Линклар

Туркий халқлар тарихи бўйича умумий дарслик яратиш мумкин, бироқ...


Айрим мутахассислар фикрича, турли мамлакат олимларининг тарихий воқеаларга нисбатан қарашлари ҳар хил бўлгани туфайли туркий халқларнинг умумий тарихини яратишга ҳозирча эрта.

Айрим мутахассислар фикрича, турли мамлакат олимларининг тарихий воқеаларга нисбатан қарашлари ҳар хил бўлгани туфайли туркий халқларнинг умумий тарихини яратишга ҳозирча эрта.

Озарбайжонлик олимлар Турк дунёси тарихи бўйича ягона дарслик яратиш ташаббусини кўтармоқдалар.

Бокулик тарихчилар фикрича, агар турк дунёсини тамсил этувчи барча томонлар фаоллик кўрсатса ва Туркия Озарбайжон позициясини қўллайдиган бўлса, турк дунёсининг ўрта асрларидаги тарихига оид ягона дарсликни икки-уч йил ичида яратса бўлади.

Озарбайжон Фанлар академияси Тарих институтининг директор ўринбосари Жаби Баҳрамовга кўра, туркий халқлар болалари учун умумий бўлган тарих дарслигини яратиш ишига барча халқлардан тарихчилар жалб қилиш мўлжали бор.

- Бизда умумий жамоа ташкил қилиб, барча билан келишган ҳолда ана шундай китоб яратиш ғояси бор. Биз қўлдан келганча ҳаракат қилиб кўрмоқчимиз ва агар бунга эришолсак, бу бизнинг омадимиз бўлади, - дейди Жаби Баҳрамов.

Туркий халқлар умумий тарихини яратишга уриниш олижаноб мақсад эканини атоқли ўзбек олими, Ўзбекистондаги тарих дарсликлари муаллифи, тарих фанлари доктори Гога Ҳидоятов ҳам эътироф этади, бироқ, унинг фикрича, бундай ишни тез орада амалга ошира олишнинг имкони йўқ.

- Биласизми, бу реал эмас. Чунки шунча мамлакатлар бор – турк мамлакатлари. Уларнинг ҳар бирида тарих ўзбошимчалик билан ёзилади - қозоқлар бошқача, қирғизлар бошқача, турклар бошқача ёзади. Шунинг учун бунақа китобни холислик билан ёзишининг имкони йўқ. Мен бунга ҳеч қачон қўшилолмайман, - дейди ўзбек олими.

Тарих фанлари доктори Гога Ҳидоятов фикрича, айни дамдаги турли жамиятларда устивор бўлиб турган миллатчилик олимларнинг ўз тарихини холис баён қилишларига тўсқинлик қилиши мумкин.

- Ҳозирги миллатчилик бориб-бориб йўқ бўлиб кетади. Буларнинг ҳеч қанақа аҳамияти қолмайди келгусида. Ҳозир биринчи галда ҳар битта мамлакат ўзининг тарихини холис ёзишга уриниши керак. Ундан кейин конференция йиғиш мумкин. Ана ўшанда келишиб олишади тарихчилар, - дейди Гога Ҳидоятов.

Бу конференциялар ўтгунча, профессор Ҳидоятов фикрича, тарихчиларнинг ўрта асрлар тарихи бўйича амалга ошириши мумкин бўлган қатор муҳим вазифалар бор.

- Масалан, Озарбайжон қандай ҳисса қўшиши мумкин? Улар ҳужжатларни матбуотда чиқариши мумкин. Қирғизистон, Қозоғистонда йўқ бунақа манбалар. Асосий манбалар Ўзбекистон ва Озарбайжонда, кейин Туркияда. Мана шуларни йиғиш мумкин. Олдин буни матбуотда чиқариш керак, ана ундан кейин холис гаплашиш мумкин, - дейди Гога Ҳидоятов.
XS
SM
MD
LG