтмаган тақдирдаям, бирор ишқпараст француз тилидан чиққани аниқ).

Юлдузи юлдузига тўғри келгандирки, кўпларни қуруқ қўл билан қайтарган офатижон Райҳон Йигиталига розилик берган.

Боя айтдим-ку, "Райҳонга кўнгил қўйганлар сонмингта эди" деб. Узунқулоқ гапларга қараганда, анча-мунча ашаддий райҳонсеварлар тўй ҳақидаги хабарни мотамдек қабул қилибди. Ҳатто ўз жонига қасд қилишга уринишлар бўпти.

Тошкентда бир киракаш йигит “Матиз”ида “Нексия”ни туртиб юборибди.

Мелиса келиб, қоидабузарлик сабабни сўраса, “Райҳон эрга тегиб кетяпти, энди менга яшашнинг ҳожати йўқ”, дебди.

Мелиса: “Яшашнинг ҳожати йўқ бўлса, борингизни чиқариб бера қолинг”, дебди.

“Камандир, жинниманми, ҳали ҳаётдан умидим бор”, дебди ошиқ пишиқлик билан.

Қашқадарёда райҳонсеварлардан биттаси тўй дарагини эшитиб, ўйлаб-нетиб ўтирмай, маҳалладаги чоғроқ ариққа ташлабди ўзини! Ариқ суви аранг тиззадан келаркан, ошиқнинг ҳамма ёғи шалаббо бўлгани қолибди.

Шу ҳолатда сатилини кўтарганча хотини чиқиб қолибди. Қараса, эр сўлақмондай бўлиб ариқда ётибди. “Чўкиб кетишдан олдин ўғлингизнинг оёғига олиб берсангиз бўларди!” кесатибди аёл “мажнун” эрига.

Андижонда ҳам хонанданинг хуфёна ошиқларидан бири газ билан заҳарланиш орқали жонига қасд қилмоқчи бўлибди. Аммо уйида газ йўқлиги панд бериб, нияти амалга ошмай қолибди.

Айтишларича, кейин ўзига келиб, қўл урмоқчи бўлган ишининг даҳшатини ҳис
қилган ошиқ газ идораси вакилларини чақириб, ош қилиб берибди. Жони ёнига қолгани учун-да!

Мен ҳам бир пайтлар Райҳонга кўнгил қўйгандим. Хайрият, ишқ балосидан вақтида халос бўлган эканман. Бўлмаса, этак силкиб, тарки дунё қилишимга тўғри келармиди?!

Собиқ райҳонсевар
XS
SM
MD
LG