Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:06

Капитан Қорабоев: Мени қирғизистонлик, деб бўшатдилар


Ўзбекистон Қуролли Кучларидан ўшлик бўлгани учун бўшатилган капитан Алишер Қорабоев 4 йилдан бери ишсиз. Бу ҳақда Озодликка ўтган ҳафта охирида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари хабар қилди. Мухбиримиз 1978 йилда туғилган капитан Қорабоев билан боғланиб, хизматдан бўшатилиши тафсилотларини суриштирди. Ўзбекистон Республикаси Mудофаа вазирлиги расмийси эса, Қорабоев билан боғлиқ иш тафсилотларини ўрганишга ваъда берди.



Алишер Ўшда туғилган

- Мен Қорабоев Алишер Тўлқинжонович. 16 ноябр 1978 йилда Ўш шаҳрида туғилганман, деб ўзини таништиришни бошлади капитан.

Алишер отаси Тўлқинжон аканинг касбини танлаган. Тўлқин Қорабоев Совет даврида Россия ҳудудида хизмат қилган. Лекин Тошкент у кишига ҳам ўгай бўлмаган.

- Дадам Тошкентда ҳарбий училишени битириб, энди у пайтда СССР эдию, направление билан шу ëқда хизмат қиларди, дейди Алишер.



Алишернинг болалиги отаси хизмат қилган Россияда ўтди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йили Қорабоевлар оиласи Ўзбекистонга кўчиб келади.

Ҳукумат таклифи

Ҳикоянинг шу жойига диққат қилинг:

- Бизларга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан дадамнинг номига телеграмма келди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига келиб кетинг беседага деб. Дадам келди. Дадам келса, у пайт дадамга айтишди ҳозир мустақиллик бўлди бизларда, офицерлар етмаяпти, кўпинча офицерлар кетиб қолди, сиз келиб Ўзбекистонда хизмат қилинг, Тошкентда военний училишени битирган экансиз деб. Кейин 1992 йил феврал ойида дадам бу ерга келган хизмат қилишга, дейди Алишер.

1992 йили Россия армиясида хизмат қилаётган подполковник Тўлқин Қорабоев Мудофаа вазирлигининг таклифини қабул қилиб, 1992 йилнинг февралида Ўзбекистонга келади ва бу мамлакат Қуролли Кучлари сафидаги хизматини бошлайди. (Санани эслаб қолинг – муҳим)

Тўлқин Қорабоев Ўзбекистон армиясида 12 йил хизмат қилиб, полковник унвони билан истеъфога чиқди.

Отаси билан Ўзбекистонга кўчиб келганида 1978 йилнинг 16 ноябрида туғилган Алишер ҳали 14 га кирмаган эди. (Бу ҳам муҳим)

Алишер аввал Ўзбекистоннинг ҳарбий лицейида ўқиди

Орадан бир йил ўтгач, Алишер ота касбини танлаб Республика ҳарбий лицейига ўқишга киради.

- Суворовский училише дейилади у. 1993 йилда кириб 1996 йилда битирдим, дейди Алишер.

Ҳарбий лицейни битиргач ҳарбий билим юртда ўқиди

- 1996 йил мен Ташкентский высший общевойсковой командной училишега кирдим. 2000 йил битирдим. Менга лейтенант унвонини беришди, дейди Алишер.

Лейтенант Қорабоевни хизматга ҳам қабул қилишди.

- 2000 йилдан 2008 йилгача мен Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида ишладим. Охирги унвоним капитан, дейди Алишер.

Контракт бузилди

Капитан Қорабоевнинг муаммолари навбатдаги ҳарбий унвонни кутаётган пайтда пайдо бўлади.

- 2008 йил майор унвонини олишим керак эди. У пайт менга виписка келди что менда Ўзбекистон фуқароси йўқ деб мени ишдан бўшатиб юборишди.

Озодлик: Қўлингизда Ўзбекистон фуқароси деган паспорт бўлганми?

- Йўқ, бўлмаган. Военнийларда паспорт бўлмайди. Удостоверение личности офицера бўлади. Военний училишеда военний билет бўлади.

Озодлик: Сиз Ўзбекистон фуқароси эмасмисиз?

- Ҳозир шунақа чиқаяпти. Законларни ўқисак, мен Ўзбекистон фуқаросиман, дейди Алишер.

Капитан Қорабоев айтаётган қонунга бироз туриб тўхталамиз.

Ҳозир эса, навбатдаги савол.

Озодлик: Сизни ҳарбий хизматдан бўшатиб юборëатганда нима деб тушунтиришди?

- Менга ўзи 2006 йил мен билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги контракт тузди беш йилга. Контракт о прохождении военного служба офицерском составом деб. 2008 йилда контрактни бузиб мени ишдан бўшатиб юборишди. Сабаби менда Ўзбекистон фуқароси йўқ деб.

Озодлик: Шунақа деб қўлингизга қоғоз беришдими?

- Випискам бор. У ерда ëзилган расторжение контракта по инициативе одной сторон. Мен ундан кейин обрашатся қилганман органларга. Ҳамма жойдан менга расмий қоғоз келган что сизда Ўзбекистон фуқароси йўқ деб.

Озодлик: Мен ўзбекман демадингизми?

- Айтдим. Ҳамма жойга ëздим. Мен ўзбекман, шунинг учун хизмат қилдим. Агар училише билан бирга ҳисобласак, менда 12 йил хизматим бор армияда. Ҳамма жойга ëздим. Мени нима учун бўшатиб юборишди, менга тушунтириб беринглар, десам, ҳеч ким тушунтирмаяпти, деди 4 йилдан бери ишсиз юрган капитан Қорабоев.

Мудофаа вазирлиги нима деди?

Алишер Қорабоевнинг муаммоси юзасидан Ўзбекистон мудофаа вазирлиги Кадрлар бошқармаси билан боғландик.

Бошқарманинг ўзини “навбатчиман”, деб таништирган ходими саволларимизга жавоб берди.

Навбатчининг айтишича, Алишер Қорабоевнинг қўлида фуқаролик паспорти йўқ эканлиги ҳайрон қоладиган ҳолат эмас.

- Паспорти бўлмаслиги мумкин.

Озодлик: Мумкин-а?

- Мумкин, да. Унақалар бор. Ўша вақтда у ҳарбий лицейларга кирган. Ундан прямой ўтган и шу билан ҳарбий билет билан келаверган.

Озодлик: Дефакто Ўзбекистон фуқароси бўладида у.

- Официално улар хат ëзиши керак бўлганда улар президент номига мурожаат қилиб. Бу бўйича ҳозир даннийларни сўраб беришимиз мумкин. Олдин ўрганишимиз керак қачон нима бўлган. Чунки бизда даннийлар борку.

Озодлик: Принципда Ўзбекистон фуқароси эмассиз деб хизматдан бўшатиб юборишинглар мумкинми?

- Битта у билан менимча бўлмайди. Чунки бошқа нарсалар ҳам бўлгандир. Балки айтмагандир. Билмадим у нарсани. Шунинг учун уни кўриб чиқишимиз керакда олдин архивдан.

Озодлик: Мен Алишердан “Сизга ўхшаган Ўзбекистон фуқароси эмассан деб бўшатилганлардан яна борми?” деб сўрасам, “Ҳа, бор. 5-6тасини танийман” деди. Демак, бу Мудофаа вазирлигидаги сиëсат бўлиб чиқаяпти. Шундай сиëсат борми?

- Унисини билмадим лекин. Буйруқ бўлиши мумкин, лекин хизматга бориш учун Ўзбекистон фуқароси бўлиши шарт. Ўқишга киради, ҳарбий хизматга боради.

Озодлик: СССРдан мерос қолган фуқаролар бўлсачи?

- Улар ўтадида барибир. Хат билан чиқади президент номига, дейди
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Кадрлар бошқармаси ходими.

Қонун нима дейди?

“Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунни мамлакат президенти 1992 йилнинг 2 июлида имзолаган.
Маълумки, қонунларнинг кучи улар қабул қилинган кундан олдинги даврга таъсир қила олмайди.

Капитан Қорабоев ҳақиқат излар экан, масаланинг айнан шу жиҳатига эътибор қаратишимизни сўради.

Яъни унинг отаси подполковник Тўлқин Қорабоев Ўзбекистонга бу мамлакат Ҳукумати таклифига биноан (мудофаа вазирлиги тимсолида) 1992 йилнинг февралида, фуқаролик тўғрисидаги қонун имзоланишидан камида 4 ой олдин келган.

Демак, подполковник Қорабоев илгари СССР фуқароси бўлган барча ўзбекистонликлар каби автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаросига айланиши мумкин эди. (Қонуннинг 4-моддасига қаранг)

Ўзбекистон учун ўгай оила

Капитан Қорабоевнинг айтишича, унинг отаси, мустақил Ўзбекистон армиясига 12 йил хизмат қилган истеъфодаги полковник Тўлқин Қорабоев ҳам расман Ўзбекистон фуқароси эмас. Унинг қўлида “фуқаролиги йўқ шахс”, деган ҳужжат бор.

Алишернинг онаси фуқаролик сўраб мурожаат қилганига 5 – 6 йил бўлиб қолди. Жавоб ҳанузгача йўқ.

“Иложим йўқ бошқа!”

4 йилдан бери ишсиз юрган капитан Алишер Қорабоевдан тирикчилиги қандай ўтаётганини сўрадик.

- Тирикчилик кўчада. Онам пенсия олади. Мен қаердадир вақтинча иш топаман. Стройкадами бир жойда иш топиб шундай ишлаб озгина пул топиб оилани боқаяпмиз.

Озодлик: Мана сиз Мудофаа вазирлиги билан боғлиқ масалани чиқараяпсиз оммавий ахборот воситасига. Эртага проблема бўлишидан қўрқмайсизми?

- Энди шунчадан бери юра олаяпман. Уже қўрқмаяпман. Нима қилатй. Иложим йўқ бошқа, дейди Алишер.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:52 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG