Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:39

Исëнчи Жанаозенга сўфий файласуф номи берилмоқчи


Қозоғистон расмийлари 2011 йил декабрида норози нефтчилар ва полиция ўртасида чиққан қонли тўқнашувларга макон бўлган Жанаозен шаҳри номини ўзгартириб¸ уни Бекет-ота деб аташ ташаббусини тарғиб қилмоқда.

Аммо бу ташаббус жанаозенлик нефтчилар ва фуқаровий жамият вакилларининг кескин норозилига сабаб бўлмоқда.

Жанаозен нефтчилари намояндалари¸ касаба уюшмаси фаоллари ва Манғистау олийгоҳларининг бир гуруҳ талабалари Жанаозенга борган Озодлик мухбирига шаҳар номини ўзгартириш уринишларига нисбатан ўз кескин норозликларини билдирдилар.

“Озенмунайгаз” ширкати таркибига кирувчи 16 корхона касаба уюшмалари 31 октябр куни Манғистау ҳокими Бауржон Муҳаммеджонов ва Жанаозен шаҳар ҳокими Серикбой Трумовларга шаҳар номи ўзгартирилишига қаршилик билдирилган норозилик мактубини топширган.

Фаолларнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ маҳаллий оқсоқолларнинг Жанаозен номини 18-асрда яшаб ўтган сўфий файласуфи Бекет-ота деб ўзгартириш ташаббуси шаҳарликларни икки қарама-қарши қутбга ажратган.

Бу қутбнинг бир томонида¸ маҳаллий ҳокимият¸ ҳукмрон “Нур Отан” партияси вакиллари бўлса¸ бошқа томонида оддий жанаозенликлар¸ “Озенмунайгаз” ширкати нефтчилари тургани айтилмоқда.

Икки қутб вакилларининг Жанаозен ҳокими Серикбой Трумов идорасида ўтказилган учрашувида¸ касаба уюшмалари вакилларидан бири Оразбай Турсунбайнинг Озодликка айтишича¸ ҳоким олдига жиддий талаблар қўйилган.

- Биз ҳокимдан икки-уч одамнинг таклифини бутун бошли халқ истаги деб реклама қилишни тўхтатишни сўрадик. Биз унга бу норозиликни мажлисда қатнашгаН 16 одамнинг эмас¸ балки “Озенмунайгаз” нефтчиларининг якдил талаби деб қабул қилишни айтдик. Керак бўлса¸ бу масалада имзо йиғиб беришимизни билдирдик. Ҳокимга норозиликка керак бўлса¸ 10 минг одамни майдонга олиб чиқишимизни билдирдик¸ дейди Жанаозен касаба уюшмалари гуруҳлари вакили Озодлик мухбирига.

Ўтган жума куни “Бекет-ота” масжидида ҳайит намозини ўқиган бир гуруҳ оқсоқоллар Манғистау вилояти ҳокимига мурожаат қилиб¸ Жанаозен номини Бекет-ота қилиб ўзгартиришни сўрадилар.

Шаҳарга шу тупроқда яшаб ўтган сўфий файласуфи номини бериш¸ оқсоқолларга кўра¸ ëшларнинг руҳий камолотига хизмат қилади.

Аммо масжидда қилинган бу мурожаатнинг шаҳар ва вилоят расмийлари томонидан илиб кетилиб¸ кенг кўламли реклама кампанияси бошланишига баҳона бўлгани¸ аксар шаҳарликларни ҳайратда қолдирмоқда.

- Уч кундан бери маҳаллий телевидениеда ҳам¸ ишхоналарда ҳам ташвиқот тўхтамаëтир. Агар ҳокимлар Бекет-ота номини абадийлаштирмоқчи бўлса¸ марҳамат қилиб¸ унга бағишлаб музей очсинлар¸ мақбара ва масжид қурсинлар. Жанаозенда ҳали-ҳамон беқарорлик ҳукм сурмоқда¸ халқнинг яраси битмаган¸ ҳатто мотам эълон қилинган эмас. Булар эса битта гапни тинимсиз реклама қилаяпти¸ дейди Оразбай Турсунбай.

Жанаозен шаҳрига янги ном бериш ташаббуси мухолифлари¸ бунинг ортидаги асосий мақсад 2011 йилнинг 16 декабрида шаҳар марказида юзага чиққан қонли воқеаларни халқ хотирасидан ўчириш эканини айтмоқдалар.

Яна бир гуруҳ норозилар¸ шаҳарга муқаддас шахс деб тарихга кирган Бекет-ота номи берилиши нотўғри эканига ишонадилар.

- Бекет-ота бизни кечирсину¸ аммо уч кундан бери унинг номи тилдан тушмаяпти. У муқаддас шахс. Шунинг учун ҳам гуноҳкор бандалар шаҳрига унинг номи берилишига мен қаршиман¸ дейди нефтчилардан бири Нурлибек Нурғалиев.

- Бекет-ота муборак шахснинг оти. Туркистонда Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси бор. Лекин ҳеч ким шаҳарга Яссавий номини берайлик демаяптику! Шунинг учун шаҳар номи Жанаозен деб қолдирилиши керак¸ дейди яна бир жанаозенлик Гулнор Дўсова.

Айни пайтда¸ Жанаозен шаҳар ҳокими Серикбой Трумов¸ шаҳар номини бу ерда яшовчи аксар аҳоли муқаддас деб биладиган шахс номига ўзгартириш тўғри бўлажагини таъкидлайди.

- Бу таклифни декабр воқеалари билан боғлаш тўғри эмас. Бу ерда ҳеч қандай сиëсий мақсад йўқ. Жанаозен номини ўзгартириш ғояси Бекет-ота таваллудининг 260 йиллиги муносабати билан ўртага тшланди ва ҳозирда бу ишни амалга ошириш фурсати келди¸ дейди Жанаозен шаҳри ҳокими.

Қозоғистон шимолидаги Жанаозен шаҳарчаси 2011 йил декабрида бу ерда юзага чиққан нефтчилар норозилиги муносабати билан халқаро жамоатчилик диққатига тушди.

Ўз меҳнат шароитлари яхшиланиши¸ иш ҳақлари орттирилиши талаби билан майдонга чиққан нефтчиларга қарши полиция куч қўллаши оқибатида 16 декабр куни Жанаозенда¸ расмий маълумотга кўра¸ 17 одам нобуд бўлди.

Шундан бери Жанаозен номи халқаро ва мустақил ахборот воситаларида Қозоғистон ҳукуматига қарши кучайиб бораëтган норозилик тимсолига айланди.
XS
SM
MD
LG