Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:25

Туркия Маданият вазири Тошкентга келди


 Эртўғрул Гуной
Эртўғрул Гуной
Сафар арафасида Ўзбекистон расмий матбуотида икки давлат ўртасидаги муносабатларга оид ижобий мақолалар чоп қилинди.

Туркия Маданият вазири Эртўғрул Гуной Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Турсунали Қўзиев билан учрашиб ўзаро маданий алоқалар борасидаги масалаларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот бошқармаси бошлиғи Ҳиндол Мадраҳимовнинг Озодликка билдиришича¸ учрашув пайтида икки давлат кутубхоналаридаги қадимий қўлëзмаларни биргаликда ўрганиш ва ëдгорликларни таъмир қилиш бўйича маслаҳатлашилган:

- Туркия Маданият вазири уч йиллик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш таклифи билан чиқди. Бу битим музейлар¸ қўлëзма ва осори-атиқалар борасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини пайдо қилади, деб такидлади матбуот хизмати бошлиғи Озодлик билaн суҳбатда.

Расмий матбуотга кўра¸ Туркия Маданият вазири Эртўғрул Гуной пайшанба куни “Ўзбектуризм” раҳбарлари билан ҳам учрашган.

Турк тадбиркорлари ҳамон қамоқда қолмоқда

Туркий халқлар Евроосиë федерацияси Бош котиби Исмоил Чингиз Маданият вазири Эртўғрил Гунойнинг Ўзбекистонга ташрифини икки давлат ўртасидаги муз тоғларини эрита олмайди. Исмоил Чингиз¸ Ўзбекистонда қамоққа олинган¸ мол-мулки таланган турк тадбиркорларининг ҳамон аянчли қолаëтган тақдирига эътибор қаратади.

Суҳбатдошга кўра, шу йил баҳоридан бери Ўзбекистонда 50 турк тадбиркори ҳибсга олинган.

"Улардан икки нафари¸ ака-ука Воҳид ва Фикрет Гунешлар 10 ойга яқин ҳибсда тутилиб бутун мол-мулкини йўқотса-да, Туркияга қайтганидан мамнун" дейди суҳбатдош.

1992 йили Туркия Ташқи ишлари вазирлигида ишлаган ва ўша пайтда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари қурилишида фаол иштирок этган Исмоил Чингизнинг ўзи ҳам Ўзбекистон тарафидан исталмаган шахс деб эълон қилинган.

1992 йили Тошкентдаги мол-мулки мусодара қилиниб¸ бир кунда Ўзбекистондан қувилган Исмоил Чингиз Ўзбекистон билан алоқалар яхшиланишидан умид қилади:

- Мен Эртўғрил Гунойнинг Ўзбекистонга борганидан хурсандман. Бу яхшилик аломати. Яна бир янгилик¸ шу кунларда Ўзбекистондан 15 талаба Туркияда таълим олмоқда. Бу ҳам катта кўрсаткич. Бир пайтлар Ўзбекистондан келиб Туркияда ўқиëтган талабалар сони 2000 дан зиëд эди. Кейин битта ҳам талаба қолмаган эди. Бугун 15 талабанинг ўқишига ҳам суюняпмиз¸ дейди суҳбатдош.

Туркиялик вазир Ўзбекистонда учрашув ўтказган бир пайтда Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича вакили Антье Леендертсе ўзбекистонлик фаоллар билан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

Туркия вазири эса¸ Ўзбекистон ҳукуматини ошкора мақташ баробарида муаммолар борасида оғиз очмаган. Бундай мулозаматни Исмоил Чингиз туркий халқлар ўртасидаги тарихий истиҳола билан изоҳлади:

- Биз немислар каби масалани кўндаланг қўйишга андиша қиламиз. Ҳар ҳолда бир ота¸ бир онанинг фарзандларимиз. Қолаверса Гуной фақат Маданият вазири. У тўла иқтидор тамсили эмас. Аммо у ҳам¸ масалан¸ таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудни зиндондан чиқаринглар¸ деб илтимос қилса ярашар эди. Аммо қилмайди. Оқ партиянинг овози (иқтидордаги Адолат ва Тараққиëт партияси) фақат Яқин Шарқда қаттиқ чиқади¸ дейди суҳбатдош.

Исмоил Чингиз 1992 йилда Туркия Бош вазири Турғут Ўзол Тошкентга борганида¸ қамоқда ëтган ëзувчи Муҳаммад Солиҳни озод қилишни Ўзбекистон президентидан сўраганига гувоҳ бўлганини ҳам эслаб ўтди:

- Раҳматли Ўзол жуда бир юмшоқ тарзда Каримовга юзланиб¸ Муҳаммад Солиҳни қамоқдан озод қилишга мушарраф бўлган эди. У талаб қилмади¸ балки дўстона оҳангда сўраган эди¸ деб эслайди Исмоил Чингиз.

Айни пайтда¸ Туркиядаги 30 дан зиëд ташкилотни бирлаштирган “Озод Ўзбекистон дўстлари” ташкилоти фаоли 43 яшар Олимжон Чотқол икки давлат муносабатлари сиëсий андишалардан холи тарзда доимо яхши бўлиши керак¸ деган фикрни билдирди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00
Бевосита линк

Туркия маданият вазири ташрифидан сал олдин Тошкентдаги Art Week Style.uz-2012 санъат ҳафталиги доирасида ўтказилган шоҳона кечада "Муҳташам юз йил" турк сериалида Султон Сулаймон образини яратган актёр Холид Эргенч бош меҳмон бўлган эди.

Uzbekistan - Turkish movie star Haled Ergench attend Gulnara Karimova's fashion week, screenshot from Sayyod.com
Uzbekistan - Turkish movie star Haled Ergench attend Gulnara Karimova's fashion week, screenshot from Sayyod.com
Туркия жумҳурияти асосчиси Мустафо Камол Отатурк образи билан туркиялик томошабинларга танилган Холид Эрганчга "Муҳташам юз йил"даги Қонуний Султон Сулаймон роли Ўзбекистонда ҳам катта шуҳрат олиб келди.






Гулнора Каримовага оид “GULI VICTORIOUS” атирини шаклан тамсил қилган Холид Эргенчнинг Каримовнинг тўнғич қизи билан илиқ муносабати икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига сабаблардан бири сифатида кўрилади.
XS
SM
MD
LG