Линклар



Турли сабабларга кўра хориж фуқаролигини қабул қилган айрим ўзбекистонликлар OzodJavobга мурожаат қилиб¸ қазо етиб оламдан ўтганларида ўз майитларини Ўзбекистонга олиб келишнинг қонуний имкони бор-йўқлиги билан қизиқдилар.


Бугунги кунда чет фуқаролигини олиб, хориж давлатларида яшаëтган ўзбекистонликлар аниқ сонини ҳеч ким билмайди. Айни пайтда¸ аксар манбалар бундайлар сонининг йил сайин ошиб бораëтганини билдирмоқдалар.

OzodJavobга мурожаат қилган ўзбекистонликлардан бири Швецияда яшаётган андижонлик қочқин.

У ўзи сингари хориж фуқаролигини олган ўзбекистонликлар эрта бир кун қазосини етиб оламдан ўтса ва ўз майитининг киндик қони томган юртда дафн қилинишини хоҳласа, бу васиятнинг амалга ошиши мумкинми ёки йўқлиги билан қизиқди.

“Тақдир тақозаси билан бугун юртдан ташқарида яшаяпмиз. Бир кун келиб қазомиз етса, майитим Ўзбекистонда дафн қилинишини истардим. Лекин бунинг имкони бормикин? Ўзбекистон биз каби қочқинларнинг майитини қабул қилармикин? Бунга рухсат бормикин?”, дея мурожаат қилди исмини ошкор қилмасликни сўраган муштарий.



Мазкур саволга жавоб топиш мақсадида Озодлик мухбири Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага мурожаат қилди.

Сенатор Ортиқованинг Озодликка айтишича, сиёсий қочқин мақомини олган ўзбекистонлик ўз майитини Ўзбекистонга дафн қилиш борасида васият қолдирса, бунга мамлакат қонунларида ҳеч қандай тақиқ йўқ.

- Фарқи нима, у ҳам инсонку! Унинг охирги васиятини¸ албатта¸ қариндошлари бажариши керак. Бунга бизнинг миллий қонунчилигимизда ҳеч қанақа тўсқинлик йўқ, деди Светлана Ортиқова.

OzodJavobга мурожаат қилганлардан яна бири Россия фуқаролигини олган ўзбекистонлик йигит. Skype орқали мурожаат қилган бу суҳбатдош, оламдан ўтгач ўз жасадини Ўзбекистонга дафн қилишни васият қилса, буни амалга ошириш тартиб-қоидалари қандай бўлиши билан қизиқди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда дафн масалалари билан шуғулланувчи Самарқанддаги фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси ходими ана шу жиҳатларга ойдинлик киритишга уринди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз бошқарма мутахасисининг айтишича, чет эл фуқаролигини олган фуқаро ўз майитини Ўзбекистоннинг исталган қабристонига дафн қилиш бўйича васият қолдиришга ҳақли:

- Васиятини бажо келтириш керак. Бу бир. Иккинчи, қайси қабристонга кўмадиган бўлсангиз, кўмиш мумкин. Уни олиб келгандан кейин бу ердан рухсат олинадию кўмилаверади. Бунинг ҳеч қанақа муаммоси йўқ. Мисол¸ сиз ўша одамнинг олдига боргансиз, ўлишидан олдин сизга “Агар мен билан бирор нарса бўлиб қолса, мени Самарқандга олиб бориб кўминг” деса, сиз бу ерга олиб келиб айтган жойига қўйишга ҳақлисиз. Вафот этган одам бу ернинг одами бўлмаса ҳам унинг жасадини истаган қабристонга қўйса бўлади, деди суҳбатдош.

Мутахасиснинг айтишича, дафн қилиш борасидаги васият ёзма тарзда бўлиши шарт эмас, шахснинг оғзаки васиятининг ўзи етарли ҳисобланади.

Бироқ суҳбатдошга кўра, чет элда оламдан ўтган фуқаронинг майитини Ўзбекистонга олиб келиш учун бир қанча расмий ҳужжатлар талаб қилинади.

- Агар чет элда вафот этса, унинг ўлигини так просто олиб келолмайсиз. Чунки сизни қўймайди. Қўлингизда “Свидетельство о смерти” бўлиши керак. Нимадан ўлган, транспортироват қилиш мумкинми-йўқми, экспертиза қилинади, экспертиза хулоса чиқаради. Ўша хулоса кейин ëзилади. Ўша қоғозни асос қилиб олиб келасиз. Балки болницада ўлган. Агар болницада ўлмаган бўлса, уйда ўлган бўлса, уни олиб кетиб экспертиза қилади нимадан ўлганини. Врачебний заключениеда ëзади. Ана шу ҳужжат сизга ҳужжат. Чет элда яшаган, ўша ернинг фуқароси бўлиб туриб, ўша ернинг ўзидан “Свидетельство о смерти” олинади.

Кейин ана шу ҳужжатлар ҳаммаси таможняга, СЭСга тақдим қилинади. СЭС ўзининг хулосасини чиқаради мумкинми уни транспортировка қилиб олиб кетиш¸ ëки йўқми. У ëзиб беради, хулосасини чиқариб беради. Ўша хулосасини кейин таможняга тақдим қиласиз. Таможня уни кўриб чиқадию кейин эксгумация қилаëтганда, гробга қўйилаëтган пайтида таможнядан представителлар келади. Улар кўради что бошқа гробга ичига бошқа нарса қўйилмасин деб. Кўзининг одлида бу таможнядан ўтади. Гермитичний ëпилади у, дейди суҳбатдош.

Мутахасиснинг айтишича, қонунга кўра фақат икки ҳолатда чет элдан майитнинг олиб келинишига тақиқ қўйилади ва уларнинг ҳар иккаласи ҳам тиббий характердадир:

- Агар қаттиқ зарарли касал бўлса, уни просто таможня қўймайди. Уни текшириб кўрилади. Вабо, ТИФ, қаттиқ инфекционний касалликлар борку. Мисол¸ костний туберкулез дейлик, касали ўтиб кетган бўлса рухсат берилмайди. Кейин тана чириб кетиши мумкин. Бутун моргда олти ойлаб ëтган бўлиши мумкин. Жасад чириб кетганда ҳам рухсат йўқ. Докторлар ўзи хулоса чиқаради. Транспортироват қилиш мумкинми ëки йўқми аниқлайди, дейди мутахассис.

Дафн масалалари билан шуғулланувчи ўзбекистонлик мутахассиснинг айтишича, бугунги кунда чет элдан майит олиб келиш харажатлари ўртача 2000-3000 АҚШ долларини ташкил қилаяпти.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан 2010 йилнинг 27 декабрида имзоланган "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги қонунда ҳар бир инсонга унинг ўлимидан кейин жасадини дафн этиш учун ўзи истаган қабристондан жойни текин бериш кафолатланади.



Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG