Линклар

logo-print

АҚШ тарихидаги сайловчилар ўта қутблашгани кузатилаëтган Президент сайловига икки кун қолар экан, “Сэнди” тўфони оқибатлари билан курашдан сал бўлса ҳам қўли бўшаган иқтидордаги президент Барак Обама яна сайлов олди пойгасидаги мужодаласига зўр бергани кузатилди.

"Сэнди" тўфони оқибатларини бартараф этиш қабатида Барак Обаманинг сайловолди тадбирлари жозибадор кўринаëтгани кузатилди.

Висконсиндаги Грин-Бей аэропортида нутқ сўзлаган Обама табиий офат олдида барча баробар эканига эътибор қаратди:

- Довул чоғида демократлар ҳам, республикачилар ҳам йўқ. Фақат Америка фуқаролари бор, холос. Турли партия лидерлари бузилган жойларни тиклашга уринмоқда. Қўшнилар фожеа пайтида бир-бирига далда бермоқда. Аҳоли вайрон бўлган уйларини қайта тиклаш учун бел боғлаган, - дер экан Барак Обама сайловчиларга танлов ҳақида эслатишни ҳам унутмади.

- Сизнинг олдингизда Америка тараққиëти учун муҳим икки фундаментал концепциядан бирини танлаш имкони бор. Улардан бириси бизнинг иқтисодимизни емирган “пастдан юқорига” принципи. Сиз эса Висконсин аҳолиси¸ келажак учун овоз беринг. Кучли ва ўсиб бораëтган ўрта синфга асосланган келажак учун овоз беринг, - деди Барак Обама.

Айни пайтда АҚШдаги президент сайловлари пойгаси сўнгги маррага яқинлашмоқда. Қолган икки кун ичида демократ Обама ва унинг республикачи рақиби Ромни бор кучларини ҳали узил-кесил қарор бермаган штатларга қаратишмоқда.

Ижтимоий сўров натижаларига қараганда, номзодлар овоз бериш кунигача қолган вақтларини икковларидан биронтасининг ҳам қўли баланд келаётгани аниқ бўлмаган штатларда ўтказиши кутилмоқда.

Оҳайо, Колорадо, Айова, Нью Хемпшир, Висконсин, Виржиния ва Невада ана ўша штатлардир.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, ҳар иккала номзод сайловолди пойгасида деярли бир хилда кетмоқда.

АҚШнинг шарқий соҳилига хуруж қилган Сэнди довули туфайли бир неча кунга тўхтаб қолган сайловолди кампаниясини пайшанба куни Обама Висконсин ва Невада штатларида, Ромни эса Виржинияда давом эттирди.

Иккала номзоднинг ҳам сайловчилар олдидаги чиқишларида “ўзгаришлар” мавзуи бош мавзу бўлди.

Виржиния штатидаги Дозуэлл шаҳрида қилган чиқиши чоғида Митт Ромни Барак Обамани ҳукумат аппаратини, хусусан, федерал агентликларни кенгайтириш тарафдори эканликда танқид қилди.

Ромни ва у вакили бўлган Республикачилар партияси чоғроқ бўлган ҳукумат тарафдори эканлигини айтади. Республикачилар фикрича, бошқарув аппарати қанчалик катта бўлса, иқтисодий ўсиш суръати шунчалик паст бўлади.

Ромнининг фикрича, кейинги йилларда ўсиш суст бўлди, Америкага эса реал “ўзгаришлар зарур”, ўша ўзгаришларни у – Ромни олиб келади.

- Олдимиздаги сайловнинг аҳамияти катта ва сиз буни тушуниб турибсиз. Биламанки, баъзилар ҳозир кетаётганимиз йўл тўғри ва биз мана шу йўлда кетаверишимиз керак, дейди, ҳозир ишларимиз беш, дейдиганлар бор. Бироқ, менимча, жорий аҳвол Америка учун тўғри йўл эмас. Менимча, Американинг реал ўзгаришларга эҳтиёжи бор. Бу ўзгаришлар ваъда қилинди ва биз уларни Америка халқига берамиз, - деди Митт Ромни.

Висконсин штати сайловчилари билан учрашар экан, Обама ҳам ўзгаришлар мавзуида гапирди. Бу мавзу президентнинг 2008 йилги кампаниясида ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган эди.

АҚШда президентлик сайловлари сешанба куни бўлиб ўтади.

Нега сайлов сешанба куни бўлади?

1845 йили президентлик сайлови сешанба куни бўлиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилинган. Ўшандан бери ноябрнинг илк душанбасидан кейин келадиган сешанба куни сайлов ўтказилади.

"Нега айнан сешанба?" деган савол жавобини АҚШ аҳолиси зеҳнияти ва яшаш тарзи тарихидан топамиз.

Ўн тўққизинчи аср ўрталарида АҚШ аграр давлат бўлган. Ўша пайтдаги деҳқонлар шаҳарлардан олисда истиқомат қилишган.

Сайлов участкалари жойлашган энг яқин шаҳарга бориш ҳам анча вақт олган.

Ўша пайтда шанба иш куни ҳисобланган. Якшанба куни эса одамлар черковга боришган. Чоршанба куни эса бозор қиладиган кун бўлган. Демак, сайловда иштирок этиш учун фақат сешанба қолган.

Ўшандан бери АҚШ президентлик сайловлари сешанба куни ўтказиб келинади.

Тарихан аксар штатлар муайян партия учун овоз берадилар, шунинг учун ҳам президентликка даъвогарлар ўша штатлар қўлловидан умид қилади.

Президент сайловчилар коллегияси томонидан сайланади. Ҳар бир штатдаги электорал овозлар сони штатнинг Конгрессдаги вакиллари сонидан келиб чиқиб белгиланади.

АҚШ Президенти этиб сайланиш учун 270 овозни қўлга киритиш талаб қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG