Линклар

logo-print

Ўшда турли миллат аёллари бирлашди. Натижа қандай?


Ўшдаги байрамларда миллий кийимлардаги ўзбек болаларининг иштирок этиши миллатлараро ишонч тиклана бошлангани намунаси сифатида тақдим қилинмоқда.

Ўшдаги байрамларда миллий кийимлардаги ўзбек болаларининг иштирок этиши миллатлараро ишонч тиклана бошлангани намунаси сифатида тақдим қилинмоқда.

Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро низоларнинг олдини олиш мақсадида “Тинчликни сақловчи аёллар ташаббус гуруҳи” ташкил этилди. 160 аёлдан иборат мазкур гуруҳ турли миллат вакилларидан иборатдир.

“Тинчликни сақловчи аёллар ташаббус гуруҳи” Евросиё жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилиб, USAID ташкилоти томонидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Динара Қадирова миллатлараро низоларнинг ва маиший миллатчилик ҳолатларининг олдини олишда аёлларнинг роли ўта муҳим эканини айтди:

-Ҳозирги кунда ҳам одамлар ўртасида конфликтлар борлиги сезилмоқда. Шунинг учун ҳам турли миллат вакилларидан иборат аёллар гуруҳлари ташкил этилди. Асосий мақсадимиз низоларга ва миллатчилик кўринишларига йўл қўймасликдир, –дейди Динара Қадирова.

Гуруҳ аъзоси бўлган Санобар Абдуалимованинг айтишича, мазкур лойиҳада қирғиз, ўзбек, уйғур, тожик, озарбайжон ва курд миллатига мансуб аёллар иштирок этмоқда. Улар аҳоли орасида миллатлараро ишончни қайта тиклаш юзасидан амалий ишларни ўтказишни режалаштирганлар. Ўшлик фаол аёллардан бири, Қирғизистон халқ артисти Ойтожи Шабдонованинг айтишича, 2010 йил қирғинини бошдан кечирган шаҳарда бугунги кунда бу каби ҳаракатлар жуда кўп. Бундан ташқари халқ ичида обрўли бўлган аёллар мустақил равишда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги ўзаро ишончни қайта тиклаш учун ҳар бир юзага келган имкониятдан фойдаланмоқда.

Ўшдаги нодавлат ташкилотларининг Ҳуқуқий гуманитар форуми аъзоси, ҳуқуқ ҳимоячиси Алима Шарипова ҳам бу каби гуруҳлар томонидан олиб борилаётган иш оддий одамлар ўртасидаги мулоқотнинг тикланишига улкан ҳисса қўшаётир, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячиси Қирғизистон ҳукумати томонидан бу борада қилинаётган иш чала бўлаётганини, оқибатда ўзбек ёки қирғиз миллати вакилларининг айримларида аламзадалик ҳисси сақланиб қолаётганини айтади:

- Ҳукумат томонидан уйларни ва бизнесни қайта тиклаш каби муаммолар ҳал этилди. Бироқ буларнинг ортидан муҳим бир масала жавобсиз қолиб кетди: бу адолат ва ҳолислик масаласидир. Бугунги кунгача уйларга ким ўт қўйган, ким бу ишни мувофиқлаштирган, ким назорат қилган, нега оддий фуқаролар қўлига БТРлар ўтиб кетган деган саволлар ўрганилиб, бу борада бирорта жиноят иши очилмади. Иккинчи масала, адолатли судлов масаласидир. Судлар босим остида ҳукм чиқарганлари, адвокатлар калтаклангани юзасидан шу кунгача чоралар кўрилгани йўқ, -деди Алима Шарипова.

Бир қатор халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ҳам Қирғизистонда адолатли судловни миллатлараро ишончнинг қайта тикланиши омили сифатида кўрадилар ва мамлакат ҳукуматини фуқароларнинг адолатли судловга бўлган ҳуқуқини тиклашга чақирадилар. Аммо Қирғизистонда бу борада ижобий силжишлар кузатилмаётгани айтилади. Масалан, Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти, ўзининг куни кеча эълон қилинган баёнотида қирғизистонлик ўзбеклар устидан чиқарилаётган ҳукмларни "суд хатоси" ва "бу ҳукмлардан қасоснинг ҳиди келмоқда", деган.

Қирғизистон президенти сайтида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 киши қирғиз, 8 нафари бошқа миллатлар вакиллари. Бир умрга қамоқ жазосига ҳукм қилинган бир неча ўн одамнинг деярли барчаси ўзбеклардир. Айни пайтда, Қирғизистон президенти сайтида 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 442 киши ҳалок бўлгани айтилган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари (70%) ўзбек, 123 нафари (29,2%) қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG