Линклар

Чотқолликлар ўзбек чегарачиларини айбламоқда


Қирғизистон чегарачилари Чотқол тумани аҳолиси билан учрашиб, вазият борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қирғизистон чегарачилари Чотқол тумани аҳолиси билан учрашиб, вазият борасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қирғизистонда Ўзбекистон чегарачилари чегарани ноқонуний равишда ўзгартириб олгани ва Қирғизистон ҳудудига 300 метр кириб келгани юзасидан маҳаллий аҳоли билдирган иддао текширилмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Чотқол тумани аҳолиси қирғиз парламентига Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ерига 300 метр кириб келгани ва чегара чизиғини ноқонуний ўзгартириб олгани юзасидан мурожаат қилган эди. Маҳаллий аҳолининг билдиришича, бундан ташқари Қирғизистон чегара чизиғининг 200 чақирим масофага чўзилган қисми ҳам яхши қўрқиланмаяпти.

Бу ҳудуддаги Ўзбекистон-Қирғизистон чегара чизиғи 220 километр масофани ташкил қилади. Олабуқа чегара заставаси зобити Киялбек Тўлўнбаевнинг айтишича, мазкур чегара чизиғининг 150 километри тоғ ва довонлардан ўтади. Қиш пайтида тоғ йўллари ёпилиб қолгани сабабли, чегаранинг бу қисмини қўриқлаш имконияти бўлмай қолади.

- Ёз мавсумидагина бу ерларга чегара тўсмалари қўйилади. Ўзбек чегарачилари 300 метр кириб олди, деб айтилаётган ерга бориш учун учта довондан ўтиш керак. Бу давонда бугунги кунда 30 сантиметр қалинликда қор ёққан. У ерга ҳатто от билан ҳам бориб бўлмайди. Бу иддаони чегара ҳудудига вертолётда учиб бориб текшириш учун эса Ўзбекистон билан келишиб олиш керак. Чунки чегарага яқин ерда вертолётни қўндириш учун Ўзбекистоннинг розилигини олишимиз керак, - деди Киялбек Тўлўнбаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистон чегарачилари ўз ётоқхоналарига қайтиш пайтида Қирғизистонга қарашли кўприкдан ўтишлари керак бўлади. Ҳарбийга кўра, аҳоли мана шу ҳолатни нотўғри тушуниб, Ўзбекистон чегарачиларини Қирғизистон ҳудудига кириб олганликда айблаётган бўлиши ҳам мумкин.

- Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳудудларига ўтиш учун Қирғизистонга кириб, Чотқол дарёсига қурилган кўприкдан ўтишга мажбур бўлади. Бу масофа 300 метрни ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб, аҳоли чегарачилар бизнинг ҳудудга 300 метр кириб олди, деб иддао қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Аслида бу жой Қирғизистонга қарашли. Бу ҳақда 2006 йилда Тошкенда ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғинида протокол имзоланган, -деди Киялбек Тўлўнбаев.

Чотқол тумани ҳокими Акматбек Таласбай ўғлининг айтишича, маҳаллий аҳоли чегарачилар томонидан қўриқланмай қолаётган 200 километрлик ҳудуд борасида ҳам бекорга ташвиш билдирмаяпти. Ҳокимга кўра, мазкур ҳудудда қўриқхона жойлашган. Бундан ташқари бу ерда сувда чайқаш усули билан ишлатиш мумкин бўлган олтин кони мавжуд.

- Қўриқхонанинг майдони 120 минг гектарни ташкил қилади. Бу ерда сувда чайқаш йўли билан олтин олиш мумкин. Ҳукумат бу ернинг 4 минг гектарини сармоядорларга ишлатиш учун берса, кўп муаммолар ҳал этилар эди, -дейди Акматбек Таласбай ўғли.

Айни пайтда Чотқол тумани аҳолисининг шикояти Қирғизистон парламентида ўрганиб чиқилди. Парламент бу масалани ўз жойида ўрганиш учун ҳукуматлараро комиссия ташкил этиш шартлиги ҳақида қарор чиқарди.
XS
SM
MD
LG