Линклар


Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идоралари 2013 йил 1 январдан бошлаб бериладиган туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳақидаги гувоҳномалардан инглиз тилидаги саҳифани олиб ташлайдиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2012 йил 19 октябр кунги 2397- рақамли буйруғига мувофиқ¸ фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзишнинг янги шакллари ва уларни тўлдиришнинг янги қоидалар тасдиқланди.

Шу муносабат билан 2013 йил 1 январидан Адлия вазирининг “Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ ва унга киритилган тузатишлар ўз кучини йўқотади.

Norma.uz Интернет сайти хабарига кўра, "Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви", "Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви", "Никоҳдан ажралиш ҳақидаги далолатнома ёзуви" ва "Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви" аввалги тартибдан фарқли ўлароқ давлат тилида, яъни, лотин алифбосидаги ўзбек тилида ва кирилл алифбосидаги рус тилида ҳаво ранг сиёҳли шарикли ручкада ёзилади.



Тошкентдаги “Наврўз” номли Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идораси раҳбари Барно Рўзиева янги йилдан гувоҳномалар ёзиш тартибига киритиладиган ўзгартишлаrдан аксар ФҲДË хизматчилари бехабар эканини билдирди:

- Ҳозир бизда гувоҳномалар учта тилда - ўзбек тили, рус тили ва инглиз тилида ёзилади. Янги гувоҳномалар бизга ҳали берилмади. Январ ойидан бера бошласак, аниқ маълумотлар беришимиз мумкин. Ҳозир тўлиқ маълумот бера олмайман. Чунки бу нарса ҳозир амалиётда қўлланилаётгани йўқ, дейди Тошкентдаги ФҲДЁ бўлими раҳбари.

Адлия вазирлигининг исми ошкор этилишини хоҳламаган ходими Озодлик билан суҳбатда 2013 йил 1 январдан бошлаб янги гувоҳномалар лотин алифбосидаги ўзбек тили ва рус тилида бўлиши ҳақидаги қарор ҳукумат даражасида қабул қилинганини айтди.

- Вазирлар Маҳкамасида 2012 йил 25 апрел куни 119-сонли қарор қабул қилинган. 2012 йил 1 июлида янги гувоҳномалар шакллари тасдиқланди. Янги гувоҳномалар фақат ўзбекча, русча бўлади. Эски гувоҳномалар, яъни, ҳозирда берилаётган гувоҳномалар, ўзбек, рус ва инглиз тилида. 1 январдан бошлаб янгиси берилади, деди Адлия вазирлиги расмийси.

Вазирлик мулозими¸ айни пайтда гувоҳномалар ëзилишининг нима учун уч тилдан икки тилга ўтказилиши аниқ сабабини изоҳлай олмаслигини билдирди.

- Эски, яъни, ҳозирда берилаётган гувоҳномаларни ўзбек ва рус тилидан ташқари инглиз тилида ҳам тўлдириш керак. Республикадаги барча ФҲДЁ ходимлари инглиз тилини билмайди. Инглизча қисми тўлдирилмай қолиб кетаётган эди. Инглиз тилини шунчаки чиқариб ташлай олмаймизку.

Инглиз тили бўлганидан кейин тўлдириш керак. Тўлдирилмаяптими, демак ўзбек ва рус тилига эҳтиёж қолган. Менимча, шу ҳам ўзгариш сабабларидан бири. Яна билмадим. Бу ҳукуматнинг қарори. Уни биз қабул қилмаганмиз¸ деди Адлия вазирлиги мулозими.

Адлия вазирлиги расмийси ФҲДЁ томонидан икки тиллик гувоҳномалар берилиши Ўзбекистонда биометрик паспорт жорий этиш жараëни билан боғлиқ эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.

2011 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ФҲДЁ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга оид низомни тасдиқлаган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2012 йил 1 январдан Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, архивларини ягона электрон тармоққа бирлаштириш жараёни бошланган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ФҲДЁ органлари архиви қарийб 70 йиллик тарихга эга. Ўтган даврда барча ҳужжатлар фақат қоғозга қайд қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG