Линклар

logo-print

Жорий йил сентябрида Россия Давлат Думаси депутатлари мухолифатчи Геннадий Гудковни қонунга хилоф равишда табдиркорлик фаолияти билан шуғулланганликда айблаб, кўпчилик овоз билан депутатлик лавозимидан муддатдан олдин маҳрум қилган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ депутат Геннадий Гудковга бирор даъвоси йўқлиги КПРФ депутати Вадим Соловёвнинг Бош прокуратурага юборган сўровномасига келган жавобдан аниқ бўлди.

Россия Бош прокурори муовини Виктор Грин парламент мухолифатчига ноҳақ босим бўлаётгани тўғрисидаги иддаоларни рад этиб, шунга қарамасдан Геннадий Гудковга нисбатан жиноий иш очилмаслиги расман тасдиқлади. Бу жиноий ишни қўзғатилишини Россия Тергов қўмитаси вакиллари талаб қилаётган эди.

Бош прокуратуранинг бу жавобини Озодликка Геннадий Гудковнинг ўзи изоҳлаб берди:

- Мен учун бу қувончли янгилик. Мен бундан олдин ҳам бирор жиноят содир этмаганлигимга ишонардим. Лекин менинг билишим бир масала, бутун мамлакат билиши мутлақо бошқа. Бу қандайдир сиёсий силжишлар бўлаётганидан даракдир. Албатта, бу ҳукуматнинг ахмоқона ва самарасиз “мурватларни қотириш” ва қатағонлар сиёсатидан воз кечаётганига оз бўлса-да умид уйғотади, дейди Геннадий Гудков.

Гудков депутатлик мандатидан маҳрум этилганидан кейин унинг сафдошлари Конституциявий судга сўров юборган эди. Гудковнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда Думага фақат суд қарори чиққанидан кейин қайтиб боражагини билдирди:

- Мен учун бу масала ҳал этилишининг ягона йўли суд инстанциялари орқали бўлишига ишонаман. 20 ноябр куни 116 депутат сўровига биноан Конституциявий суд маҳкамаси бўлиб ўтади. Биз Олий судга ҳам мурожаат қиламиз. Агарда улар ижобий қарор чиқариб берса, менда Думага қайтиш учун ҳуқуқуй имкон пайдо бўлади, яъни Думанинг қарорининг ноҳақлиги, лаёқатсизлиги тасдиқланади, деди Геннадий Гудков.

Геннадий Гудков 14 сентябр куни “ҳукумат партияси” саналмиш “Единая Россия” ва уни қўллаб қувватловчи ЛДПР депутатларининг кўпчилик овози билан депутатлик мандатидан маҳрум қилинган эди.

Гудков мандатининг бекор қилиниши ортидан, “Справедливая Россия” вакиллари Илья Пономарёв ва Дмитрий Гудковлар ўз Интернет блогларида тадбиркорлик фаолияти билан кўплаб Дума депутатлари, жумладан “Единая Россия” партияси намояндалари шуғулланаётгани тўғрисида маълумотларни чоп эта бошлади.

Бу текширувлар натижасида Гудковнинг ҳайдалишига қўш-қўллаб овоз берган “Единая Россия” депутати Алексей Книшёвдан ҳам депутатлик мандати олиб ташланди.

"Справедливая Россия" партияси азоси Гудков шанба куни Москвада учинчи марта ўтказиладиган Миллионлар марши ташкилотчиларидан биридир.

Гудков ўтган йилги парламент сайловлари натижалари иқтидордаги "Единая Россия" фойдасига қалбакилаштирилганини айтиб, муддатидан аввал парламент сайловлари ўтказишга чақирган.

Гудков шунингдек, жорий йил март ойида Владимир Путинни ҳокимият тепасига қайтарган президент сайловида ҳам оммавий сохтакорликлар бўлганини айтган ва унинг натижаларини тан олмаган.
XS
SM
MD
LG