Линклар

Россия полицияси Халқ бирдамлик куни муносабати билан рус миллатчилари Москвада уюштирган юришда олти минг киши қатнашганини билдирди. Тадбир ташкилотчилари эса рухсат этилган юришда 20 мингдан зиёд одам иштирок этганини иддао қилди.


Москвадаги юришида таъқиқланган фашистлар нишонларини тақиб олган 25 нафар рус миллатчиси қўлга олинди.

Полиция ходимларига кўра, айрим намойишчилар мушак ва ўт чиқарувчи бомба отган.

Москва расмийлари пойтахт марказида миллатчилар намойиш ўтказишига илк бор рухсат берди.

Тор исмли тадбир ташкилотчиларидан бири президент Владимир Путин ҳукуматини мамлакатдаги демократик институтларни йўқ қилаётганликда айблади.

- Улар бизни кўп бўлсак ва кўчага чиқсак эшитишади. Афсуски, мамлакатда демократик тизим бузилган. Демократик институтлар йўқ. Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини соҳталаштирувчи тўдага айланган. Айни пайтда президент ва Давлат Думаси шартли равишда легитим. Ҳозир вазият жуда оғир. Бундай шароитда руслар бирлашиб фуқаролик жамиятини ва параллел равишда демократик институтлар тузишга мажбур, деди юриш қатнашчиларидан бири Тор.

У Россия ҳукуматини марказий осиёлик мигрантлар оқимини тўхтатишга чақирди.

- Биз Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар тўлқини тўхтатилишини талаб қиламиз. Марказий Осиё давлатларига виза тартиби жорий қилиниш керак. Шу йўл орқали Афғонистон, Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан героин ва бошқа гиёҳвандлик моддалари контрабандасига чек қўйиш лозим, деди Москвадаги юриш қатнашчиси Тор.

Россия пойтахтидаги намойишда Кремлга қарши бўлган таниқли блоггер Алексей Навалний ҳам қатнашди.

Аввалги тадбирларда Навалний Кремлни “Кавказни, хусусан, Чеченистонни боқишни тўхтатиш”га чақирган эди.

4 ноябр куни Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам миллатчилар томонидан ташкил этилган рухсат этилган ва рухсат этилмаган ўнлаб “Рус маршлари” бўлиб ўтди.

Урал минтақасининг Екатиринбург шаҳрида уюштирилган рухсатсиз юришда тўқсон киши қўлга олинди.

Татаристон пойтахти Қозондаги рухсат берилмаган намойишда қатнашган 30 киши полиция ходимлари томонидан ушланди.

Псков шаҳрида “Россияда ҳокимият русларга” ва “Келажак бизники” каби шиорлар остида ўтказилган рухсат этилган намойишда юзга яқин рус миллатчиси қатнашди.

Россияда Халқ бирдамлик куни 1612 йилда поляк босқинчилари Москвадан сиқиб чиқарилганидан бери нишонлаб келинади.

Бу байрам Совет Иттифоқи даврида таъқиқланган эди. Бироқ 2005 йилда Владимир Путин уни қайта тиклаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG