Линклар

logo-print

Лавров: Россия Сурияда режим ўзгариши тарафдори эмас


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ч), Қоҳира ш., 2012 йил 5 ноябр.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ч), Қоҳира ш., 2012 йил 5 ноябр.

Мисрга сафар қилаётган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз мамлакати АҚШ ёки бошқа давлатлар билан Сурияда ҳокимиятни ўзгартириш борасида ҳеч қачон музокара олиб бормаганини таъкидлади.


Сурия бўҳронига чек қўйиш мақсадида Мисрга икки кунлик сафар қилаётган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 5 ноябр куни Араб Лигаси Бош котиби Набил Ал-Арабий ва БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий билан сўзлашув олиб борди.



Музокарадан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Лавров жумладан бундай баёнот берди.

- Биз ҳеч қачон, ҳеч ким билан учинчи давлат тақдири хусусида сўзлашувлар олиб бормаймиз. Биз Башар Ал-Ассад тақдири борасида америкаликлар ёки бошқалар билан ҳеч қачон махфий мулоқотда бўлмаганмиз, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Сергей Лавров Суриядаги барча томонлар жорий йил июн ойида эришилган Женева декралацияси асосида музокара олиб боришга рози бўлиши кераклигини урғулади.

Женева декларациясида ўтиш даври маъмурияти ташкил этилиши назарда тутилган. Бироқ ҳужжатда президент Бараш Ал-Ассаднинг роли кўрсатилмаган.

Лахдар Браҳимий Женева декларацияси БМТ Хавфсизлик кенгашида янги резолюция қабул қилинишига асос бўлиши кераклигини айтди.

Бироқ Россия Ташқи ишлар вазири бунга эҳтиёж йўқ эканини билдирди.

Сергей Лавров Ғарб давлатларини Суриядаги мухолиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш орқали бўҳронни узайтираётганликда айблади.

БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Сурия можаросини ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини яна бир карра таъкидлади.

- Ҳозир давом этаётган қон тўкилиши, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиши ҳеч бир томонни ғалабага етакламайди. Сурия бўҳронига ҳарбий йўл орқали ечим топиб бўлмайди. Муаммони ҳал этишнинг ягона йўли ёки барча томон иштирокида сиёсий жараён бошланади ёки Сурия келажаги фожиали бўлади. Айни пайтда, можаро Сурия ҳудудидан ташқарига, яъни, қўшни давлатлар ва Суриядан узоқда жойлашган мамлакатлар ҳудудига ёйилади, деди Лахдар Браҳимий.

Франс Пресс ахборот агентлигига кўра, Лавров Сурияда тинчлик ўрнатиш учун урушаётган томонларни “ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига ўтиришга кўндириш” лозим деган фикр билдирган.

Лавров Сурия можаросини ҳал қилиш жараёнида Яқин Шарқ минтақасининг тўрт давлати фаол иштирок этиши кераклиги ҳақидаги Миср таклифини Россия қўллаб-қувватлашини айтди.

Миср Сурия бўйича музокараларга Саудия Арабистони, Туркия ва Эрон ҳам жалб этилишини таклиф қилган.

Миср, Саудия Арабистони ва Туркия президент Башар Ал-Ассад ҳокимиятни тарк этиши кераклигини айтган. Эрон эса Сурия ҳукуматининг яқин иттифоқчиси ҳисобланади.

Россия Ташқи ишлар вазирининг Қоҳирага сафари Сурия мухолифати вакиллари Қатарда ўзаро музокаралар бошлаган пайтга тўғри келмоқда.

Айни пайтда, Сурия давлат телевидениеси душанба куни Ҳама вилоятидаги армия текширув пунктида худкуш шахс ўз машинасини портлатганини хабар қилди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти ҳужумда ўнлаб одам нобуд бўлганини билдирди. Бу маълумот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG