Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:16

“Рус марши” Россияда норозиликларга сабаб бўлмоқда


Россияда 4 ноябр куни ўтказилган "Рус марши" иштирокилари.
Россияда 4 ноябр куни ўтказилган "Рус марши" иштирокилари.

Кеча Москвада бўлиб ўтган “Рус марши”да миллатчилардан иборат намойишчилар Россияда рус халқига давлат асосини ташкил қилувчи эл мақомини бериш, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида виза тартибини жорий этиш каби талаблар билан чиқишди.

4 ноябр - Халқ бирдамлик куни Россияда ўтказилган турли тадбирлар орасида энг кўламлиси кўп минг кишилик “Рус маршлари” бўлди. Намойиш ташкилотчиларининг иддаосича, 20 минг, полиция эътирофича, 6 минг киши қатнашган бу маршларда миллатчилик ва ўзаро чидамсизликни тарғиб қилувчи шиорлар устиворлик қилди.

Бу чиқишлар нафақат муҳожирларни, балки миллатчиликка қарши бўлган аксилирқчи гуруҳлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳам норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси вакиллари “Рус марши”да содир этилган қонунбузарликлар бўйича Россия бош прокурори ва Ички ишлар вазирига мурожаат қилажакларини билдирдилар. Бюро директори Александр Брод марш чоғида миллатчилик ва муҳожирларга қарши шиорлар янграганини қоралади.



Аввалроқ Россия муҳожирлар федерацияси “Рус марши”ни бекор қилиш ёки ҳеч бўлмаганда, тадбирни бошқа кунга кўчириш илтимоси билан Москва мэри Сергей Собянинга мурожаат қилганди. Бироқ, маълумотларга кўра, бу таклиф Москва мэрияси томонидан рад этилган.


Айни пайтда, якшанба куни ўтказилган маршларга бевосита гувоҳ бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев фикрича, бу каби тадбирларни Россия раҳбарлари хоҳиш-иродасига зид равишда ўтказилаяпти, деб бўлмайди.

- Бўлаётган бу тадбирлар, миллатчиларнинг кўчага чиқиши авваллари Москва шаҳрининг чеккаларида бўлган бўлса, бугунги кунда марказда бўлди. Бу марказнинг ўзи мазкур тадбирларни қўллаётганини кўрсатади. Яъни буни марказ қўллаб-қувватлади, марказдан бошқарилаяпти. Россия ҳукумати ўзи очиқдан-очиқ айтолмайдиган ёки очиқдан-очиқ кураш олиб боролмайдиган ҳолатларни шу миллатчилар гуруҳи чиқишлари билан ифодалайди, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Кремлнинг бундай истаги бир томондан йил сайин кўпайиб бораётган мусулмонларни огоҳлантиришда акс этса, иккинчи томондан бу каби тадбирлар мамлакат фуқароларини Россияда сўнгги пайтларда таранглашиб кетаётган ижтимоий-сиёсий вазиятдан чалғита билиши билан ҳам қулайдир.

- Россияда ижтимоий-сиёсий таранглик ҳолати пайдо бўлди. Бунга биз расмийларнинг Россия халқи фикрини бошқа тарафга буриш, асосий муаммолардан узоқлаштириш мақсадида қилинаётган хатти-ҳаракати, деб баҳо берамиз, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Айни пайтда бу каби хатти-ҳаракатлар “ўт билан ўйнашиш” эканини эътироф этган ҳуқуқ фаоли Россияда миллатчилик кайфияти авж олишига изн бериш Кремл йўл қўйиши мумкин бўлган энг катта хато бўлажагини таъкидлайди.

- Агар Россия миллатчилик ҳаракатларини қоралаб, зудлик билан бунга тўғри, ҳуқуқий баҳо бермаса, Россиянинг ўзи парчаланишига олиб келади бундай хатти-ҳаракатлар, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Сўнгги пайтларда Россияда миллатчилик кайфияти тобора урчиб бораётгани кузатилади.

“Сова” ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази вакилларига кўра, ирқчилик ва миллатчилик кайфиятидаги хуружлар натижасида бу мамлакатда йил бошидан буён 11 киши ўлдирилган ва 149 нафар киши тан жароҳати олган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:32 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG