Линклар

Футбол бўйича 19 ёшгача Ўзбекистон терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтаётган ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида Вьетнам жамоаси устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

4 ноябр куни “Эмирейтс” стадионида ўтган учрашувда ҳисоб 28-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси амалга оширган жарима зарбасидан сўнг очилди. Ярим ҳимоячи Жамшид Искандаров узатган тўпни ҳимоячи Максимильян Фомин рақиб дарвозасига юборди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида эса, ҳимоячи Темур Шамшитдиновнинг қанотдан узатган тўпини ҳужумчи Игорь Сергеев боши билан Вьетнам дарвозасига тўғрилаб қўйди.

Иккинчи бўлимда Игорь Сергеев дублни амалга оширди. 79-дақиқада ярим ҳимоячи Аббосбек Махсталиевнинг тўп узатиши ва Вьетнам терма жамоаси ҳимоячиларининг кетма-кет хатоларидан унумли фойдаланган "Пахтакор" ҳужумчиси Игорь Сергеев мусобақа тўпурарларидан бирига айланиб олди.

Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Темур Ҳакимов ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган биринчи дақиқада ҳисобни 4:0 га етказишга муваффақ бўлди. Хакимовга тўпни Игорь Сергеев етказиб берган эди.

Вьетнамга қарши ўтган ўйинда дублга эришган Игорь Сергеев ОФК сайтига берган интервьюсида ғалабага қарамасдан жамоаси ўйнидан кўнгли тўлмаганини айтиб ўтди.

- Ҳар қандай мусобақада ҳам энг биринчи ўйин оғир кечади. Биз рақибни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратганимизга қарамасдан, жамоамиз кўрсатган ўйиндан кўнглим тўлгани йўқ. Биз одатда бундан яхшироқ ўйин кўрсатамиз, бўлажак баҳсларда биз ўзимизнинг ҳақиқий кучимизни кўрсата олишимизга ишончим комил, - деди Сергеев.

Ўйиндан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев чемпионатни ғалаба билан бошланишидан мамнун эканини, бироқ олдинда қийин учрашувлар борлигини айтиб ўтди.

- Биз яна узоқ йўл босиб ўтишимиз керак. Олдинда бизни икки кучли жамоага қарши ўйин кутиб турибди. Бор кучимизни ишга солиб, ушбу учрашувларда ҳам ғалабага эришишимиз керак, - деди бош мураббий.

Қирғизистонлик ФИФА қанот рефериси Баҳодир Қўчқоров ўзбекистонлик ёш футболчилар ўйинини юқори баҳолао экан, улар миллий терма жамоа учун ўсиб бораётган резерв эканини таъкидлади.

- Ўзбекистоннинг ёшлар терма жамоаси яхши. Умуман олганда Ўзбекистон футболини Марказий Осиёдаги энг кучли деса бўлади. Мактаблар очилган, лицейлар ишлаяпти. Жамоалари турнирларга чиқяпти. Германия, Туркия, Испанияга йиғинларга чиқишяпти. Шу болалар кейинчалик миллий терма жамоада ўйнаб, Жаҳон чемпионатига чиқишса керак, деб ўйлайман. Асосан болаларнинг ўзларига боғлиқ. Ўйинни ташлаб қўйишмаса бўлди, - дейди ФИФА қанот ҳаками Баҳодир Қўчқоров.

1-турдаги ғалабадан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси «С» гуруҳи пешқадамига айланиб олди. Гуруҳнинг қолган икки жамоаси – Иордания ва Шимолий Корея ёшлар терма жамоалари ўртасидаги ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 2-тур учрашувлари 5-6 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Тур доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Иорданияга қарши майдонга тушади. Ўйин 6 ноябрь куни Тошкент вақти билан 18:00да бошланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG