Линклар

logo-print

Ҳуқуқ фаоллари француз кино юлдузи Жерар Депардени шафқатсиз ўзбек диктаторининг қизи қаламига мансуб сценарий асосида олинажак филмда рол ўйнамасликка чақирмоқда.

Жерар Депардe Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова сценарийси бўйича суратга олинадиган филмда рол ўйнашга розилик бергани ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан Франциядаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева француз актёрини бу аҳдидан қайтишга чақирди.

Мўътабар Тожибоева француз актёрига очиқ хат йўллади

Мўътабар Тожибоева француз актёрига очиқ хат йўллади

- Ислом Каримов режимининг репрессив табиатини, Каримовлар оиласининг обрў-эътибори сохталиги ва диктаторлик режимида мансабдор шахс бўлган Гулнора Каримованинг ролини ҳисобга олган ҳолда, актёр Жерар Депардени бу режим билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишга, унинг лойиҳаларида иштирок этмасликка чақирамиз, - деб таъкидлади Тожибоева француз актёри номига йўллаган очиқ хатида.

Хабарларга кўра, Гулнора Каримова сценарийси асосида олинажак филм воқеалари тарихий V-VI асрларга тааллуқли бўлиб, Жерар Депарде унда европалик руҳоний образини яратиши кутилмоқда.



Янги филм устида ишлар кетаётгани боис, нима учун филмга айнан жаноб Депарде танлангани, француз актёрига қанча миқдорда ҳақ тўланиши, филмнинг бюджети ва бошқа маълумотлар берилмаган.

- Депардега бўлажак филмдаги роли учун ваъда қилинган гонорар, табиийки, у оддий сценарий муаллифлари ва продюсерларнинг оддий филмларидаги роллар учун бериладиган оддий гонорардан анча кўп бўлади ва бу ўзбекистонлик оддий одамлар уқубати ва мусибати эвазига жамғарилган, халқаро миқёсдаги турли фирибгарлик йўллари билан ювилган пуллардир. Сўнгги пайтларда айнан Гулнора Каримова иштирокида ана шундай ишлар амалга оширилгани атрофида шов-шувлар бунга мисолдир, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси FIDH ҳам бу акцияга қўшилишини билдирди.


Франциядаги FDIH ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Саша Кулаева

Франциядаги FDIH ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Саша Кулаева

- Француз жамоатчилиги эътиборини Жерер Депарденинг мазкур филмда рол ўйнаши билан боғлиқ ҳолатга қаратган Мўътабар Тожибоева мурожаатини тўлалигича қўллаб-қувватлайман. Биз жаноб Депарденинг агентларига чиқиб, бу мурожаатни унга етказамиз, - дейди FIDH вакили Саша Кулаева.

Жерар Депарде собиқ Совет Иттифоқи республикаларида йўлга қўйилган лойиҳаларда илк бор иштирок этаётгани йўқ.

Ўтган ой у инсон ҳуқуқларини сурункали поймол этишда айбланган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг туғилган куни шарафига ўтказилган кечада ҳам иштирок этганди.

Француз актёрининг Россия президенти Владимир Путин билан ҳам яқин дўстона алоқалари борлиги айтиб келинади.

- Очиғини айтсам, Жерар Депарденинг ўзбек диктатори қизи филмида суратга тушиши ҳақидаги хабардан ҳайрон қолганим йўқ. Сабаби Депарде сўнгги пайтларда айнан ҳуқуқ фаоллари танқидларига учраган сиёсатчилар билан оғиз-бурун ўпишадиган шахс сифатида ном чиқарди. Бунга мисол сифатида - октябр ойида Депарденинг қотиллик ва одамларни олиб қочганлик айбловлари бўйича Австрия маҳкамаси сўроқ қилишни истаган Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров туғилган кунида қатнашиши катта жанжалга сабаб бўлганди. Ўша зиёфатда Депарде рус тилида "Рамзон Қодировга шон-шарафлар бўлсин" деб, ҳамд-санолар айтганди, - дейди Саша Кулаева.

Жерар Депарде Гулнора Каримова тадбирларида иштирок этишга рози бўлаётган дастлабки юлдуз эмас.

Бундан олдин ҳам Каримова хоним томонидан ташкил қилиниши айтиладиган Ўзбекистондаги дабдабали маросимларда дунёнинг кўплаб машҳурлари иштирок этишган.


Турк актёри Холит Эргенч ўзбек маликаси ҳузурида

Турк актёри Холит Эргенч ўзбек маликаси ҳузурида

Ўтган ой туркиялик актёр Холит Эргенч Каримова хонимнинг Style.uz ҳафталиги тадбирида иштирок этди.

"Муҳташам юз йил" сериалида Султон Сулаймон роли билан машҳур бўлган Эргенч Гулнора Каримованинг "Guli" бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган "Victorious" номли биринчи атири рекламасида қатнашишга ҳам розилик берган.

Бундан аввал британиялик рок мусиқаси юлдузи Стинг 2009 йилда Тошкентдаги "муҳташам кечада Гулнора Каримовага қўшиқ куйлагани учун" танқидлар остида қолган эди.

2008 йили испаниялик машҳур қўшиқчи Хулио Иглесис Тошкентдаги Мода ҳафталигида иштирок этган, у ҳам Гулнора Каримова билан "Бесаме мучо" қўшиғини бирга куйлаганди.

Португалиялик футбол юлдузи Криштина Роналдунинг 2009 йилда Тошкентга келишига ҳам Каримова ҳомийлик қилгани айтилади.


Даниялик журналист Майкл Андерсон

Даниялик журналист Майкл Андерсон

- Беш йил аввал Роналду каби футболчилар Тошкентга бориб, тўп тепиб қайтишган, Стинг каби санъаткорлар Гулнора Каримова тадбирлари тўрида ўтиришган. Лекин бугун Каримованинг кимлиги бутун дунёга маълум бўлиб бўлди-ку. Швециядаги ширкат ўзбек диктаторининг тўнғичига бу мамлакатда бизнес қилиш учун миллионлаб доллар пора бергани билан боғлиқ жанжал кучайган бир кезда Депарденинг Каримова сценарийси бўйича рол ўйнашга розилик бергани мени ҳайрон қолдиради. Бу ғирт фоҳишаликнинг ўзи, - дейди даниялик журналист Майкл Андерсон.

"Балки француз актёри масаланинг бу томонини билмас?" деб сўраймиз Андерсондан.

- Бу ҳақда билмаслик учун фақат Марсда яшаш керак. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир актёр у ёки бу филмда рол ўйнашга розилик беришдан олдин ким билан иш қилаётганини билиш учун Интернетни титкилаб кўради. Ўзбекистонда Каримов режимининг асл башараси ҳақида маълумот олиш эса жуда осон. Ўтган йили Лола Каримованинг журналист устидан даъвосини кўриб чиққан француз маҳкамаси ҳам Каримовни диктатор, деб аташ тўғри экани ҳақда ҳукм чиқарганди, - дейди Андерсон.

Озодлик Жерар Депардедан изоҳ олиш учун унинг агентларига ҳам хат билан мурожаат этди. Ҳозирча мазкур хатга жавоб келгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG