Линклар

Жанубий Кореянинг Ульсан шаҳрида “Ульсан Хёндэ” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг ярим финал жавоб учрашуви ўз ниҳоясига етди. Мазкур ўйинда “Бунёдкор” жамоаси 2:0 ҳисобида имкониятни бой берди.

Биринчи бўлимни фаол бошлаган “Бунёдкор” ўйин бошиданоқ бир қатор қулай имкониятларга эга бўла бошлади.

Дастлабки 15 дақиқа ичида Шавкат Саломов учта қулай имкониятга эга бўлди. Аммо футболчи бу имкониятлардан фойдалана олмади.

Биринчи бўлимнинг биринчи ярмига келиб, “Ульсан” футболчилари ташаббусни ўз қўлларига ола бошлашди. Натижада Тошкент жамоаси дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келди. Ярaтилган хавфли вазиятлардаги бир нечта ҳолатларда Игнатий Нестеров дарвозани муқаррар голлардан сақлаб қолди. “Бунёдкор” тўпга эгалик қилишига қарамасдан, хавфли вазиятлар яратишда оқсай бошлади. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлимда корейслар ҳимояда ўйнаш тактикасидан воз кечиб, ўзлари ҳам ҳужум уюштиришга ҳаракат қила бошлашди. Яна Нестеров хавфли вазиятларни бартараф этишда яхши ҳаракат қилди.

Аммо корейслар барибир гол уришга муваффақ бўлишди. Рафинья чап қанотдан тўпни жарима майдончаси сари етказиб берди. Хайрулла Каримов тўпни қайтараман деб¸ тўпни шундоқ рақиб ҳужумчиси Ким Шин Вукка тўхтатиб берди. У эса яқин масофадан осонлик билан дарвозани ишғол этди.

Голдан кейин “Бунёдкор” футболчилари ташаббусни тамомила рақиб ўйинчиларига бериб қўйди. Сабаби ушбу гол “Бунёдкор”ни расман Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг финалидан маҳрум қилиб бўлганди.

Боз устига ўйиннинг 72-дақиқасида Ли Кун Хунинг ажойиб голи ўйин тақдирини ҳал қилди. 2012 йилдаги Осиё чемпионлар лигаси ўйинининг ярим финалида “Ульсан Хёндэ” вакиллари умимий ҳисобда 5:1 натижани қайд этиб мусобақанинг финал қисмига йўл олди. “Бунёдкор” вакиллари иккинчи бор мазкур мусобақанинг ярим финал остонасидан қайтишга мажбур бўлди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, жорий йилда “Бунёдкор” Олий лига ўйинларидан ҳам заиф иштирок этмоқда. Жамоа сўнгги икки турда керакли очколарни тўплай олмаса¸ 2012 йил ҳисобидан бирор бир совринга эриша олмаслиги мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG