Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 10:13

Қорасувдаги бахтсиз ҳодиса туфайли 4 киши нобуд бўлди


Қорасувдаги машъум ҳожатхона (Қирғизистон ФВВ тақдим этган сурат).
Қорасувдаги машъум ҳожатхона (Қирғизистон ФВВ тақдим этган сурат).

Қирғизистоннинг Қорасув шаҳри марказида жойлашган бозор яқинидаги умумий ҳожатхонанинг поли ўпирилиб кетиши натижасида 4 киши нобуд бўлди, 12 киши тан жароҳати олди.

Шанба кунги бахтсиз ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган қорасувлик Ҳаётбекнинг айтишича, мазкур воқеа тушдан кейин содир бўлган.

- Кеча бозорнинг Бишкек стоянкасидаги ҳожатхонага кириб кетаётгандим. Почти кириб қолгандим ҳожатхонага. Бирдан қасир-қусур, бақир-чақир бўлиб кетди. Ичкарига югуриб кирсам, ҳожатхона полининг ўртаси ёрилиб кетган экан. Мен кўрган одамлар 10-12 та бор эди. Мен оёқларимни бетонга қўйиб, пастга тушиб, улар ичидан уч-тўрттасини чиқариб олдим. Улар орасида 10 яшар бир бола, икки-уч хотин бор эди. Чиқариб олинганлар орасида оёқ-қўли ишламай қолгани кўп, бутун чиққани кам бўлди. Бир-иккитаси ўзи юриб чиқиб кетди, қолганларининг оёғи синган, боши ёрилган – шунақа ҳолатда чиқди, - дейди Қорасув бозорида савдо қиладиган Ҳаётбек.

“Афсуски, ҳожатхона ичидагиларнинг ҳаммасини ҳам қутқариб қололмадик”, дея сўзида давом этади Ҳаётбек.

- Мен кўзим билан кўрганим – биттасини тортиб чиқаролмай қолдим, кириб кетиб қолди ичкарига... Чўкиб кетиб қолди... Қўлидан тортдим-тортдим, чиқаролмай қолдим, кучим етмади. Оёғининг таг томонини бетон қисиб қолган экан, қутқаролмай қолдим, - дейди Ҳаётбек.

Орадан бир мунча вақт ўтиб воқеа жойига етиб келган Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари бу ерда тунги соат 2 гача чўккан одамларни қидириш билан машғул бўлганлар.

- Тунги соат бирдан беш дақиқа ўтганда биринчи мурда топилди. Кейин орадан беш-ўн дақиқа ўтмай қолганлари ҳам топила бошлади. Соат 2 дан ўтганда охирги мурда ҳам топилди. Уларнинг уч нафари аёл, бири эркак. Уларнинг шахси, қаерлик экани ҳам аниқланди. Нобуд бўлганлар ичида чет элликлар йўқ, ҳаммаси Қирғизистон фуқаролари бўлиб чиқди, - деди Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Абдишарип Бекилов якшанба куни тушга яқин қидирув ишлари тўхтатилганини қўшимча қиларкан.

Маълумотларга кўра, кеча қутқарилган 12 кишининг олти нафари касалхонага етказилган. Улар орасида 6 яшар болакай ҳам борлиги айтилмоқда.

Марказий Осиёдаги йирик савдо марказларидан бири бўлган Қорасув бозори олдидаги 40 ўринли ҳожатхонани 2003 йили марҳум депутат Баяман Эркинбаев қурдирган экан. 2007 йилда ҳожатхонани маҳаллий тадбиркор Муса Абишев сотиб олган бўлиб, ўшандан буён уни тадбиркорнинг хотини Арзигул Тўлўнова ишлатиб келган. Чуқурлиги 5, эни 6, узунлиги 40 метр бўлган ҳожатхона пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, пастига цемент қуйилган экан.

Айни пайтда кечаги фожеа бўйича қорасувликлар орасида турли тахминлар урчиган. Шулардан бирини маҳаллий савдогарлардан бири Музаффаржон айтди.

- Бир ойлар олдин ҳидни тортиб оладиган мотор ўрнатиб қўйганди. Бу мотор вибрация қилиб, дириллатиб ишлаб турувди. Шу ҳаммаёқни бўшатиб, шунинг орқасидан кетди шекилли, деб ўйладим ўзимча, - дейди Музаффаржон.

Бошқа бир савдогар Динара эса ҳожатхонада ёриқлар бўлганини айтади. Бироқ ҳожатхона эгалари бу айбловларнинг барчасини рад этмоқдалар.

4 ноябр куни воқеа жойига Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Тайирбек Сарпашев ва Фавқулодда вазиятлар вазири Қубатбек Бўрўнов келиб, аҳвол билан танишган. Бироқ ҳукумат масъуллари ҳодисадан жабр кўрганлар ва яқинларини йўқотганларга давлат томонидан ёрдам берилиш-берилмаслигини айтмаганлар.

Бош вазир ўринбосарининг топшириғига кўра, кейинги ҳафтадан Қорасувдаги барча жамоат жойлари хавфсизлиги текшириладиган бўлди.

Ҳозирда Қорасув бозори вақтинча ишламаяпти. Айни пайтда 4 киши нобуд бўлган ҳожатхонадаги ҳодиса юзасидан ҳозирча жиноий иш очилмагани маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG