Линклар

Ўзбекистон Қозоғистонга яна қарзини тўламади; Остона таҳдидни кучайтирди


“Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик компанияси Қозоғистоннинг KEGOC энергетика ширкатига 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзини 30 октябрга қадар тўлаш мажбуриятини бажара олмади. Оқибатда¸ Қозоғистон ширкати Марказий Осиë Бирлашган энерготизимидан чиқиш ҳақидаги огоҳлантирувни кучайтирди.

Тошкент лафзини йўқотди

Озодлик билан суҳбатда KEGOC - Электр тармоқларини бошқариш бўйича Қозоғистон ширкати матбуот котиби Марат Муҳамедсалиев Ўзбекистон томони қиш арафасида тўлиқ тўланиши келишилган қарзини уза олмаганини билдирди:

- Улар томонда қандайдир валюта чекловлари¸ курс билан боғлиқ муаммолар бор эмиш. Ўзаро келишувга кўра¸ тўпланиб қолган 20 миллион долларлик қарз 30 октябрга қадар узилиши шарт эди. Улар буни яна тўламадилар. Афтидан қарз муаммоси йил охирига қадар чўзиладиган кўринади¸ деди 31 октябр куни KEGOC расмийси Озодлик билан суҳбатда.



Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Марказий Осиë Бирлашган энерготизимидан кўзда тутилмаган энергияни ўзлаштирганлик учун учун ҳақ тўлашга оид келишув имзоланилган. Ўзбекистон қарзи¸ 2011 ва 2012 йилларда айнан ана шу кўзда тутилмаган энергия ўзлаштирганлик ҳисобига ошиб бормоқда.

Ҳар йил кузги-қишки мавсум бошланиши арафасида Марказий Осиë Бирлашган энерготизимида қолаëтган бу учала давлат расмийлари умумий тизимда қолиш ва электр энергияси энг кўп ишлатиладиган қиш совуғида белгиланган нормаларга амал қилишга оид келишувни янгилайдилар.

Бу йилги келишув ўзбек¸ қирғиз ва қозоқ энергетикларининг 30 октябр куни Тошкентда ўтказилиши белгиланган учрашувида имзоланиши лозим эди.

Аммо минтақавий агентликларга кўра¸ Тошкентнинг Қозоғистонга қарзини тўлай олмагани ва бошқа сабарларга кўра¸ сешанба куни бу учрашув амалга ошмаган.

Қозоғистон кескин қарор қабул қилиш мажбуриятида қолди

KEGOC матбуот котибининг айтишича¸ Ўзбекистон қарз муаммосини чўзишда¸ муҳими¸ қишки мавсумда яна умумтармоқдан келишилганидан ортиқ электр ўғирлашда давом этса¸ Қозоғистон Марказий Осиë Бирлашган энерготизимидан чиқиш ҳақида йиллардан бери қилиб келаëтган огоҳлантирувини бажаришга мажбур қолади:

- Агар яна кўзда тутилмаган энергияни ўзлаштириш ҳоллари кузатилса¸ бундай ҳолда¸ бизнинг бирлашган тизимдан чиқишимизга тўғри келади. Йиллардан бери бундай эҳтимолдан огоҳлантириб келаяпмиз¸ аммо Ўзбекистон уларни жиддий қабул қилмаяпти. Айни пайтда¸ биз техник-технологик жиҳатдан алоҳида режимда ишлашга тайëрмиз. Бунинг учун газ¸ мазут заҳираларимиз етарли¸ дейди KEGOC матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда.

“Ўзбекистон хулқ-атворидан Қирғизистон азият чекмоқда”

“Қирғизистон миллий электр тармоқлари” ширкати матбуот котиби Монар Мелисбек қизи Озодлик билан суҳбатда¸ Қозоғистоннинг бундай сўнгги чорага қўл уриши¸ Марказий Осиë Бирлашган энерготизимидаги барча учун бирдек зиëн эканини айтади.

Айни пайтда¸ қирғиз ширкати расмийси¸ Ўзбекистон томонининг ҳатти-ҳаракатлари иккала қўшни давлатни қиш мавсумида оғир аҳволга солиб қўяëтганини таъкидлайди.

“Муаммо ўзбек томонининг ҳатти-ҳаракатларига бориб тақалади¸ аммо Қозоғистондан Бирлашган энерготизимдан чиқмасликни илтимос қилаëтган¸ ҳатто ялиниб-ëлвораëтган биз бўламиз”¸ деб давом этади Монар Мелисбек қизи:

- Биз бирлашган энерготизимдан ўз электримизни транзит қилиш учун фойдаланамиз¸ бунинг учун Ўзбекистонга ҳақ тўлаймиз. Қозоқ томонининг бизга ҳеч қандай эътирози йўқ. Ҳамма эътироз¸ Ўзбекистоннинг рухсат сўрамасдан умумий тизимдаги энергияни ўзлаштириб келаëтгани ва бунинг учун пул тўламаëтгани билан боғлиқ. Қозоғистон бунга жавобан бирлашган тизимдан чиқиш билан пўписа қилмоқда. Агар қозоқлар бу тизимдан чиқса¸ энг кўп зиëн Қирғизистонга етади – мамлакатнинг 40 фоиз ҳудуди бутунлай светсиз қолади.
Шунинг учун биз қозоқ томонидан бу тизимдан чиқмасликни сўраб келаяпмиз¸ дейди “Қирғизистон миллий электр тармоқлари” ширкати матбуот котиби.

Қирғиз расмийсига кўра¸ 30 октябр куни Тошкентда учала давлат энергетика ширкатлари расмийлари томонидан Марказий Осиë Бирлашган энерготизимида қолишга оид янги келишув ва мажбуриятлар имзоланиши лозим эди. Аммо бу режа амалга ошмай қолди.

"Эндиликда бу масаланинг келаси ҳафта уч давлат Энергетика вазирлари даражасида муҳокама қилиниши кутилмоқда"¸ дейди “Қирғизистон миллий электр тармоқлари” ширкати матбуот котиби.

Қозоғистон бирлашган тизимдан чиқса¸ Ўзбекистон қоронғуликка чўкади

Ўзбекистоннинг келишувда кўзда тутилмаган электроэнергияни ўзлаштиргани билан боғлиқ жиддий муаммо 2012 йил январида кескинлашган ва ўшанда ҳам Қозоғистон Марказий Осиë Бирлашган энерготизимидан чиқиш билан таҳдид қилган эди.

Аммо учала томон расмийлари ўтказган қатор фавқулодда учрашувларда Тошкент ва Бишкек Остонадан бу қарордан қайтишни сўраган¸ 1 феврал куни “Ўзбекэнерго” ўз қарзини 25 февралга қадар узишни ваъда қилган эди.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон томони Қозоғистонга электр учун қарзини нима учун келишилган вақтда тўлай олмаëтгани¸ шунингдек¸ нима учун ҳар қиш мавсумида бирлашган минтақавий тизимдан энергия ўғирлашига оид бирор изоҳ берган эмас.

31 октябр куни ҳам ўзбек ширкатидан муаммонинг янги даврга киргани юзасидан шарҳ олишнинг имкони бўлмади – “Ўзбекэнерго” расмий сайтида мурожаат қилиш учун берилган телефон рақамлари факс бўлиб чиқди¸ матбуот хизмати телефони гўшагини кўтарадиган одам топилмади.

Агар Ўзбекистон Қозоғистон билан электр энергияси истеъмоли билан боғлиқ муаммо юзасидан ечим топиб¸ қарзини тўлашга киришмаса¸ Қозоғистон ниҳоят минтақавий тизимдан мустақил ҳолда ишлашга ўтиши мумкин.

Бундай вазиятда¸ мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистондаги энергетик бўҳрон янада кучайиб¸ мамлакат¸ хусусан пойтахт Тошкентдаги кўп объектлар ва турар-жой бинолари светсиз қолиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG