Линклар

logo-print

Қирғиз журналисти "ҳазилкаш" ҳамкасбларининг жазоланишига эришмоқчи


Бошловчи Назира Айтбекова ўзининг куппа-кундуз куни ЖТРК биноси (суратда) олдидан ўғирлаб кетилганини айтади.

Бошловчи Назира Айтбекова ўзининг куппа-кундуз куни ЖТРК биноси (суратда) олдидан ўғирлаб кетилганини айтади.

Қирғизистон Жамоатчилик телерадиокомпанияси (ЖТРК) бошловчиси Назира Айтбекова “Супер-Инфо” газетаси ходимларини бир қатор жиноятларда айбламоқда.

Журналистнинг бугун Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, 30 октябр куни соат 11.40 ларда ЖТРК биноси олдида унинг ёнига спортчи келбат тўрт йигит келиб, тўппонча билан қўрқитиб, куч билан машинага ўтқазиб, номаълум ёққа олиб кетганлар.

Йўлда қиз ўғрилари уни кўплашиб зўрлаш ва ўлдириш билан таҳдид қилиб кетганлар, “фоҳиша” деб ҳақорат қилганлар.

Назиранинг айтишича, уни тоғ ёнбағридаги номаълум жойга олиб борганлар, этик ва камарини ечиб олганлар. Ҳодиса тафсилотларига тўхталган қиз калта юбкаси кўтарилиб кетганидан ич кийимлар кўриниб қолганинию буларнинг ҳаммасини уни ўғирлаб кетган йигитлар томонидан қўл телефони орқали тасвирга олинганини айтади.

Айтбековага кўра, бу ерда ҳам уни ўлдириш ва шу ерга кўмиб кетиш билан қўрқитганлар.

Пировардида буларнинг ҳаммаси “Супер-Инфо” газетаси ходимлари томонидан уюштирилган шунчаки ҳазил экани маълум бўлган.

Уч соатча давом этган бу воқеаларни мазкур газета ходимлари шоу-бизнес вакилларига нисбатан қилинган ҳазиллар рукнида ёритмоқчи бўлган эканлар.

Бу воқеалар жамоатчиликка ошкор бўлганидан кейин “Супер-Инфо” газетаси таҳририяти бугун баёнот тарқатди. Баёнотда газета бош муҳаррирининг ЖТРК ходимаси Назира Айтбековага ҳазил қилинажагидан хабари борлиги, бироқ бу ишга масъул мухбирлар ҳазилда шафқатсизлик унсурлари бўлмаслиги лозимлигидан огоҳлантирилгани қайд этилади.
“Бу сафар мухбирлар таҳририят талабларини эътиборга олмаганлар ва ўз ваколатлари доирасидан чиққанлар. Мазкур воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилди ҳамда шу асосда меҳнат шартномаси ва Қирғизистон Меҳнат кодексига мувофиқ чоралар кўрилди. Бундан кейинги текширувларни тегишли органлар ўтказиб, қонун доирасида ўз баҳоларини берадилар, деб умид қиламиз”, дейилади “Супер-Инфо” таҳририяти баёнотида.

Маълум бўлишича, “Супер-Инфо” нашри президенти Шаиста Шатманова кеча ЖТРК тележурналисти Назира Айтбекованинг ўғирланиши билан боғлиқ ҳазилни уюштирган икки ходимни ишдан бўшатган.

Аммо ҳазил ташкилотчилари шу билангина қутиладиганга ўхшамайди. Назира Айтбекова ўзининг ўғирланиши, ўлим ва зўрлаш билан таҳдид қилиниши юзасидан милицияга ариза топширганини маълум қилди.

“Икки кундан буён на ухлай оламан, на бирон нарса ея оламан, кўзимни юмишим билан тўппончаю қўрқитишлар кўринаяпти” деган тележурналист ҳазил ташкилотчилари бўлган ҳамкасбларининг жиноий жавобгарликка тортилишига эришажагини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG